ЕТТБ коронавирус пандемиясининг иқтисодий оқибатларини пасайтириш борасида Ўзбекистонга молиявий кўмак кўрсатади

ЕТТБ коронавирус пандемиясининг иқтисодий оқибатларини пасайтириш борасида Ўзбекистонга молиявий кўмак кўрсатади

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти С.Чакрабарти билан коронавирус пандемиясининг Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларга таъсирини юмшатиш бўйича қабул қилинган чора-тадбирларни видеоконференция шаклида муҳокама қилди.

С.Чакрабарти Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида аҳолини пандемиядан ҳимоя қилиш ва унинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга оширилганини эътироф этди.

Мулоқотда банк президенти вирус тарқалишига қарши кураш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини ошириш ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлади. ЕТТБ томонидан молиялаштириш мобилизация қилиш йўли орқали амалга оширилишини маълум қилди.

Конференцияда С.Чакрабарти Ўзбекистон сўровига жавобан, кўмаклашишнинг биринчи босқичида ЕТТБ томонидан шакллантирилган Бирдамлик пакети (Пакетнинг умумий қиймати 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида) ҳисобидан Ўзбекистоннинг 4 та тижорат банкларига умумий қиймати 220 миллион АҚШ долларига тенг кредит ва савдони молиялаштириш линиялари тақдим этилишини маълум қилди. Ушбу маблағлар кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади.

Шу билан бирга, мулоқотда карантин шароитида аҳоли ва корхоналарнинг коммунал тўловларни тўлаш қобилияти ва имконияти пасайгани оқибатида молиявий қийинчиликка дуч келган ҳудудий коммунал корхоналарнинг айланма капиталини қўллаб-қувватлаш мақсадида ЕТТБ маблағларини жалб қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар