«Ўзкомназорат» огоҳлантиради: Ўзбекистонда фирибгарлар Телеграм фойдаланувчиларини алдашга уринмоқда

«Ўзкомназорат» огоҳлантиради: Ўзбекистонда фирибгарлар Телеграм фойдаланувчиларини алдашга уринмоқда

«Ўзкомназорат» давлат инспекцияси Ўзбекистонда Телеграмда турли телефон рақамларига махфий кодлар воситасида ахборотларни ўғирлаш мақсадида фирибгарларнинг ҳужумлари кузатилгани ҳақида хабарлар тарқалганига муносабат билдирди.

«Ўзбекистонда Телеграм фойдаланувчиларининг аккаунтларига кириб олиб, шахсий маълумотларни ўғирлаш ёки аккаунтни қайтариб бериш эвазига мўмай пул ишлашга уринаётган мобил фирибгарлар пайдо бўлган ва бу каби вазиятлар ҳақида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам маълум қилган.

Фирибгарлик схемасига кўра фойдаланувчига мобил алоқа операторининг расмий рақамидан қўнғироқ қилиниб, COVID-19 коронавирус инфекцияси ҳақида ўта содда ва жавоби осон саволлар бериладиган қисқа викторина ўтказилади. Ғолибга пул ўтказиб бериш ваъда қилинади. Фойдаланувчи ютуғини олиши учун Телеграмга келган махфий кодни айтиши лозим. Мессенжерга келган сирли рақамни ошкор қилиш, фирибгарларнинг аккаунтга кириб олишига шароит яратади. Блогер ёки канал администраторининг аккаунтига кириб олган фирибгар у ердаги маълумотларни ошкор қилмаслик учун пул талаб қила бошлайди. Оқибатда ўзини викторина ғолиби бўлдим, деб ўйлаган фойдаланувчи фирибгарлик қурбонига айланади», дейилади инспекция хабарида.

Мутахассислар тавсиясига кўра, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун Телеграмда икки томонлама аутентификацияни ўрнатиш зарур. Бу Телеграмдан келган махфий рақамдан ташқари аккаунт паролини ҳам киришни сўрайдиган ҳимоя тизими.

Инспекция хабарига кўра, шунга ўхшаш фирибгарлик схемалари МДҲга аъзо бошқа мамлакатлар ҳудудларида ҳам кузатилган.

Инспекция Телеграм фойдаланувчиларидан ахборот хавфсизлиги бўйича тавсияларга риоя қилишни, телефон орқали бегона рақамдан қўнғироқлар бўлиб, шубҳали викториналар ўтказилиш ҳолатлари кузатилганида мессенжер орқали махфий код юборилиб, уни айтиш сўралганида бегона шахсларга маълумотни ошкор этмасликни, фирибгарлик схемаларидан огоҳ бўлишни сўраган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар