Карантиндан кейин ҳам тўйларни 30 киши билан ўтказиш таклифи илгари сурилди

Карантиндан кейин ҳам тўйларни 30 киши билан ўтказиш таклифи илгари сурилди

Ўзбекистонлик ёшлар тўй маросимларини карантиндан кейин ҳам 30 кишилик тартибда ўтказилишини сақлаб қолиш таклифи билан “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталига петиция жойлаштиришди.

Мурожаат муаллифининг таъкидлашича, кўпчилик карантин вақтида тўй ўтказиш учун ўрнатилган 30 кишилик меъёрнинг доимий сақланиб қолишини хоҳламоқда.

“Шу сабабли, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қўшма қарорида белгиланган тўйларга 200 кишидан ортиқ меҳмон чақирмаслик ҳақидаги қоидани “30 кишилик” деб ўзгартиришни таклиф қиламан”, дейди мурожаатчи.

Қайд этилишича, Тўй тараддудида юрганларнинг кўпчилиги шу кунларда тезроқ тўйини ўтказишга шошиляпти. Ёшлар ҳам бунга қаршилик қилаётгани йўқ.

“Тўйларни ихчам, дабдабабозлик ва исрофгарчиликларсиз ўтказишни ҳамма хоҳлайди. Аммо, бирор қонун ёки қарор билан тасдиқланмаса, 200 кишига тўй қилинаверади. 200 кишилик тўйларга кетадиган сарф-харажат 500-600 кишилик тўйларникига тенг бўлиб қолади. Тўй қиламан деб қарзга ботиб, эртаси куни куёв бола ёки унинг отасининг хорижга кетаётганлик ҳолатлари ҳам кам эмас. Ҳатто, бунинг ортидан жиддий касалликлар орттириб олинаётган ҳолатлар ҳам мавжуд”, дейди мурожаат муаллифи.

Мурожаатчи Абдулла Авлонийнинг юз йил олдин ёзиб қолдирган “Ўзбек халқини тўй балосидан қутқаринг”, деган сўзлари бугунги кунимиз учун ҳам айни ҳақиқатдир, дея эслатиб ўтган.

“Тўй қилиш, буни кўпчиликка маълум қилиш яхши, лекин бу оиланинг келажагига ёмон таъсир ўтказади. Шу тўйга аталган пулларга ёшларни уй-жой билан таъминлашга, оиласининг молиявий аҳволини яхшилашга, таълим олишига шароит яратиб берсак, қанчалик бахтиёр оилани тузган бўламиз. Қанчадан-қанча оилалар иқтисодий аҳволи туфайли ҳозир тўй қила олмаяпти. Менимча, 30 кишилик тўйни доимий қилиш вақти келди”, дейди муаллиф.

У Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарорида белгиланган тўйларга 200 кишидан ортиқ меҳмон чақирмаслик ҳақидаги қоидани “30 кишилик” деб ўзгартиришни таклиф қилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар