Инфляцион таргетлашнинг зарурлиги

Инфляцион таргетлашнинг зарурлиги

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида инфляцияга қарши кураш Марказий банк фаолиятининг асосий мақсадларидан бири сифатида белгилаб берилган.

Инфляцион таргетлаш ғоясининг муаллифи швециялик машҳур иқтисодчи олим Кнут Виксел ҳисобланади. У 1890 йилда дунё иқтисодчилари орасида биринчи бўлиб, марказий банклар сиёсатининг бош мақсади баҳолар барқарорлигини таъминлаш бўлиши керак, деган ғояни илгари сурди.

Ривожланаётган мамлакатлар инфляцион таргетлаш режимига ХХ асрнинг 90-йилларининг охиридан ўта бошлади. Ушбу режимни илк қўллаган мамлакатлар Жанубий Корея, Бразилия, Колумбия, Таиланд, Польша ва Чехия ҳисобланади. 2000 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб, Индонезия, Руминия, Туркия, Сербия, Гана ва Парагвай инфляцион таргетлаш режимига ўтди.

Россияда инфляцион таргетлаш режимига ўтиш 2014 йилда содир бўлди. Россия Марказий банки 2017 йилнинг охирига бориб инфляциянинг йиллик даражаси 4% бўлишини таъминлаш мажбуриятини олди. 2017 йилга қадар Россияда инфляциянинг йиллик даражасини 6 фоиздан паст бўлишини таъминлашга муваффақ бўлинмаган.

2014 йилнинг якуни бўйича Россияда инфляция даражаси 11,4 фоизга етди. Аммо Россия Марказий банки фақат 2017 йилнинг якунида инфляциянинг мақсадли кўрсаткичини таъминлашга муваффақ бўлди. 2017 йилнинг якунига келиб, Россияда инфляциянинг йиллик даражаси 2,5 фоизни ташкил этди. Ҳолбуки, 2016 йилда инфляциянинг йиллик даражаси 5,4 % эди.

Инфляциянинг мақсадли кўрсаткичидан пул-кредит сиёсатининг индикатори сифатида муваффақиятли фойдаланган давлатлар қаторига Янги Зеландия, Канада, Буюк Британия, Финландия, Швеция, Австралия ва Испанияни киритиш мумкин. Мазкур мамлакатларда инфляциянинг мақсадли кўрсаткичи турлича ифодаланган. Австралия, Финландия ва Швецияда Марказий банк инфляциянинг мақсадли кўрсаткичини ҳукуматнинг розилигини олмасдан туриб эълон қилди. Канада ва Янги Зеландияда инфляциянинг мақсадли кўрсаткичи Марказий банк ва Молия вазирлигининг ўзаро келишуви асосида ишлаб чиқди. Аммо шуни эътироф этиш жоизки, инфляциянинг мақсадли кўрсаткичидан пул-кредит сиёсатининг индикатори сифатида фойдаланишнинг мумкинлиги бирор-бир Марказий банкнинг низомида ўз аксини топмаган. Шу сабабли, бу масалани ҳуқуқий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги Марказий банклар фаолиятининг бош мақсади орқали изоҳланади, яъни инфляциянинг мақсадли кўрсаткичи орқали уни жиловлаш Марказий банкнинг бош мақсадига – миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш ва жамиятда баҳолар барқарорлигига эришишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 ноябрдаги “Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, инфляцион таргетлаш режимига босқичма – босқич ўтиш 2020 йилдан бошланади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қуйидагиларни жорий этиш орқали пул-кредит сиёсати инструментлари, механизмлари ва жараёнларини инфляцион таргетлаш режими стандартларига мувофиқлаштириш чораларини кўриши лозим. Хусусан:

– 2020 йилнинг 1 январига қадар пул бозори фоиз ставкаларига таъсир кўрсатувчи бозор инструментлари, шу жумладан Марказий банк облигациялари, овернайт депозитлар, доимий тусдаги депозит аукционлари, давлат қимматли қоғозлари ва хорижий валюта гарови остида кредит аукционлари ва овернайт кредитлари;

– 2020 йил давомида фоиз ва валюта хатарларини бошқаришда ҳосилавий инструментлар (своп, опцион ва фьючерслар) ва тижорат банкларининг валюта курси шаклланишидаги ролининг босқичма-босқич ошириб борилиши;

– бир ой муддатда Марказий банкнинг банклараро пул бозорига мунтазам интервенцияси орқали мослашувчан фоиз сиёсатини амалга оширишда асосий фоиз ставкасининг фоиз коридори механизми;

– 2020 йилнинг 1 апрелига қадар халқаро молия институтларининг техник кўмаги ҳамда илғор халқаро тажриба асосида эконометрик моделлаштириш инструментларини ривожлантиришни назарда тутувчи макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш тизимини яратиш.

Эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон Республикасида инфляция даражасининг юқори эканлиги инфляцион таргетлаш режимига ўтиш заруриятини юзага келтирди.

Ўтган йилларда республикамизда инфляция даражаси юқори бўлган. Бу эса, Марказий банкни қайта молиялаш ставкасини оширишга мажбур қилган. Ўз навбатида Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасининг ошиши тижорат банклари кредитларининг фоиз ставкаларини ошиб кетишига олиб келди. Бу эса, мамлакат иқтисодиётининг ривожланишига нисбатан салбий таъсирни юзага келтиради.

Хулоса қилиб айтганда, биринчидан, инфляцион таргетлаш инфляцияга қарши курашишнинг нисбатан самарали усули сифатида дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланилмоқда; иккинчидан, инфляцион таргетлаш режимига ўтилганлгини уч омил тасдиқлайди; учинчидан, инфляцион таргетлаш режимини муваффақиятли қўллаш учун маълум шарт-шароитлар яратилган бўлиш керак; тўртинчидан, Ўзбекистон Республикасида 2020 йилдан бошлаб инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш учун меъёрий-ҳуқуқий асос яратилди.

З.А. Холмахмадов
Тошкент молия институти ҳузуридаги
Молия-банк ходимларининг малакасини ошириш
ва уларни қайта тайёрлаш тармоқлараро институти директори,
и.ф.н., доцент

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар