300 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш, 500 минг нафар ёш ва 200 минг аёлни иш билан таъминлаш чоралари ишлаб чиқилади

300 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш, 500 минг нафар ёш ва 200 минг аёлни иш билан таъминлаш чоралари ишлаб чиқилади

Давлат дастурининг асосий мақсади – ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, иқтисодиётни ривожлантириш орқали халқ фаровонлигини оширишга қаратилган.

– Бу дастурни ҳануз давом этаётган пандемия шароитида, глобал инқироз кучайиб бораётган мураккаб бир вазиятда амалга оширишимизга тўғри келади. Ҳар қанча қийин бўлмасин, 500 минг нафар ёш ва 200 минг аёлни иш билан таъминлаш ҳамда 300 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш лозим. Агар “маҳаллабай” тизимни жойига қўйиб, давлат идоралари дастурдаги вазифаларни қунт билан, илм билан, ақл билан бажарса, кескин ўзгариш бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу билан бирга, ривожланишдан ортда қолаётган 33 та туман ва оғир аҳволдаги 970 та маҳалланинг йўли, ичимлик суви ва электр таъминоти, ирригация тармоғини яхшилаш, тиббиёт ва таълим тизимидаги ислоҳотларни энг узоқ қишлоқларгача етказиш зарурлиги қайд этилди.

Бунинг учун Бош вазир ўринбосарлари, вазирлик ва тармоқ раҳбарлари, ҳокимлар ва сектор бошлиқлари дастур ижросини туман ва маҳаллага тушиб ташкил этиши, ресурслардан оқилона фойдаланиб, тартиб-интизом билан қаттиқ меҳнат қилиши талаб этилади.

– Раҳбар кўп, масъуллар кўп, лекин халқнинг дарди билан шуғулланадиган одам йўқ. Ҳамма қарорларни бажарса бўлади. Энг катта камчилик – назорат йўқ, вазирлар, ҳокимлар ўзини қийнамайди, – деди Президент.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар