Токио 2020: Илк маротаба Олимпиада ўйинларида спортчиларимиз ўзбек бренди либосларида иштирок этишади.

Токио 2020: Илк маротаба Олимпиада ўйинларида спортчиларимиз ўзбек бренди либосларида иштирок этишади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон спорт делегацияси учун спорт кийимлари жамланмаси дизайни яратиш ва уни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича бир қатор топшириқларни бажариш мақсадида Миллий Олимпия Қўмитаси, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, “Осиё рамзи” дизайнерлар уюшмаси вакиллари ва спорт кийимлари ишлаб чиқарувчи корхоналар иштирокида 2019 йил мобайнида бир қатор йиғилишлар ўтказилди ва танловлар ташкил этилди. Бу ҳақда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси матбуот хизмати хабар қилди.

Очиқ тарзда ўтказилган танловларда корхоналар ва мустақил дизайнерлар томонидан 100 дан ортиқ эскизлар тақдим этилди.

Спорт экипировкаларини дизайнини яратилиши жараёнида МОК вакиллари ва ҳар бир спорт турида қатнашадиган спортчилар фикрлари ва талаблари атрофлича ўрганилди, таниқли спорт брендлари маҳсулотлари, миллий терма жамоаларнинг турли йилларда тақдим этган либослари кўриб чиқилди. Қулайлик, эстетик устунлик, замонавий дизайн ва миллийликни акс эттирувчи сифатли маҳсулотларга эътибор қаратилди.

Жорий йилнинг 21 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати биносида мутасадди ташкилот раҳбарлари ва дизайнерлар иштирокидаги йиғилишда танлаб олинган Спорт экипировкалари, Олимпиада очилиш (ёпилиш) маросимлари учун расмий либослар, мухлислар (фан клуб) учун олимпиада ва республикамиз рамзлари туширилган махсус спорт кийимлар намуналари тақдим этилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон тўқимачилик саноати иқтисодиётимизнинг муҳим драйверларидан бири ҳисобланади. Жаҳон стандартлари асосида яратилаётган сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар бугунги кунда дунёнинг 50 дан ортиқ давлатларига қарийб 2 млрд. долларлик экспорт қилинмоқда. Корхоналаримиз томонидан яратилган маҳсулотлар жаҳон брендларига ҳам етказиб берилмоқда.

Спортчиларимизнинг айнан ўзбек тўқимачилик маҳсулотларида иштирок этиши бежиз эмас. Дунёнинг йирик спорт кийим ишлаб чиқарувчилари билан бир қаторда рақобат қилган ҳолда спортчиларимиз учун яратилган махсус кийимлар танлов ҳайъати аъзоларини бефарқ қолдирмади. Аввало, миллий маҳсулотларимизнинг спортчиларимиз томонидан кийилиши маҳсулотимизга бўлган талабни оширади ва миллий брендларимизнинг танилишига катта туртки бўлади. Бу бутун тўқимачилик саноатининг улкан ютуғидир.

Либослар яратилишида дизайнерлар асосий урғуни уларнинг қулайлиги, иссиқ ҳаво ва намликни ушлаш хусусиятлари, миллийлик ва ватанпарварлик руҳиятини акс этган ранглардаги замонавий дизайнга қаратишди.

Тақдимот сўнгида 2020 йил Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXII ёзги ва XVI параолимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон спорт делегацияси учун яратилган спорт кийимлари жамланмалари тасдиқланди.

Спортчиларнинг Олимпия ўйинларини очилиш ва якунланиш маросимларида кийиладиган либосларни яратиш “ Istiqlol Textil Dizayn” МЧЖ (“Ideal” бренди) га топширилди

Спортчиларнинг спорт кийимларини “Buka boxing sportwear” (BUKA бренди) корхонаси томонидан тақдим этилган нусхалари тасдиқланди ва спортчилар учун қўшимча равишда сумка, пайпоқ, сочиқ, бош кийими ва бошқа зарурий ашёлар тайёрланиши бўйича вазифалар юклатилди

Спорт ишқибозлари учун “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг “Шарқ либослари” Дизайн маркази томонидан тақдим этилган нусхалар тасдиқланди ва қўшимча равишда шарфлар, бош кийимлар ва ҳоказо маҳсулотлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар