Андижон вилояти мактабларида компьютер технологиялари бўйича тўгараклар очилади

Андижон вилояти мактабларида компьютер технологиялари бўйича тўгараклар очилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича белгилаб берган 5 та муҳим ташаббуслардан учинчиси, аҳоли ва ёшлар ўртасида компэютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.

Учинчи ташаббус – аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишга қаратилган

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Андижон вилоятида аҳоли, шу жумладан ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 20 ноябрда 921-сон қарори чиқди.

Ушбу қарорни қабул қилишдан асосий мақсад, Андижон вилоятида аҳоли, шу жумладан ёшларнинг мафкуравий иммунитетини кучайтириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шароитлар яратиш, уларни компьютер технологиялари, дастурлаш асослари, компьютер ўйинлари ва компьютер спортига (киберспортга) жалб этишга қаратилган.

Шу билан бирга, халқаро миқёсда замонавий технологияларга асосланган рақамли иқтисодиётнинг жадал ривожланиши ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали дастурчи ва мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, умумтаълим мактабларини замонавий компьютер технологиялари билан таъминлаш ва юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланиш, компьютер ўйинлари ва киберспортни ёшлар ўртасида янада оммалаштиришга қаратилган.

Ушбу қарорнинг энг асосий жиҳатларидан бири Андижон вилояти туман (шаҳар)ларида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекциясининг таркибий бўлинмаси шаклида рақамли технологиялар ўқув марказларини ташкил қилиш ва умумтаълим мактабларида компьютер технологиялари, компьютер ўйинлари ва киберспорт бўйича тўгаракларни ташкил этиш белгиланди.

Тўгаракларнинг асосий вазифалари этиб, ёшларга компьютер дастурлаш асослари, компьютер саводхонлиги, ахборот технологиялари асосларини ўргатиш, ёшларнинг бўш вақтларида киберспорт ҳамда ахборот технологияларига қизиқишини ошириш, ушбу соҳада уларга касбий кўникмалар бериш белгиланди.

Қарор асосида, Андижон вилоятида аҳоли, шу жумладан ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури ва Андижон вилоятида рақамли технологиялар ўқув марказлари ҳамда умумтаълим мактабларида компьютер технологиялари, компьютер ўйинлари ва киберспорт тўгаракларини ташкил этишни мувофиқлаштириш бўйича республика ишчи гуруҳи ҳам тасдиқланди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар