“Ўзбекгидроэнерго” АЖ “ISO 50001 Энергетика менежмент тизимлари” халқаро стандартига эга бўлди

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ “ISO 50001 Энергетика менежмент тизимлари” халқаро стандартига эга бўлди

“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти таркибидаги корхоналар Ўзбекистонда биринчи бўлиб “ISO 50001 Энергетика менежмент тизимлари” халқаро стандартини жорий этишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда АЖ матбуот хизмати хабар қилди.

Жамият мутасаддиларининг айтишича, бунинг учун тизимда пухта тайёргарлик кўрилиб, саккиз босқичли чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу ишлар сертификатлаштириш бўйича масъул ҳисобланган “Management Certification” халқаро ташкилоти ҳамда “Ўзстандарт” агентлиги мутахассислари билан ҳамкорликда олиб борилгани ўз самарасини берди.

Дарҳақиқат, соҳа мутахассислари томонидан энергетика менежментининг асосий мақсад ва вазифалари, тизим олдига қўйилаётган талаблар бўйича кенг тушунтиришлар бериб борилди. Масалан, “Ўзбекгидроэнерго” тизимидаги каскад ва ГЭСларнинг 30 нафар мутахассиси “Smart Managemеnt” консалтинг компаниясининг янги стандартни амалиётда қўллаш масалаларига бағишланган ўқув курсига жалб этилиб, уларга ўқув якунида халқаро сертификатлар тақдим этилди.

Энг асосийси, тизим ташкилотларида ISO 50001 халқаро стандартини жорий қилишнинг дастлабки босқичида зарур бўлган “Энергетика менежменти соҳасидаги сиёсат ва бошқарув”, процессуал ҳужжатлар, ишчи йўриқномалар ишлаб чиқилди. Мазкур энергетик ҳужжатлар экспертизадан сўнг тасдиқланиб, ўрнатилган тартибда жорий этишга киритилди

Бундан ташқари, 2020 йил март-апрель ойлари мобайнида “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг 13 та корхонасида энергетик аудит ўтказилиб, аниқланган камчиликлар аудит жараёни якунига қадар бартараф қилинди, зарурий тузатишлар киритилди. Пировардида ушбу 13 корхонага O`zDSt ISO 50001:2019 “Энергетика менежменти тизими. Қўллаш бўйича талаб ва йўриқномалар” миллий мувофиқлик стандартлари бўйича сертификатлари ҳамда ISO 5000: 2018. “Энергетика менежменти тизими. Қўллаш бўйича талаб ва йўриқномалар” стандарти бўйича халқаро сертификатлар тақдим этилди.Тошкент, Самарқанд, Шаҳрихон, Ўрта Чирчиқ, Қуйи Бўзсув, Чирчиқ ГЭСлар каскади унитар корхоналари ва бир қатор ГЭСлар шулар жумласидан.

Таъкидлаш керакки, “ISO 50001 Энергетика менежмент тизимлари” халқаро стандартининг қўлланилиши ташкилот ва корхоналарга энергетика хусусиятларини, шу жумладан, энергетика самарадорлиги, энергиядан фойдаланиш ва энергия истеъмоли самарадорлиги учун зарур бўлган тизимлар ва жараёнларни яратиш имконини беради. Нега деганда, ушбу стандарт ташкилотнинг энергетика менежменти тизимига (ЭМТ) нисбатан аниқ талабларни белгилайди ҳамда ташкилот бошқаруви остида амалга оширилаётган фаолиятга нисбатан қўлланилади. Унинг қўлланилиши ташкилотга хос бўлган талабларга, жумладан, ташкилот тизимининг мураккаблик, маълумотларни ҳужжатлаштириш даражаси ва мавжуд ресурсларга мос келиши учун мувофиқлаштирилиши мумкин.

Мазкур стандарт ЭМТнинг қўлланилиш соҳаси ва чегараси доирасида энергиядан фойдаланувчи бинолар, иншоотлар, тармоқлар, жиҳозлар, тизим ёки жараёнларни лойиҳалаштириш ва харид қилишга нисбатан қўлланилади. ЭМТни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш ўрнатилган ҳуқуқий ва бошқа талабларга риоя қилган (бажарган) ҳолда ташкилотнинг энергетика самарадорлиги, энергиядан фойдаланиш ва энергия истеъмолига доир сиёсати, мақсад ва вазифалари, ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни ўз ичига олади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар