ЕОИИни кузатиб: меҳнат миграцияси соҳаси истиқболлари

ЕОИИни кузатиб: меҳнат миграцияси соҳаси истиқболлари

Сўнгги йилларда Ўзбекистон демографик жиҳатдан сезиларли ўсишни бошдан кечирмоқда ва мамлакат йирик меҳнат ресурсларига эга. 2010-2020 йиллар оралиғида Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 6,4 миллионга ёки 23 фоизга кўпайди. ЮНИСЕФ ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга келиб мамлакат аҳолиси 37 миллион кишига етиши кутилмоқда.

Жаҳон Банки маълумотларига кўра, сўнгги 10 йил ичида Ўзбекистондаги ўртача ишсизлик даражаси 5-6 фоизни ташкил этган. Ўзбекистон Республикаси Давлат Статистика қўмитаси маълумотлари эса, 2009 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда мамлакатда ишсизлик даражаси 4 фоиз пунктга ошганлигини кўрсатади.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон учун меҳнат миграцияси масаласи катта аҳамият касб этади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотларига кўра, Россия Федерацияси ҳудудида 1,3 миллиондан ортиқ, Қозоғистон Республикасида эса 200 мингга яқин ўзбекистонликлар меҳнат қилади.

Меҳнат миграцияси қуйидаги муҳим вазифаларни ҳал қилишга ёрдам беради:

- чет элда бўлган Ўзбекистон фуқароларининг пул ўтказмалари орқали валюта бозорида чет эл валютаси таклифини ошириш; (ҳар йили 4,8 дан 6 миллиард AҚШ долларигача);

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотига кўра, охирги йилларда Ўзбекистонга юборилган трансчегаравий ўтказмаларнинг ҳажмида ўсиш кузатилмоқда. Хусусан, ўтказмалар ҳажми 2017 йилда - 4,8 млрд АҚШ долл., 2018 йилда - 5,1 млрд. АҚШ доллари, 2019 йилда - 6,0 млрд. АҚШ доллари, 2020 йилда эса - 6,0 млрд. АҚШ долларини ташкил қилган. Ўтказмалар таркибида ЕОИИ давлатларининг улуши 85 фоиздан ортиқни ташкил қилган.

- меҳнат бозорига босимни пасайтириш.

Ўзбекистон учун меҳнат миграцияси билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишнинг мумкин бўлган ечимларидан бири бу ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш ҳисобланади. Иттифоққа аъзо давлатлар фуқаролари иттифоқ таркибидаги умумий меҳнат бозорининг афзалликларидан фойдаланади, расмий меҳнат шартномасига эга аҳоли эса Иттифоқ ҳудудида муддатсиз қолишлари мумкин.

Декабрь ойида Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи мақомини олди. Шу нуқтаи назардан, ташкилот доирасидаги меҳнат миграциясининг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини кўриб чиқиш алоҳида қизиқиш уйғотади.

Маълумот учун: Евросиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ) – бу минтақавий иқтисодий интеграция ҳисобланиб, фаолияти Иттифоқ Шартномасига асосан тартибга солинади. Шартноманинг биринчи моддасида, аъзо давлатлар Иттифоқ доирасида товар ва хизматлар, капитал ва ишчи кучининг эркин ҳаракатини таъминлаши лозимлиги кўрсатилган.

Бугунги кунда ЕОИИ таркибига қуйидаги 5 та мамлакат аъзо: Арманистон Республикаси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси ва Россия Федерацияси. Ташкилотга аъзо давлатлар ҳисобига қуруқликнинг 14 фоизи тўғри келиб, уларда 185 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади.

ЕОИИ доирасида меҳнат миграцияси

Иттифоқ шартномаси аъзо давлатларга иттифоқ доирасида меҳнат миграцияси сиёсатини тартибга солиш соҳасидаги сиёсатни ҳамкорликда олиб бориш мажбуриятини юклайди. Шу билан бирга, ишчи кучининг ижтимоий таъминоти, тиббий хизмати, иш стажини ҳисобга олиш ва албатта пенсия тизими билан боғлиқ масалаларни тартибга солади.

ЕОИИ давлатлари ҳудудида Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг сони қанчани ташкил қилади?

Ўзбекистон учун ЕОИИ меҳнат миграцияси жараёнлари жиҳатдан муҳим тузилма ҳисобланади. Сабаби, Ўзбекистон фуқароларининг аксарият қисми ЕОИИга аъзо давлатлар ҳудудида меҳнат қилишади. Хусусан, Меҳнат миграцияси масалалари агентлиги маълумотларига кўра, 2019 йилда Россия Федерациясида меҳнат қилган Ўзбекистон фуқароларининг сони деярли 1,6 миллион нафарни, Қозоғистон ҳудудида эса 300 минг нафардан ошиқни ташкил қилган.

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2017-2019 йиллар давомида Ўзбекистон Фуқаролари Россия Федерацияси ҳудудига 13 миллион мартага яқин ташриф буюрган. Уларнинг аксарият (99 фоизи) қисми вақтинчалик яшаш жойи, 1 фоизга яқини эса доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган.

1-жадвал. Ўзбекистон фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудида миграция ҳисобига кириш ва чиқиш ҳолатлари бўйича маълумот.

Манба: Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги маълумотлари

Россия Федерациясига ташриф буюрган Ўзбекистон фуқароларининг ярмидан кўпи мамлакатга биринчи маротаба ташриф буюрган фуқаролар бўлиб, сафар мақсадига кўра, уларнинг 80 фоиздан кўп қисми меҳнат қилиш мақсадида келганини билдирган. Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари шахсий (13%), таълим (2%), туризм (1%) ва бошқа мақсадларда Россия Федерациясига ташриф буюрган.

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ЕОИИ давлатлари ҳудудида қандай соҳаларда фаолият олиб боради?

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги маълумотларига кўра, ўзбекистонликлар Россия ҳудудида асосан қурилиш, коммунал хизмат кўрсатиш, транспорт ва логистика, чакана ва улгуржи савдо, умумий овқатланиш соҳаларида фаолият юритади. Қозоғистон Республикасида эса ўзбекистонликларнинг аксарияти қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида меҳнат қилади.

Россия Федерацияси статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ушбу соҳаларда ёлланма ишчининг ўртача ойлик иш ҳақи миқдори 300-700 АҚШ доллари орасида ўзгаради. Хусусан, қурилиш соҳасида 485-625 АҚШ доллари, коммунал хизмат кўрсатишда 485-555 АҚШ доллари оралиғида бўлса, Текстиль соҳасида эса 485 АҚШ долларидан бошланади.

Қозоғистонда эса қурилиш соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 500 АҚШ долларидан, қишлоқ хўжалигида эса 270 АҚШ долларидан бошланади. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, юқорида келтирилган рақамлар меҳнат муҳожирининг географик жойлашуви, техник кўникмалари ва бошқа кўплаб омилларга боғлиқ ҳисобланади.

Меҳнат муҳожирларининг қолган 20 фоизга яқин қисми эса маълум даражада юқори кўникма талаб қилувчи соҳаларда фаолият юритади. Хусусан, 7 фоизга яқини - иқтисодиёт, банк ва молия, 5 фоизи - таълим, 3 фоизи - тиббиёт, 3 фоизи - муҳандислик ва технология, 2 фоизи - ҳуқуқ ва бошқа соҳаларда меҳнат қилади.

Ўзбекистоннинг ЕОИИ кузатувчиси мақомини олиши нимани англатади?

Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи бўлиб қўшилиши меҳнат миграцияси соҳасидаги ўйин қоидаларига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатмайди. Аммо, ЕОИИ йиғилишларида қатнашиш иттифоқ қонун қоидаларини яқинроқ ўрганиш ва тадқиқотлар ўтказишни енгиллаштириш имкониятларини яратади.

Бундан ташқари, ЕОИИ кузатувчиси мақомини олиш Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг Россия Федерациясида дуч келаётган асосий муаммоларидан бири бўлган рўйхатдан ўтиш муддатини узайтириш бўйича музокаралар жараёнига маълум маънода туртки бериш эҳтимоли мавжуд.

Қўшимчасига, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутахасисларининг фикрича:

Кузатувчи статуси россиялик шериклар билан меҳнат мигрантларининг касб-ҳунар ва тил ўрганишларини рағбатлантирувчи икки томонлама дастурларни амалга оширишга кўмак беради.

Бундан ташқари, Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини олиб бориш ҳуқуқини берувчи патент олиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш хизматларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўрсатиш масалаларини ҳал қилишга ижобий таъсир қилади.

Ҳасанжон Мажидов

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Манба Spot.uz

Review.uz таржимаси

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар