Ўтказилган махсус тадқиқот пандемия оқибатлари қай даражада бартараф этилаётганлигини кўрсатмоқда

Ўтказилган махсус тадқиқот пандемия оқибатлари қай даражада бартараф этилаётганлигини кўрсатмоқда

Пандемия туфайли эълон қилинган карантин чекловлари дунё давлатларининг деярли барчасида аҳоли турмуш даражасига сезиларли равишда салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳолат табиий равишда Ўзбекистонда ҳам намоён бўлмоқда. Мамлакатимиз раҳбарияти аҳолининг карантин чекловлари туфайли вақтинча ишсиз қолган ёки ишлаб чиқариш ҳажмлари қисқариши оқибатида даромадлари камайган гуруҳларини қўллаб-қувватлаш борасида жуда катта тадбирлар ўтказяпти.

Лекин пандемия даражасининг ҳозирча тобора кучайиб бораётганлиги давлат органлари олдида аҳоли турли қатламларининг қай даражада зарар кўраётганлигини ҳаққоний аниқлаш масаласини кўндаланг қўймоқда.

Ана шу мақсадда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда «Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» лойиҳаси ташкил этилди ва у ўз тадқиқот натижаларини эълон қилди. Мазкур тадқиқотда иккала ташкилот биргаликда аҳоли турли қатламларига мансуб 1500 оилада махсус сўровнома ўтказилди.

Инқироз туфайли аҳоли турмуш даражаси қай даражада ўзгарганлигини аниқлаш тадқиқотнинг энг муҳим масалаларидан бири бўлди. Маълум бўлдики, ойлик олиб ишловчиларнинг иш билан таъминланганлик даражаси июнь ойида 2019 йил даражасига қайтди. Уй хўжаликларида ишдан айрилган ёки ишга чиқмаётган аҳоли миқдори апрель ойида 19 фоизни ташкил этган бўлса, бу рақам июнь ойига келиб сезиларли даражада ошди ва 3 фоизга тўғри келди.

Шундай ижобий ўзгариш аҳолининг ўзини-ўзи иш билан банд қилган қатламларида ҳам кузатилди. Яъни апрель ойида ўзини-ўзи иш билан таъминлаганлиги ҳақида хабар берганлар миқдори 67 фоиз бўлса, июнь ойида уларнинг улуши 26 фоизни ташкил этди.

Бундай ижобий ўзгаришлар юз бераётганлиги билан бир қаторда ҳали ишсиз ва даромадлари камайган одамлар сони ҳам аниқланди. Шу туфайли сўров-нома натижаларига кўра, пандемия даврида мамлакатимиз аҳолисининг иқтисодий қийинчиликни бошидан ўтказаётган 3,8 млн кишига турли шакллардаги ёрдам кўрсатилган. Бу миқдор мамлакатимиз аҳолисининг 11 фоизини ташкил этади.

Шу ўринда савол туғилиши аниқ. Яъни бу ёрдам қандай кўринишда кўрсатилган, деган савол туғилиши табиий бир ҳолдир. Сўровномада иштирок этган оилалар олинган ёрдам пул кўринишида бўлмаган нафақа ёки ваучерлар шаклида амалга оширилганлигини қайд этишди.

Сўровномада яна шу ҳолат маълум бўлдики, кўрсатилган ёрдамнинг катта қисми шаҳар аҳолисига тўғри келяпти. Буни қишлоқда ўзини ўзи боқиш имкониятлари шаҳарга нисбатан кўпроқ эканлиги билан изоҳлаш мумкин.

Тадқиқотда аҳоли харажатлари миқдори қай даражада ўзгарганлиги масаласи ҳам ўрганилди. Маълум бўлдики, сўровномада қатнашган оилаларнинг 60 фоиздан кўпроғида охирги 30 кунда олдинги даврларга нисбатан харажатлар кўпроқ бўлган. Харажатларнинг ошишига пандемия туфайли юзага келган иқтисодий инқироз даврида даромадлар миқдорининг пасайиши ва баъзи бир оилаларда эса тиббиёт ва дори-дармон харажатларининг нисбатан кўпроқ бўлганлиги таъсир кўрсатган.

Тадқиқотда хорижда миграцияда бўлган аҳолининг 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 3 фоиз миқдорга камайганлиги, четга ишлагани чиқишни хоҳловчилар деярли қолмаганлиги ҳам маълум бўлди.

Мазкур сўровномада аҳолининг коронавирус шароитига қай даражада мослаша олганлиги масалалари ҳам ўрганилди. Маълум бўлдики, одамларда пандемиядан хавотирлик даражаси камайган, мазкур шароитда ўзини тутиш тартиб-қоидаларига риоя қилиш эса ошган.

Хулоса қилиб айтганда, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда ўтказилган «Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» лойиҳасида олинган натижалар коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини камайтириш борасида мамлакати-мизда амалга оширилаётган чора ва тадбирларнинг самарали эканлигини яна бир бор тасдиқлади. Шу билан бир қаторда сўровнома жараённинг оғриқли нуқталарини ҳам кўрсатиб берди. Бу эса ўз навбатида давлатимиз раҳбариятига аниқланган камчилик ва муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш учун хизмат қилади.

Одил Олимжонов,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar