Президент матбуот котиби Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида тузилган транспорт соҳасидаги ҳамкорлик бўйича маълумот берди

Президент матбуот котиби Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида тузилган транспорт соҳасидаги ҳамкорлик бўйича маълумот берди

14 июнь куни Президент матбуот котиби Шерзод Асадов иштирокида брифингда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлигида қуриладиган ГЭС ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўтган беш йил давомида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги бошқа соҳалар қатори гидроэнергетика соҳасида ҳам ҳамкорлик сифат нуқтаи-назаридан ижобий томонга ўзгарди. Тожикистон ҳудудидаги Зарафшон дарёсида ГЭС қуриш масаласини ўрганишга икки мамлакат раҳбарлари 2018 йилда топшириқ берган эдилар. Президентимизнинг Тожикистонга бу галги ташрифи доирасида аниқ бир ҳужжат - Зарафшон дарёсида иккита ГЭС қуриш лойиҳаси бўйича қўшма акциядорлик жамияти ташкил этиш тўғрисида битим имзоланди.

Жамиятга юклатиладиган вазифа мазкур лойиҳани амалга ошириш учун тегишли барча ўрганишлар ўтказиш ҳамда лойиҳани техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишдан иборат бўлади. Ҳозирча бу иншоотлар қурилишининг сметаси ҳақида гапиришга эрта, аввал техник ва иқтисодий асослар ўрганиб чиқилиб, кейин бир тўхтамга келиш мумкин.

ГЭС қурилиши натижасида 1 миллиард 400 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади. Ўзбекистоннинг ўз эҳтиёжлари учун Тожикистондан қўшимча электр энергиясини етказиб бериш имкониятлари янада кенгаяди, ўз навбатида, Тожикистонда ҳам электр таъминоти яхшиланади. Тожикистонга қилинган ташриф давомида ҳар икки давлат раҳбарлари томонидан битимнинг ижросига ўша кундан эътиборан киришиш лозимлиги ҳақида тегишли вазирликларга жиддий топшириқ берилган.

Шунингдек, Шерзод Асадов Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига қилган ташрифи чоғида икки мамлакат Президентлари ўртасида тузилган транспорт соҳасидаги ҳамкорлик бўйича эришилган келишувларга тўхталиб ўтди.

- Давлатимиз раҳбарининг Тожикистонга ташрифи доирасида транспорт ва транзит соҳаларида кенг ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Жумладан, икки мамлакат транспорт вазирлари томонидан Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали юклар транзити тўғрисида битим имзоланди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон транспорт ва транзит соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, темир йўл, автомобиль ва ҳаво транспортида ташишларни кўпайтириш учун бундан буён ҳам қулай шароит яратишга келишиб олинди. Жумладан, автомобиль транспорти қатновлари кенгайтирилади, автобуслар қатнови ва темир йўл орқали йўловчиларни ташиш қайта тикланади. Юк ташишлар учун преференциялар тақдим этиш давом эттирилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар