Абитуриентлар учун муҳим янгилик: Президент қарори билан янги университет ташкил этилди

Абитуриентлар учун муҳим янгилик: Президент қарори билан янги университет ташкил этилди

“Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида Геология фанлари университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, геология соҳасида таълим, илмий-тадқиқот ва амалиёт интеграциясига ихтисослашган, Давлат геология қўмитаси таъсисчилигида давлат муассасаси шаклидаги Геология фанлари университети (Университет) ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди.

Университет Давлат геология қўмитаси, тоғ-кон саноати корхоналари ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари учун геология йўналишидаги малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини бажариш бўйича республиканинг ихтисослашган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

Университетга талабалар Давлат геология қўмитаси буюртмаларига асосан шакллантириладиган ва ҳар йили тасдиқланадиган республика ОТМларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

Талабалар Ўзбекистоннинг давлат таълим стандартлари асосида геология ва кончилик йўналишидаги етакчи хорижий ОТМлари, шу жумладан, Санкт-Петербург кончилик университетининг қўшма таълим дастурлари бўйича, улар билан эришиладиган келишувларга мувофиқ ўқитилади.

Қарор билан Университетнинг Геоинновацион технологиялар маркази ташкил этилди, шунингдек Университетнинг Васийлик кенгаши таркиби тасдиқланди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар