Монополияга қарши курашиш қўмитаси 1 трлн сўмлик битимларга олдиндан розилик берди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси 1 трлн сўмлик битимларга олдиндан розилик берди

Йил бошидан 1 июлгача бўлган муддат давомида Монополияга қарши курашиш қўмитасига хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ёки қўшиб олиш, шунингдек, субъектларнинг акцияларини олиш бўйича битимларга олдиндан розилик бериш бўйича жами 64 та мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ахборот хизмати хабар берди.

1 июль ҳолатига кўра, келиб тушган 64 та мурожаатларнинг 14 таси хўжалик юритувчи субъектларни қўшиб юбориш ва қўшиб олиш юзасидан, 50 таси эса устав фондидаги (капиталидаги) акцияларни олишга доир мурожаатлар ҳисобланади. Ушбу мурожаатларнинг 18 таси хорижий инвесторларга тегишли.

2019 йилнинг мос даврида ушбу масалалар бўйича келиб тушган мурожаатлар сони 106 та бўлган.

Шу билан бир қаторда «Рақобат тўғрисида"ги қонун талабларини бузганлиги учун, яъни хўжалик юритувчи субъектнинг устав фондидан улуш олишда монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олмасдан амалга оширилган битим сабабли 2 та хўжалик субъектига нисбатан иш қўзғатилди.

Йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида қўмита томонидан жами 1 трлн сўмлик битимларга олдиндан розилик берилди, шундан 479 млрд сўмлик битимлар хорижий инвесторлар ҳиссасига тўғри келади.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси шундай йирик битимларнинг бир нечтасини келтириб ўтди:

  • ТОО «Моторная компания «Астана-Моторс» (Қозоғистон) томонидан «HYUNDAI AUTO ASIA» МЧЖ ҚКнинг устав фондидаги 70 фоиз улушини олишига;
  • «Астана-Моторс» компаниясининг асосий фаолияти автомобиллар реализацияси ва уларга техник хизмат кўрсатиш ҳисобланади;
  • «ANGLESEY INVESTMENTS PTE. LTD.» компанияси (Сингапур) томонидан «ANGLESEY FOOD» МЧЖ ХКнинг устав фондидаги 100 фоиз улушини олиш;
  • «ANGLESEY FOOD» МЧЖ ХКнинг фаолият тури ихтисослашган дўконларда бошқа янги товарлар чакан савдоси ҳисобланади;
  • AGROMIR BUKHARA" МЧЖ ҚК ва «AGROMIR CHUST» MЧЖ ҚКни «AGROMIR» МЧЖ ҚКга қўшиб юбориш.

Айни бир таъсисчиларга эга бўлган, «Агромир» компаниялар гуруҳига кирувчи Бухоро, Наманган ва Самарқанд вилоятларида жойлашган ушбу корхоналарнинг фаолият тури мева ва сабзавот шарбатларини ишлаб чиқариш ҳисобланади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар