Биржада цемент нархи яна 5 фоизга пастлади

Биржада цемент нархи яна 5 фоизга пастлади
Жорий йилнинг 20-24 июлларида ўтказилган савдо натижаларига кўра, барча маркали цементнинг ўртача нархларида ҳар куни бир маромда пасайиш кузатилиб, ҳафта якуни билан маҳсулотнинг бир тоннаси учун нархлар 891,4 минг сўмдан 848,5 минг сўмгача, яъни 5 фоизга пасайди. Бу ҳақда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси матбуот хизмати хабар қилди.
Кўриб чиқилаётган даврда биржа савдоларига жами 211,5 минг тонна цемент қўйилган бўлиб, улардан 208,0 минг тоннаси, яъни 98,4 фоизи сотилган. Жумладан, форвард шартномалари асосида 2,5 минг тонна цемент биржа савдоларига қўйилди ва уларнинг барчаси сотилди. Форвард шартномаси асосида сотилган цементнинг нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 855,0 минг сўмни ташкил қилди.
Айни пайтда биржада цемент учун нархлар фақатгина ҳақиқий бозор тамойиллари асосида талаб ва таклифга кўра шаклланиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, 23 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Цемент импорти тартибини соддалаштириш ҳамда ички бозорни сифатли цемент билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, эндиликда, республикага олиб кириладиган цементни эркин муомалага чиқаришни соддалаштирилган тартиб асосида амалга ошириш амалиёти қўлланилади.
Бундан ташқари, келаётган ҳафтада йиллик умумий цемент ишлаб чиқариш қуввати 500 минг тонна бўлган “Бекабодцемент” АЖ Янгийўл майдалаш цехининг маҳсулотлари ҳам биржа савдоларига қўйилиши режалаштирилган.
Юқорида кўрсатилган қарорнинг қабул қилиниши ҳамда янги ишлаб чиқариш қувватларининг ишга тушиши ички бозорни сифатли цемент маҳсулотлари билан тўйинтириш ва цементнинг амалдаги нархларини арзонлаштиришга олиб келиши кутилмоқда.
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар