Айбсизлик презумпцияси қачон ишлайди?

Айбсизлик презумпцияси қачон ишлайди?

Охирги вақтларда айрим оммавий ахборот воситалари томонидан айбсизлик презумпциясига риоя қилмаслик ҳолатлари учрамоқда. Турли низоли вазиятларни ҳали суд якуни тугамасдан туриб оммага эълон қилиш, жамоатчилик ўртасида муҳокамага олиб чиқиш ва ҳали судда исботланмаган ҳодисаларни оммавий ахборот воситаларида тарқатиш орқали жамоатчиликда асоссиз равишда салбий кайфиятни пайдо қилиш ҳолатлари учрамоқда. Бу эса фуқароларнинг конституцион ҳуқуқлари бузилишига олиб келмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ОАВ тарқатадиган ахборот айбсизлик презумпцияси принципини бузиши билан бир қаторда қайсидир тизимнинг обрўси пасайишига олиб келиши мумкин.

Хўш, Ўзбекистон қонунчилигида бу ҳақида нима дейилган? Айбсизлик презумпциясига амал қилинмоқдами?

Жаҳон тажрибасида деярли барча мамлакатлар қонунчилигида айбсизлик презумпцияси (айбдорнинг жинояти қонуний тартибда исбот қилинмагунча, у айбсиз ҳисобланади ва айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас) мавжуд.

Айбсизлик презумпцияси умумҳуқуқий норма бўлиб, унга амал қилиш жиноят процессининг барча босқичларида устувор ҳисобланади.

Консититуциямизнинг 26-моддасида жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилиши кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 23-моддасида айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги белгиланган.

Мантиқан олиб қаралганда, жиноятнинг зарурий белгиси сифатида шахснинг айби исботланиши билан жиноят (жиноий ҳолат эмас) содир этилганлиги эътироф этилади. Бу эса суд ҳукми билан тасдиқланади. Демак, суд ҳукми қонуний кучга кирмасдан туриб шахсни ҳозирданоқ “порахўр”, “фирибгар” “ўғри” “зўравон” ва бошқа иборалар билан сифатлаш, аташ ва уни айбдор шахс сифатида интернет ва бошқа ижтимоий тармоқларда талқин қилиш нотўғри ҳисобланади. Бу Конституция тамойилларига тамомила зиддир.

Баъзи ҳолатларда суд томонидан шахснинг ҳаракат ё ҳаракатсизлигига ҳуқуқий баҳо берилмай туриб тегишли қонун устуворлигини таъминлашга маъсул бўлган органлар тегишли сайтларда ҳам шахснинг қайсидир жиноятда айбланаётганлигини ва унинг шахсига оид маълумотлар кўрсатилиб хабар сарлаваҳаларини ҳам жойлаштириш ҳолатлари учрамоқда.

Ваҳоланки, маъсул суриштирув ва тергов ходимлари иш юритувидаги жиноят иши бўйича тергов сири ҳисобланган жиноий ҳодиса фактларининг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши шахснинг айбсизлик презумпциясиннг бузилишига ҳамда қайсидир тизим вакилининг ҳаракатлари туфайли маълум соҳанинг обрўсига путур етказилишига олиб келади.

Мисол тариқасида, шахс қайсидир жиноятни қилганликда худдики айбдор сифатида жамоатчилик ўртасида, масалан, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинди. Бироқ эртага судда шахснинг айби исботланмай, у оқланса-чи? Шахснинг кейинги тақдири нима бўлади? Маълум бир тизим ёки соҳанинг обрўси нима бўлади? Оқибатда судланувчи шахснинг шарманда бўлгани қолади, шаъни, қадр-қиммати камситилади. Шахс ишлаётган тизимнинг обрўйини тушириб, унинг нуфузини пасайтириб, халқнинг ўша ташкилотга нисбатан салбий фикрларининг пайдо бўлишига олиб келади.

Шунингдек, шахснинг гўёки жиноят содир қилганликдаги ҳаракатлари интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиниши келгусида тергов органининг ишни тергов қилишда ёки судда ишни кўришда мустақил судьяда ўша шахсга нисбатан барвақт салбий хулоса шаклланишига туртки бўлиши мумкин. Бу эса мустақил суднинг фикрига қайсидир маънода таъсир қилишга олиб келади.

Баъзи ҳолларда ижтимоий тармоқларда жамоатчилик иштирокидаги кенг муҳокамалар ишни юритаётган тергов органига ҳам таъсир қилиб, қонуний қарор қабул қилишда чалғиш ҳолатлари ҳам учрамоқда ва бу шахснинг айбсизлик презумпциясига зид равишда шахс тақдирига бевосита таъсир қилмоқда.

Шубҳасиз, журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ўзлари чоп этаётган ахборотларнинг тўғрилиги ҳамда уларни баён этиш шаклининг одоб доирасида бўлиши учун жавобгардирлар. Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунида журналистнинг айбсизлик презумпциясига амал қилиши, шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шартлиги кўрсатилган.

ОАВда тарқатилган ахборот ҳақиқатан ҳам шахснинг шаъни, қадр-қиммати ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқини бузиши мумкин.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, қонун устувор бўлган давлатда, ҳуқуқий демократик жамиятда сўнгги сўзни ҳамиша суд айтади. Суд сўнгги сўзини айтгунча, шахснинг айбдор ёки айбсиз эканлигини муҳокама қилмасдан, айбсизлик презумпциясига амал қилайлик.

Отабек Тошев,

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти маъсул ходими

Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar