Йил якунига келиб иқтисодиётга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 9,9 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда

Йил якунига келиб иқтисодиётга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 9,9 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 июль куни мамлакатимиз инвестицион ва ташқи савдо фаолияти прогноз кўрсаткичларининг жорий йил I ярмидаги ижросини муҳокама қилишга, шунингдек, Япония, Корея Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари билан устувор қўшма лойиҳаларнинг боришини ҳамда савдо-иқтисодий, инвестицион ва молиявий-техник ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқишга бағишланган видеоанжуман тарзида йиғилиш ўтказди.

Тадбирда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги олдига қўйилган вазифалар ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар, шу жумладан, инвестицияларни жалб этиш ва экспорт бўйича прогноз кўрсаткичларни ҳамда хорижий шериклар билан эришилган келишувларни ўз вақтида амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларга доир таклифлар тингланди.

Глобал миқёсдаги эпидемиологик вазият ва ундан келиб чиқаётган чекловлар Ўзбекистоннинг инвестицион ва ташқи савдо фаолиятига бевосита таъсир кўрсатиб, тадбиркорлар учун молиялаштириш, қурилиш, ишлаб чиқаришда зарур хомашё ва ускуналарни етказиб бериш масалаларида маълум тўсиқлар яратаётгани таъкидланди.

Шу муносабат билан мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари ва экспортчиларини ўз вақтида қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар кўрилди.

Бу билан бирга, тижорат банкларини етарли ресурслар билан таъминлаш мақсадида халқаро молиявий институтларнинг 1,2 миллиард доллар миқдоридаги маблағлари жалб этилди.

Ҳисобот даврида умумий қиймати 1,8 миллиард долларлик 28 та йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 3,8 мингта янги иш ўрни яратилишига эришилди.

Ҳудудларни ривожлантириш дастурлари доирасида умумий қиймати 9,5 триллион сўмлик 2049 та йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилди, бу 27 мингта янги иш ўринлари яратиш имконини берди.

Айни пайтда, бугунги кунда қатор тармоқларда коронавирус пандемияси билан боғлиқ хатарлар таъсири остида инвестицияларни ўзлаштиришнинг прогноз кўрсаткичларини бажариш кечикаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари 2020 йил якунига кўра кўзланган натижаларга сўзсиз эришиш мақсадида амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳаларининг кўрсаткичлари ва рўйхатларини қайта кўриб чиқиш топшириғини берди.

Йил якунига келиб мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажми 9,9 миллиард долларни, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар – 6,8 миллиард, халқаро молиявий институтлар маблағлари – 3,1 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда. Иқтисодий тараққиётнинг муҳим драйверларидан бири сифатида экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш чораларига алоҳида эътибор қаратилди.

Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar