Рауф Салохўжаев: Инсон капитали тараққиёти замонавий иқтисодиётни ривожлантиришнинг ягона йўли

Рауф Салохўжаев: Инсон капитали тараққиёти замонавий иқтисодиётни ривожлантиришнинг ягона йўли

Жаҳон бозорида товарлар ва хизматлар ўртасида рақобат тобора кучайиб бораётган бир шароитда ривожланаётган мамлакатлар иқтисодиётини инновацион ривожлантириш технологик жиҳатдан ортда қолишни имкон қадар қисқартириш ва рақобатбардошликни таъминлашнинг деярли ягона йўли ҳисобланади. Ҳар қандай давлатнинг инновацион тараққиётдаги муваффақияти кўп жиҳатдан унинг инновациялар соҳасида давлат сиёсатини нечоғлиқ самарали олиб бориши ҳамда инсон капиталини сифатли шакллантиришига боғлиқ.

Бундан салкам бир ярим йил олдин тасдиқланган Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясининг бош мақсади – инсон капиталини тараққий эттиришдир. Мазкур ҳужжатда 2030 йилга келиб Ўзбекистонни Глобал инновацион индекс рейтингида жаҳоннинг 50 та илғор мамлакати қаторига киритиш асосий вазифалардан бири этиб белгиланди.

Таниқли иқтисодчи олим Рауф Салохўжаев UzAnalytics сайтига берган интервьюсида Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантириш истиқболлари ҳақида ўз фикр ва мулоҳазалари билан бўлишган.

Рауф Салохўжаев дастлаб Тошкент молия институтида, кейинчалик Бингемтон университети (Нью Йорк, АҚШ)да таҳсил олган. У халқаро “Scopus” мукофотининг уч карра совриндори, 2017 йилда дунёнинг юз нафар энг кучли ёш иқтисодчилари рўйхатига кирган. Айни пайтда Лондон Вестминстер университети докторанти, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети қошидаги Амалий тадқиқотлар маркази катта илмий ходими.

— Охирги бир неча йилда инсон капитали ҳақида кўп гапирилди, аммо унинг мазмуни ҳаммага ҳам аён эмас. Бу тушунчани сиз қандай изоҳлайсиз?

— Аввало, биронта ҳам мамлакат капиталсиз ривожлана олмаслигини айтмоқчиман. Олдинга интилиш учун сиз қандайдир ресурсни ишга солишингиз керак. Физика қонунияти ҳам шундай. Масалан, автомобиль бензин ёрдамида ҳаракатланади ва ҳоказо. Капитални мана шу ёқилғига қиёслаш мумкин. У табиий (ер ости ва усти бойликлари), инфратузилмавий (бино-иншоотлар, йўллар, бошқа турфа объектлар) ҳамда инсон капитали кўринишида бўлади.

Инсон капитали фақат интеллектуал қатлам ва интеллегенциядан иборат эмас. Бу тушунчага одамларнинг туриш-турмуши, саломатлиги, кайфияти, орзу-интилишлари, бир-бирига бўлган муносабати ҳам кириб кетади. Инсон капиталини шакллантиришда эрталаб уйқудан уйғонганда ўзингизни қандай ҳис қилишингиздан тортиб, атрофдагилар билан нечоғлиқ хушмуомала бўлишингизгача — иш унумдорлигини оширишга хизмат қиладиган жамики ҳолату ҳодисотлар муҳим аҳамият касб этади.

Ишонч категориясини олайлик. Агар фуқаролар давлат институтлари тугул, ҳатто ён қўшнисига ҳам ишонмаса, бу алалоқибат иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатади.

— Қандай қилиб?!

— Ишончсизлик муҳитида одамлар бизнес билан шуғулланиш, банкка омонат қўйиш ёки турли транзакцияларни амалга оширишдан чўчийди. Инновациялар қилиш ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Ваҳоланки, бундай фаолият тури ҳамиша хатарли саналган.

Инсон капиталини ривожлантиришга улкан сармояни сафарбар этиш ҳам ўзига яраша хатардир. Лекин ҳали биронта мамлакат бундан ютқазган эмас.

Йигирма-ўттиз йил муқаддам Осиё ва Африка давлатлари ривожланиш бўйича деярли бир хил даражада эди. Ҳозир эса, айтайлик, Конго ёки Эфиопияни Жанубий Корея ва Сингапур билан қиёслаб бўлмайди. Охиргилари инсон капиталига ўз вақтида эътибор қаратгани туфайли иқтисодий жиҳатдан юксалди.

— Инсон капитали универсал концепциями ёки ҳар қайси мамлакат унинг ўзига хос ва мос моделини яратгани маъқулми?

— Инсон капиталини юзага чиқариш икки жиҳатга боғлиқ. Биринчиси, биологик омил. Миллат характеридаги баъзи хусусиятлар наслдан-наслга ўтиши фанда исботланган. Жуда кучли қомусий олимларнинг авлодимиз. Бу эса ўзбек халқининг генетикаси инсон капитали учун мустаҳкам асос бўла олишини англатади.

Иккинчи омилга мамлакатда рўй бераётган жараёнлар — таълим сифати, илмий салоҳият, соғлиқни сақлаш тизимидаги ижобий ўзгаришлар ва бошқа индикаторларни киритиш мумкин. Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар шахсан ўзимда оптимистик кайфият уйғотмоқда.

Қизиғи, инсон капиталининг ягона ўлчови мавжуд эмас. Баҳолаш методологияси ва мезонлари ҳам ишлаб чиқилмаган. Шу боис дунёда инсон капиталининг универсал қолип-андазаси бор, деёлмайман. Мамлакат уни ўзи билганича, ички имкониятларидан келиб чиқиб яратгани маъқул, менимча.

— У ҳолда бошланғич имкониятларимиз қандай?

— Ислоҳотлар шиддатини пасайтирмасак, 15-20 йилдан кейин Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига етиб олишимиз мумкин. Биргина рақамни келтираман: Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 100 фоизи саводли. Ривожланаётган мамлакатларнинг барчаси ҳам бундай кўрсаткич билан мақтана олмайди. Демак, яхши позицияда турибмиз. Энди бор кучни тўплаб, баландга сакраш қолди. Бошқача айтганда, бизга мамлакатни инновацион рельсга қўя оладиган рақобатбардош кадрлар, сифатли таълим берувчи олий ўқув юртлари, замон билан ҳамнафас илм-фан тизими керак. Ўзбекистон мана шу соҳаларга салмоқли инвестиция киритиш орқали инсон капиталини юксалтириши мумкин.

Президент ташаббусига кўра, юртимизда 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном берилгани шахсан мени ғоят руҳлантирди. Сабаби бундай қарор ортида илмий салоҳият ва таълим-тарбияни янги Ўзбекистоннинг тамал тошига айлантириш истаги ётибди.

— Ўзбекистонда инсон капитали борасидаги режалар қанчалик аниқ ва тўлиқ шаклланган?

— Инсон капиталини бирданига яратиб бўлмайди. Бунга узоқ вақт керак. Ахир, бир йилда юртимизда мингта кучли олим етишиб чиқа олмайди-ку.

Биласизми, бинони қуришдан кўра унинг ичидаги жараёнларни изга солиш минг чандон машаққатли. Охирги йилларда Ўзбекистонда қабул қилган қонун ҳужжатларини таҳлил қилиб, давлатимиз қандай инсон капиталига эришмоқчи экани ҳақида аниқ тасаввурга эга, деган хулосага келяпман. 2019 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси, таълим соҳасига доир бир қатор қарор ва фармонлар, хусусан, жорий йилдан тажриба-синов тариқасида ўнта олий таълим муассасасининг ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтгани ва бошқа ислоҳотлар мамлакатнинг инсон капитали борасидаги позицияси қандайлигини кўрсатиб турибди. Бундан буёғига белгиланган вазифаларни комплекс равишда, тўғри ва қунт билан ижро этиш керак, холос.

Ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Масалан, мамлакатимизда яхши олимлар кўпайиши учун олий таълим тизимини кучайтириш, илмий кадрларни муносиб рағбатлантириш, уларга стимул яратиб бериш зарур. Тан олайлик, ёш авлод онгида олим бўлгандан кўра бозорда дўкон очиб, савдо билан шуғулланган маъқул, деган собит тушунча шаклланиб бўлди. Ўзбекистонда янгича фикрлайдиган мутахассислар қатлами юзага келмагунича инсон капитали ривожланмайди. Биз шундай даражага етишимиз керакки, болангиздан келажакда ким бўласан, деган саволга у муҳандис, олим, микробиолог, деб жавоб берсин.

— Расмий доираларда ёшлар илм-фанга қайтаётгани, фанимиз ёшараётгани ҳақида гапириляпти. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?

— Дарҳақиқат, ёшларнинг илм қилишга иштиёқи баланд. Бунга иқтидори ҳам, иродаси ҳам етади. Фақат истиқбол масаласи уларни иккилантирмоқда. Бугунги талаба олимликдан ҳеч бир наф кўраётгани йўқ. Давлатнинг ўзи йирик илмий лойиҳаларга буюртмачи ва харидор бўлиши керак, назаримда. Шунда олимлар яхши ҳақ олади, ёшларда эса стимул пайдо бўлади.

Илм-фан соҳасини бугунгидек фақат давлат бюджетидан, устига-устак, қолдиқ тамойили асосида молиялаштириш нотўғри. Бу бўйича жиддий ислоҳотлар қилиш зарур.

— Таълим ва фандан ташқари инсон капиталининг юксалишига бевосита таъсир кўрсатадиган бошқа соҳалар ҳам борми?

— Албатта. Улардан бири — тиббиёт. Халқ саломатлиги ва яшаш сифати ҳаминқадар бўлган жойда инсон капитали ҳақида гапириш мантиқсиз. Кўпгина тадқиқотларнинг кўрсатишича, одамлар узоқ умр кўрмайдиган мамлакатларда инсон капиталига деярли сармоя киритилмайди. Чунки ҳадеб касал бўладиган, еб-ичишида маза-матра йўқ инсон узоқ келажак ҳақида ўйламайди. У яна ўн-йигирма йил умр кўрармиканман, деган ўй-хаёл билан яшайди.

Билъакс, инсон капитали ривожланган давлатларда аҳолининг ўртача умр кўриш ёши юқоридир. Япония, Норвегия бунга ёрқин мисол. Бежиз эмаски, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасига, айниқса, оналик ва болалик муҳофазасига жиддий эътибор қаратмоқда. Менга қолса, аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш таълим ва фандаги ислоҳотлардан ҳам муҳим масала, деган бўлардим.

— Мамлакатлар иқтисодиёти инсон капиталини юксалтиришсиз ҳам тараққий эта оладими?

— Келинг, дунё тажрибасига юзланайлик. Баъзи Африка ва араб мамлакатлари фақат табиий хомашё (нефть, газ, олмослар)нинг экспорти ҳисобига аҳолига тўкин ҳаётни таъминлаб бермоқда. Таълим, инновациялар ҳақида эса кўп ҳам куюнмайди. Фақат битта лекини бор — бундай давлатлар ташқи бозор конъюктурасига ниҳоятда боғланиб қолган. Бошқача айтганда, уларнинг ихтиёри ўзида эмас. Жаҳонда энергетика ресурсларининг нархи арзонлашдими, тамом, табиий хомашё сотувчилари катта иқтисодий зарар кўра бошлайди.

Қайсидир давлатлар инсон капиталини четдан экспорт қилади. Бироқ бу жуда хатарли ва серхаражат сиёсат. Форс-мажор ҳолатларнинг юзага келиш эҳтимоли ҳам юқори.

Демак, ҳозирча инсон капиталини яратишдан бошқа мақбул вариант йўқ. Ҳолбуки, АҚШ, Германия, Британия, Жануби-Шарқий Осиё давлатлари айнан шу чиғириқдан ўтиб, ривожланди.

— Тахминингизча, Ўзбекистоннинг инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати қачон илк натижаларини бера бошлайди?

— Бу саволга аниқ жавоб бериш қийин. Чунки аввал айтиб ўтганимдек, инсон капиталининг таркибий қисмлари кўп. Масалан, илмий салоҳиятни ўстиришга ўн йилликлар талаб қилинади. Оналик ва болалик муҳофазасига доир ишлар (юқумли касалликлар профилактикаси, эмлаш тадбирлари, мамлакатда никотин миқдорини қисқариш кабилар)нинг самарасини эса нисбатан тезроқ кўриш мумкин.

Таълим соҳасидаги ислоҳотларни боғчалардан бошлаганимиз мени алоҳида қувонтиради. Юртимизда хусусий мактабгача таълим муассасалари очилмоқда. Бора-бора улар ўртасида рақобат юзага келиб, сифат ва савияга эътибор кучаяди.

Иқтисодий таҳлиллар 2030 йилгача республикада аҳоли даромадлари муттасил ортиб боришини кўрсатмоқда. Шунга мутаносиб равишда оилаларнинг даромади ҳам ортади. Бундай пайтда ота-оналар фарзандининг таълими, саломатлиги, маънавий камолотига кўпроқ сармоя киритиши илмий жиҳатдан исботланган. Айниқса, оила бюджетини аёл тасарруф этса, у боласини тез-тез шифокорлар кўригидан ўтказишга, ўз вақтида эмлатишга, қўшимча дарслар ёки тўгаракларга олиб боришга, китоблар сотиб олишга ҳаракат қилади.

Инсон капиталига эришиш йўлидаги ислоҳотлар институционал жиҳатдан секинроқ кечаётганидан хавотирдаман. Айтайлик, илм-фанимиз Европадагидек ривожланишини хоҳлаймиз-у, аммо негадир илмий-тадқиқот институтлари ҳали ҳам эски тизим бўйича ишлашда давом этмоқда. Қолаверса, олий ўқув юртларига мустақиллик бериш керак, деб ўйлайман. Улар профессор-ўқитувчилар ва илмий кадрларга юқори талаб қўя олсин, докторантурага қабулни кучайтирсин. Шунда ривожланиш бўлади!

— Айни чоғда Ўзбекистон инновацион экотизимни тўлақонли ишлатишга тайёрми? Бу борада 2020 йилда қандай ўзгаришларни кутиш мумкин?

— Инновацион экотизим ишлаб кетиши учун унда давлатнинг ролини минималлаштириш керак. Инновацияларни бозорга аслида вазирлик эмас, хусусий сектор олиб чиқади. Ҳукумат қонунчилик базаси ва институционал платформани яратиб беради, холос.

Статистика бўйича, ўнта стартап лойиҳадан атиги биттаси муваффақиятли чиқиши мумкин. Қолгани сармоя билан бирга “куйиб кетади”. Давлат шунча пулни ҳавога совуролмайди, ахир. Унинг бошқа харажатлари ҳам талайгина.

Иккинчидан, тадбиркорлик муҳитида давлат у қадар ҳам самарали менежер эмаслиги амалиётда кўп бор ўз исботини топган. Инновацион бизнесда-ку, айниқса. Ушбу турдаги фаолият билан креатив инсонлар шуғулланиши зарур.

Ўзбекистонда инновацион ишланмалар, стартаплар асосан давлат ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Бундай аҳволда инновацион экотизим тўлақонли ишлаб кетолмайди. Шу туфайли, фикримча, 2020 йилда Инновацион ривожланиш вазирлиги тадбиркорлар билан бевосита ишлаб, инновацион фаолиятга молиявий ташкилотлар, жумладан, банкларни жалб қилиши, хусусий венчур фондларини ташкил этишга кўмаклашиши керак.

Наргиза Умарова

Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar