Туғилганлик ҳақида электрон гувоҳнома ва ҳомиладор аёлларни электрон ҳисобга олиш: бир қатор давлат хизматларини проактив тарзда кўрсатишга ўтиш (Инфографика)

Туғилганлик ҳақида электрон гувоҳнома ва ҳомиладор аёлларни электрон ҳисобга олиш: бир қатор давлат хизматларини проактив тарзда кўрсатишга ўтиш (Инфографика)

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан, ҳомиладор аёлларни электрон ҳисобга олиш ва "Фарзанд туғилиши" комплекс хизматини жорий этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси оммавий муҳокамага қўйилди.

Электрон ҳукумат доирасида аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш ва узоқ давом этадиган, бир неча маротаба давлат муассасаларига мурожаат қилишни талаб қиладиган жараёнларини қисқартириш мақсадида, "Фарзанд туғилиши" комплекс хизматини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Ҳужжатга кўра, "Фарзанд туғилиши" давлат комплекс хизмати қуйидагиларни ўз ичига олади:

- боланинг туғилишини рўйхатга олиш ва туғилганлик ҳақида электрон гувоҳномани шакллантириш;

- боланинг электрон тиббий картасини яратиш;

- бола туғилганда бериладиган нафақани автоматик тайинлаш;

- давлат мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш учун навбатга қўйиш.

Лойиҳада ҳомиладор аёл ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасига қадар паспорт маълумотлари, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома ва турмуш ўртоғининг паспорти (агар аёл никоҳда бўлса), шунингдек, алоқа учун ўз маълумотларни тақдим этган ҳолда рўйхатдан ўтиши шарт эканлиги кўзда тутилган. Ҳомиладор аёл ва унинг турмуш ўртоғи тўғрисида маълумотларни шакллантириш, шунингдек, никоҳ ҳақида маълумотни тасдиқлаш идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда ахборот тизимида амалга оширилади.

Фарзанд туғилганидан сўнг, Аҳоли реестрида, унинг ҳаёти давомида ўзгармайдиган шахсий идентификация рақами генерация қилинади ва болага бириктирилади. Автоматик тарзда шакллантириладиган боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасининг қоғоздаги нусхасини боланинг ота-онаси туғруқхонада, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки давлат хизматлари марказлари орқали олишлари мумкин бўлади.

Шунингдек, давлат хизматларини кўрсатишда туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси ва бола туғилганда бир марталик нафақа олиш учун бериладиган ФҲДЁ органининг маълумотномаси талаб этилиши бекор қилиши режалаштирилмоқда.

Бир марталик тўловни автоматик равишда тайинлаш, бола туғилган кундан бошлаб 6 ойдан кечиктирмай мурожаат қилиш шарти билан амалга оширилади.

Ушбу моделнинг жорий этилиши ҳудудлар кесимида зарур вакциналар харид қилишни, мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим муассасаларини қуришни тўғри режалаштиришга, марказий равишда болалар туғилиши ҳақидаги маълумотларни автоматик бошқариш имконини берувчи тизимли ёндашувни амалга оширишга замин яратади. Бу эса ўз навбатида, аҳолига давлат хизматларини сифатли тақдим этиш учун асос бўлиб хизмат қилади ва инсон омилини истисно қилиш орқали болалар туғилишини ҳисобга олиш тизимининг аниқлигини оширади.

Лойиҳа муҳокамаси 2020 йил 11 мартгача давом этади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар