Шавкат Мирзиёев: Бу ҳеч ким кутмаган синов. Шароит яхши бўлмагунча биронта раҳбар кетмайди

Шавкат Мирзиёев: Бу ҳеч ким кутмаган синов. Шароит яхши бўлмагунча биронта раҳбар кетмайди

Ёмғир ёғиб, кучли шамол бўлгани сабабли 1 май куни эрталаб Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилган эди. Оқибатда сув оқими аҳоли пунктлари, коммуникация тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги майдонларига катта зарар етказди.

Давлатимиз раҳбари зудлик билан воқеа жойига етиб келди. Ҳукумат комиссияси ташкил этилиб, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш, аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш ва уларга ҳар томонлама ёрдам бериш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилди.

Президентимиз Оқолтин туманида аҳоли билан учрашиб, офатдан жабрланган ҳар бир инсон алоҳида эътиборга олиниши, ҳамма уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминланишини таъкидлади.

– Бу ҳеч ким кутмаган синов. Биринчи ҳаракатимиз одамларни эҳтиёт жойларга кўчириш бўлди. Энг катта масала – ўлим бўлмаслиги. Оқсоқоллар, маҳалла раислари ва нозирларидан илтимос қиламан: одамларни йиғиб, уйларга, палаткаларга жойлаштириб, озиқ-овқат билан таъминлаб, маҳаллама-маҳалла саранжом қилиб олишимиз керак. Бунинг учун ҳамма куч ва воситаларни сафарбар қиламиз. Шароит яхши бўлмагунча биронта раҳбар кетмайди. Сабр қилиб, оғирликни елкамизга олиб, чидашимиз керак. Биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Тезкор чора-тадбирларга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар, қурилиш-таъмирлаш ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа хизматлар мутахассислари сафарбар этилди. Сув омбори яқинидаги маҳаллалар аҳолиси хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди. Жумладан, туманларда ташкил этилган махсус штаблар томонидан мактаб, коллеж, корхона ва хонадонларга жойлаштирилди.

Шунингдек, Мудофаа вазирлиги шахсий таркиби ва махсус техникалари аҳолини эвакуация қилиш ва тегишли хўжалик объектларини жиҳозлаш учун сафарбар қилинди. Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардиянинг Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудий бошқармалари эвакуацияга кўмаклашиш, тартибни сақлаш ишларига жалб этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омбори тўғони очилган жойга бориб, уни кўздан кечирди. Ҳукумат комиссияси ва мутахассислар билан муҳокама қилган ҳолда сув оқимини тўхтатиш учун зарур куч ва воситалар жалб қилинди.

Ҳозирда тўғондан сув чиқиши тўхтаган. Тошган сув оқими Оқолтин туманидан ўтувчи Абай каналига туширилиб, Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига йўналтирилган.

Президентимиз вазиятни шахсий назоратга олган.

Давлатимиз раҳбари Сирдарё вилоятида бўлиб турибди.

Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar