Меҳнатий миграциянинг легаллашуви–ЕИИ аъзо бўлишнинг афзалликларидан бири ёки унинг молиявий жиҳатлари ҳақида айрим мулоҳазалар

Меҳнатий миграциянинг легаллашуви–ЕИИ аъзо бўлишнинг афзалликларидан бири ёки унинг молиявий жиҳатлари ҳақида айрим мулоҳазалар

24Фото: eurasian-studies.org

Сир эмас, сўнгги маълумотларга кўра ҳар йили ватандошла-римизнинг 2,3 млн.дан ортиқроғи ўз оиласининг “иссиқ бағри”дан чиқиб, Евро-Осиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатларида белини букиб, пешона терини тўкиб, мураккаб шароитларда меҳнат қилишмоқда. Уларнинг асосий қисми Россия Федерациясига (2,0 млн. атрофида) тўғри келса-да, қолганлари қўшни Қозоғистон (0,3 млн.) ва Қирғизистонда ҳам ишлаяпти.

РФда ишлаётган 2,0 млн. атрофидаги фуқароларимизнинг 1,6 млн.ига ишлашга рухсат (патент) берилмоқда. Уни бир йилга расмийлаштириш учун Россияда меҳнат қилиш илинжида юрган ватандошларимизнинг бевосита (тўғридан-тўғри) ва билвосита (эгри) харажатлари 30,0-35,0 минг рубль (қарийб 500,0 АҚШ доллари ёки 4,7 млн. ўзбек сўми)ни ташкил этмоқда. Уларнинг қолганлари пинҳона, ҳар қадамда юракларини ҳовучлаб, ўрни келган жойларида эса (қўлга тушиб қолганларида) иложсиз “отни калласи”дек жаримани тўлаб, фаолият кўрсатишмоқда. Халқимиз тилида айтилгандек “депорт” бўлиб, узр “икки қўлини бурнига тиқиб”, яна бир бор узр, сўппайиб, “қуриқ” қайтиб келаётганларининг сони ҳам – талайгина. Сабаби: патент олиш баҳоси – қиммат; бунинг устига, миграция тартиблари ҳам – мураккаб.

Устига-устак, ишлаётганларнинг барчаси ҳар ойига 3,0 минг рубльдан 8,0 минг рубль (50,0-125,0 АҚШ доллари ёки 0,5-1,2 млн.сўм)гача иш (меҳнат) ҳақларидан даромад солиғини ҳам тўлашади. Умуман олганда, РФда ишлаётган юртдошларимиз ҳар бирининг шу мамлакат ихтиёрига қонуний тарзда қолдираётган даромадларининг миқдори йилига 1700,0 АҚШ долларигача етиб бормоқда.

Қозоғистонда ишлашга рухсат олиш билан боғлиқ бўлган харажатларни иш берувчи қоплайди, албатта. Унинг миқдори эса йилига 200,0 АҚШ долларидан 1000,0 АҚШ долларигача етиб боради. Лекин хурсанд бўлишга – ҳеч ҳожат йўқ. Зеро, бу суммани ҳам, охир-оқибатда, иш берувчи ишга ёлланганнинг кўзини “мошдек” очиб ва “ҳайрат”лантириб, унинг ҳисобидан ўзига “қуртдек” санаб олади. Хуллас, бу ерда ҳам “ишлаш ҳуқуқи” текинга амалга оширилмайди. Нимасини айтасиз: бозорнинг қонун-қоидаси – ана шундай – шафқатсиз.

Энди қуйидаги “арифметика”ларга бир эътибор берайлик-а?!:

  1. РФда 2,0 млн. фуқаромиз ишлаб, уларнинг ҳар бири йилига 1700,0 АҚШ долларини ўша мамлакатда қолдираётган бўлса, бу йилига 3,4 млрд. АҚШ доллари, демакдир. Унинг сўмдаги эквиваленти эса деярли 32,0 трилл. сўмдан ошиб кетади. Бу суммани 2019 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг режалаштирилган даромадлари суммаси билан таққослайдиган бўлсак, унинг қарийб 1/3 қисмига тенг бўлиши мумкинлиги аниқ бўлади;
  2. Қозоғистонда 0,3 млн. ҳамюртимиз ишлаб ва уларнинг ҳар бири, боринг-ки, 1000,0 АҚШ долларини ўша ерда “қолдириб” келаётган бўлса, у ҳолда бу 300,0 млн. АҚШ долларига тенг бўлмоқда. Бунинг сўмдаги эквиваленти эса қарийб 3,0 трилл. сўмга тенгдир. Бу ҳам мамлакатимиз Давлат бюджети режалаштирилган даромадлари суммасининг деярли 3,0%ига тенг, демакдир;
  3. Юқоридаги ҳар икки бандда келтирилган рақамларни умумлаштирсак, ўзларига мутлақо ярашмайдиган “гастарбайтер” номи билан “машҳур” бўлган ҳамюртларимиз шу икки ҳолатнинг ўзидаёқ йилига 3,5 млрд АҚШ долларидан ёки 35,0 трилл. сўмдан ортиқроқ суммани ўзга юртларда “сочиб” келаётганлиги маълум бўлади-қолади. Бу, бошқа шароитлар тенг бўлганда, 2019 йил учун режалаштирилган Давлатимиз бюджети даромадларининг 34,0%ига тенг бўлиши мумкинлигини англатади.

Шу муносабат билан ҳар биримиз ўз-ўзимизга қуйидаги саволларни бериб кўрайликчи, жавобимиз қандай бўларкин?: Шу пуллар ўзга юртларда “Ҳе, йўқ!”, “Бе, йўқ”сиз “қолиб” кетмасдан, ўз юртимизга қўшимча тарзда “кириб” келадиган бўлса, бирортамизнинг қорнимизни оғритармикан? Бунинг турган-битгани “кони фойда” эмасми? Бу пуллар эвазига қанчадан-қанча “камчилик”ларимизни “тузат”масмидик?!

Энди эса масаланинг қуйидаги жиҳатларига эътибор берайлик-чи, қандай “манзара”га гувоҳ бўларканмиз? Хусусан, Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши:

  1. Амалда унинг барча фуқароларига легал (очиқ-ойдин, эркин) ишлашга ва ўз “уй”ларига “жўнатиладиган” пул ўтказилмалари ҳажмини оширишга имкон беради;
  2. “Ишлашга рухсат”ни расмийлаштириш харажатларининг камайиши, мақомининг легаллашуви натижасида мигрантлар сони ва даромадлари даражасининг ўсиши ҳисобидан мамлакатимизга ўтказиладиган пул ўтказилмаларининг ҳажми ҳозиргисига нисбатан бир неча мартага оширади;
  3. “Ишга жойлашиш” масаласида кенг имкониятларни тақдим этади (фуқароларимиз Иттифоққа аъзо бўлган мамлакат-ларнинг ҳудудларида “қайддан ўтмасдан” ҳам тегишли тартибга мувофиқ ўрнатилган давр давомида бўлишлари мумкин; чегаралар кесиб ўтилаётган пайтда тегишли паспорт асосида “миграцион карта”лар тўлдирилмайди; “ишга рухсат бериш” – расмийлаштирилмайди, бунинг учун тегишли меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси ўзининг бўлиши етарли ва б.);
  4. Фуқароларимизни ҳимояланганлик ҳуқуқи билан таъминлайди (меҳнат стажи инобатга олинади; уларнинг фарзандлари мактабгача таълим муассасаларига қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади; “тез тиббий ёрдам” текинга хизмат кўрсатади; фуқароларимиз “социал пакет”га “кириш” ҳуқуқини қўлга киритади ва б.);
  5. Мамлакатимиз фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси Агентлигининг имкониятларини кенгайтиради.

Хўш, юқорида қайд этилганларнинг қай бири, баъзи бир сабабларга кўра, “ризқи сочилиб кетган” мигрантларимизнинг манфаатларига мос келмайди? Бунинг устига, ўша мигрантларнинг бири биримизнинг - акамиз, иккинчимизнинг – укамиз, учинчимизнинг – отамиз, тўртинчимизнинг – турмуш ўртоғимиз ва ҳ.к.ларимиз эмасми?! Не мақсадларни кўзлаб уларнинг аксарияти ўзга юртларда юришибди? “Болам-чақам, оилам”, - деб эмасми?!

Шундай экан, бу масалага бефарқ қараб бўладими? Ёки унга нисбатан ҳам ўзига хос тарзда “ўзбекчилик” қилиб, ҳар биримиз “кўрпа”ни ўз-ўзимизга қараб тортишимиз керакми?! “Азиз”лар! Ахир бундай қилсак, “кўрпа”дан “айрилиб” қоламиз-ку?! Бундан кимга – яхши-ю, кимга – ёмон?!...

Назаримизда, ЕОИИ аъзо бўлиш ёки бўлмаслик масаласига нисбатан тегишли қарор қабул қилинаётган пайтда, жумладан, юқорида қайд этилган ҳолат билан биргаликда яна бир нарсага эътибор бериш керак. Гап бу ўринда азал-азалдан бўён доно ва меҳнаткаш-у-заҳматкаш халқимиз тилидан айтилган “Бирлашган – ўзар, бирлашмаган – тўзар” тўғрисида кетмоқда. Бу ҳаёт аксиомаси эмасми? Уни қай биримиз рад эта оламиз? Ўзиш мақсадимизми? Унда нима қилишимиз керак экан? “Рецепт”ни халқимизнинг ўзи берган экан-ку! Бу масалада “диагноз” ҳам ўшалар томонидан қўйилган эканми? Унда...

Албатта, бизнинг юқоридаги фикрларимиздан “Меҳнат миграцияси” билан боғлиқ бўлган масаланинг салбий жиҳатларини кўришга муаллиф қодир эмас экан”, - деган хулосани чиқаришга шошилманг. Улардан биз ҳам огоҳмиз. Ҳар нарсанинг яхши томони бўлганидек, унинг ёмон томони ҳам мавжуд. Буни билмасак, табиат ва жамият тараққиётининг энг асосий қонунларидан бири бўлган “қарама-қаршиликлар бирлиги ва кураши” қонунининг амал қилишини оддийгина инкор этган бўламиз. Ҳолбуки, буни рад қилган “мард” орамизда йўқ. Биз ҳам ўшалар сафидамиз. Шундай бўлса-да, масаланинг “салбий томонлари”га эътиборингизни қаратмоқчи эмасмиз. Зеро, бу масалада “ижобий томонлар” билан “салбий томонлар” тарози паллаларига қўйиладиган бўлса, палланинг “ижобий томонлар”га тегишли бўлгани кескин “босиб кетиши” ва охир-оқибатда, қандай қарорни қабул қилишимиз кераклиги – мутлақо аниқ.

Тоҳир МАЛИКОВ

иқтисодий фанлар доктори, профессор

Поделиться постом

Похожие новости