Коррупция жиноятлари ҳақида хабар қилганларга бир марталик пул мукофоти берилади

Коррупция жиноятлари ҳақида хабар қилганларга бир марталик пул мукофоти берилади

Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишда бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги ҳукумат қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Унга кўра, қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантириш кўзда тутилмоқда:

  1. коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида берилган хабар учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари;
  2. пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача бўлса, базавий ҳисоблашнинг қуйидаги миқдорида:
  • ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун ‒ беш баравар;
  • унча оғир бўлмаган жиноят учун ‒ етти баравар;
  • оғир жиноят учун ‒ ўн баравар;
  • ўта оғир жиноят учун ‒ ўн беш баравар;
  1. пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлса, базавий ҳисоблашнинг қуйидаги миқдорида:
  • ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун ‒ ўн баравар;
  • унча оғир бўлмаган жиноят учун ‒ ўн беш баравар;
  • оғир жиноят учун ‒ йигирма баравар;
  • ўта оғир жиноят учун ‒ йигирма беш баравар;
  1. пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан кўп бўлса, қуйидаги фоиз ҳисобида ҳисобланади:
  • анча миқдор (БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача) учун ‒ ўн беш фоизи;
  • кўп ёки жуда кўп миқдор (БҲМнинг 300—500 бараваригача ҳамда 500 баравар ва ундан кўп) учун ‒ ўн фоизи.

Бунинг учун давлат бюджетидан ушбу мақсадларга ҳар йили қўшимча ўрта ҳисобда 300-500 млн. сўм маблағ талаб этилиши айтилмоқда.

Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar