Буюк Темур – жаҳон солиқ сиёсатининг асосчиларидан бири

Буюк Темур – жаҳон солиқ сиёсатининг асосчиларидан бири

Ҳа, айнан шундай! Буюк Темур ўз даврининг энг мукаммал ва адолатли солиқ сиёсатини яратган шахс! У буюк асари “Темур тузуклари” да давлат солиқ сиёсатининг назарий қоидаларини ишлаб чиққан ҳамда уларни ўзининг бепоён салтанатида амалиётга жорий этган. Минг афсуслар бўлсинким, ҳозирга қадар буюк давлат арбоби ва ислоҳотчи Темурнинг солиқ сиёсати соҳасидаги жаҳоншумул аҳамиятга молик фаолияти юртимизда етарли даражада ўрганилмаган ва ўзининг ҳақиқий баҳосини олмаган. Мазкур мақолада биз ўз даврининг адолат-ли, оқилона ва мукаммал солиқ сиёсатини яратган бобокалонимизнинг бу соҳадаги хизматлари ҳақида фикр юритамиз.

Солиқлар иқтисодиётнинг шундай кенг қамровли соҳасики, улар жамият аъзоларининг мутлоқ кўпчилик қисми ҳаётига бевосита таъсир кўрсатади. Солиқ сиёсати, унинг мазмуни, турлари, ставкалари, уларни йиғиш вақти ва тартиблари барча солиқ тўловчиларни қизиқтириши ўз-ўзидан тушунарли. Қолаверса, мустақилликни яқинда қўлга киритган давлатларда солиқ механизми ҳали шаклланиш ва такомиллашиш босқичларини ўз бошидан кечирмоқда. Шу сабабларга кўра мамлакатимизда сўнгги йилларда солиқлар билан боғлиқ муаммолар тобора кўпроқ китоб, мақола ва илмий тадқиқотларга мавзу бўлаётганлигини табиий бир ҳол сифатида қабул қилиш мумкин. 2018 йил давомида юртимизда янги “Солиқ Концепцияси” нинг матни қизғин муҳокама қилинганлиги ҳам сўзимизнинг исботи бўла олади.

Мазкур масалага оид илмий-оммавий адабиёт, айниқса, диссертациялар билан танишиш жараёнида юзага чиқадиган қизиқ бир ҳолат кишини ўйлашга мажбур қилади. Собиқ шўролар даврида иқтисодий, шу жумладан, солиқ назарияси билан шуғулланадиган олимлар ўз тадқиқотларини асосан К.Маркс, Ф. Энгельс ва В. Ленин асарларига таянган ҳолда амалга оширишар эди. Большевиклар империяси парчаланиши билан боғлиқ объектив сабабларга кўра марксизм-ленинизм таълимоти асосчилари иқтисодий фанлар чўққисидан тушиб кетишди ва бу борада муайян бўшлиқ пайдо бўлди. Улардан кейин солиқ масалалари бўйича ёзилаётган рисола, мақола ва илмий тадқиқотлар муаллифлари мазкур вакуумни асосан ғарблик олимлар асарлари ҳисобига тўлдира бошлашди...

Асар, мабодо замонавий солиқ сиёсати ва унинг долзарб муаммолари ҳақида ёзилаётган бўлса, бундай ёндошишни маъқуллаш мумкин. Лекин солиқларнинг тарихи, уларнинг пайдо бўлиши, ривожланиш босқичлари, объектив сабабларга кўра ўзига хос хусусиятларга эга бўлган шарқ давлатларида солиқ сиёсатининг шаклланиши каби масалаларни тадқиқ қилаётганда ҳам тадқиқотчилар ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилиш жараёнида кўпроқ ғарб олимлари асарларига таянишмоқдаки, бу ҳолатга мутлақо қўшилиб бўлмайди.

Солиқлар ҳақида тайёрланган ҳар қандай илмий тадқиқотда мавзунинг ўрганилганлик даражаси Вильям Петти, Адам Смит, Давид Рикардо каби ғарблик классик олимларнинг солиқларга оид қарашларини таҳлил этиш билан бошланиши таомилга кириб қолди. Солиқлар ҳақидаги фаннинг пайдо бўлиши ҳам асосан юқорида номлари зикр этилган олимларнинг хизматлари, деган хулоса аллақачон ҳаммамизнинг қон-қонимизга сингиб кетди.

Бозор иқтисодиёти ривожланган ва ўз олдига шундай мақсад қўйган давлатларда амал қилаётган солиқ сиёсати ва унинг замонавий муаммолари тадқиқ қилинган асарларнинг «фойдаланилган адабиётлар рўйхати» қисмида ҳам асосан яна ғарблик олимларнинг номларини кўрамиз. Қайси диссертация, китоб ёки мақолани олиб қараманг, улар С. Брю, Ж Кейнс, М.Кемпбел, Я.Корнаи, К. Макконелл, Ж. Лоуренс, П. Самуэльсон, Й. Шумпетер, М. Фридман каби олимлар асарлари билан бошланиб, яна ўшалар билан тугайди.

Ғарблик олимлардан кейин собиқ совет ва замонавий рус олимлари асарлари, ва ниҳоят, илмий тадқиқотда фойдаланилган адабиётлар рўйхатининг охирида ўзбек олимлари тадқиқотлари тилга олинади.

Менинг фикримча, масалага бу тахлит ёндошиш тарихий воқеликка тўғри келмайди ва уни ўзгартириш фурсати аллақачон етиб келди.

Масалан, солиққа тортишнинг умумий принциплари биринчи бор Адам Смит, Вильям Петти ва Давид Рикардо асарларида ишлаб чиқилган, деб ҳисобланади. Бу ўринда ортиқча эътирозимиз йўқ. Негаки, классик сиёсий иқтисод асосчилари бўлмиш инглиз олимлари Вильям Петти (1623-1687 йиллар) “Солиқлар ва йиғимлар ҳақидаги рисола”(1662 йил), Адам Смит(1723-1790 йиллар) “Халқлар бойлигининг табиати ва сабаблари тўғрисида тадқиқот” (1776 йил), Давид Рикардо (1772-1822 йиллар) “Сиёсий иқтисод ва солиққа тортиш асослари” (1817 йил) каби машҳур асарларида солиқлар бўйича ҳақиқатдан ҳам катта иш қилишган.

Лекин улар солиқлар масаласида фикр юритишар эканлар, инсоният тарихида ўзларидан олдин яратилган асарлар, ғояларга таянишганлиги негадир кўпчилигимизнинг эсимиздан чиқиб қолмоқда. Мазкур масалага ойдинлик киритиш учун инсоният тарихида ўчмас из қолдирган йирик давлатлар солиқ сиёсатларини синчиклаб ўрганиш керак бўлади. Биз бу ўринда мисол тариқасида жаҳонда оқилона солиқ сиёсати шаклланишига ўта чуқур таъсир кўрсатган Буюк Темур яратган ва ўз салтанатида жорий этган солиқ сиёсати ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Жаҳонда илк давлатлар ва уларнинг турли-туман харажатларини қоплаш мақсадида солиқлардек ўта муҳим восита ўйлаб топилиши билан, яъни қадим-қадимдан солиқларнинг тўловчилари уларнинг миқдори маълум бир меъёрда бўлиши учун курашиб келишган. Ва шуни фахр билан айтишимиз мумкинки, Темур бобомиз бу муаммо ижобий ҳал бўлиши учун жуда катта ҳисса қўшган.

Буюк Темур ўз қамровидаги давлатларда адолатли ва мукаммал солиқ тизимини яратган. Бу фикримизнинг тўғрилигини тушуниш учун унинг мамлакатларни бошқариш фаолияти ҳамда “Темур тузуклари” асарига мурожаат қилиш етарли. Жаҳонгир “Темур тузуклари” асарида солиқлар ва солиққа тортиш масалаларига жуда катта эътибор берган. Буюк ислоҳотчи бобомиз бу асарида солиқ сиёсатининг назарий асосларини яратган.

“Амр қилдимки, - деб таъкидлайди Буюк Темур, - раиятдан хирож йиғишда уни оғир аҳволга солишдан ёки мамлакатни қашшоқликкка тушириб қўйишдан сақланиш керак. Негаки, раиятни хонавайрон қилиш (давлат) хазинасининг камбағалланишига олиб келади. Хазинанинг камайиб қолиши эса, сипоҳнинг тарқалиб кетишига сабаб бўлади. Сипоҳнинг тарқоқлиги, ўз навбатида, салтанатнинг кучсизланишига олиб боради”.

Эътибор қилинг, мазкур фикрларда солиқ тўловчи халқ ва солиқ йиғувчи давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатлар ўта нозик эканлиги, солиқнинг миқдори мўътадил бўлиши зарурлиги, бу қоидага риоя қилмаслик ўта ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлиги аниқ ва равшан ифодаланмоқда. Ўша даврлардаги Европа ҳукмдорлари аксариятининг давлатчилик фаолиятида бундай қоидалар маълум эмасди! Аниқроқ айтганда, жаҳон давлатларининг кўпчилигида ҳали “солиқ сиёсати” деган тушунчанинг ўзи йўқ эди...

Соҳибқирон қишлоқ хўжалигида солиқни экиндан олинган ҳосилга ва ернинг унумдорлигига қараб белгилашни жорий қилади. Амир Темур салтанатида ҳосил пишиб етилмасдан раиятдан молу жиҳот олишни қатъий равишда таъқиқлаб қўйиш ҳам амал қилганки, солиққа тортишнинг бундай адолатли тамойиллари ҳам жаҳон давлатларининг кўпчилигида ҳали маълум эмас эди: “Амр қилдимки, ҳосил пишиб етилмасдан бурун раиятдан молу жиҳот олинмасин. Ҳосил етилишига қараб, солиқни учга бўлиб олсинлар”.

Эътибор беринг, юқорида баён этилган қоида ўта муҳим. Негаки, Буюк Темур ҳали даромад манбаи бўлмасдан солиқ олиш мумкин эмаслигини қаттиқ ман этяпти. 14-асрда солиқ сиёсатини бу қадар чуқур ва нозиқ тушуниш учун давлат раҳбари Буюк ислоҳотчи бўлиши керак эди! Ҳосил пишиб етса ҳам ҳали солиқнинг ҳаммасини олиш мумкин эмаслиги белгиланяптики, бу қоида солиқчиларни тийиб туришга хизмат қилади. Чунки ҳосил пишди дегани деҳқоннинг чўнтагига дарҳол пул тушишини билдирмайди. Ҳали ҳосилни йиғиш, тозалаш, саралаш ва бозорга олиб чиқиб сотиш керак бўлади. Буларнинг ҳаммасига анчагина вақт сарф бўлади. Ислоҳотчи Темурнинг бундай чуқур ўйланган солиқ сиёсатига айни пайтда ҳам етарлича эътибор берилмаяпти.

Ташландиқ ёки янги ерларни ўзлаштирган шахсларга солиқдан катта имтиёз берилган. “ Яна амр этдимки, - дейилади “Темур тузукларида”, - кимки бирон саҳрони обод қилса ёки кориз (ер остидан қурилган ариқ) қурса, ё бирон боғ кўкартирса, ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нарса олмасинлар, иккинчи йили раият ўз розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили (эса олиқ – солиқ) қонун-қоидага мувофиқ хирож йиғсинлар”.

Ахир бундай фикрлар адолатли солиқ сиёсатининг асосини ташкил қилмайдими?! Буюк Темур ўз замонасининг нисбатан энг адолатли солиқ сиёсатини ишлаб чиққан ҳамда уни Осиё ва Европанинг катта қисмини ташкил этган бепоён салтанатида ҳаётга жорий этган. У ўз ихтиёридаги мамлакатларда солиққа тортиш, унинг миқдори ва тўғри йиғиб олиш жараёнини тартибга солган. Яъни солиқ сиёсатини ташкил этиш бўйича “Темур тузуклари” китобида яратган назариясини амалиётга ҳам ўзи жорий этган.

Демак, Буюк Темурни жаҳон давлатчилиги тарихида солиқ сиёсатининг асосчиларидан бири, дейишга ҳаққимиз борлиги кўриниб турибди. Унинг солиқ сиёсатини ташкил этиш бўйича билдирган ғоялари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Солиқ назариясини яратган, деб ҳисобланадиган ғарблик олимлар ҳам шу тахлит ғояларни Темур бобомиздан 3-4 аср кейин бошқача шакл ва сўзлар билан ифодалашганликларини тушуниш учун уларнинг асарларини бир бор қиёслаб чиқиш етарли...

Эътибор беринг: Буюк Темур 1370 – 1405 йилларда ҳукмронлик қилган. Демак, айтиш мумкинки, “Темур тузуклари” шу даврда ёзилган. 1402 йили Анқара ёнида турк султони Йилдирим Боязид устидан ғалаба қозонгандан кейин Темурнинг номи бутун Европага машҳур бўлиб кетади. Бунинг сабаби шундаки, шу жангдан олдинроқ Боязид Европа қиролларининг бирлашган қўшинини тор-мор қилган ва энди у атрофда унга тенг кела оладиган ҳарбий куч қолмаганди. Шу боис Европа давлатларининг қироллари ва аҳолиси Темурни “Европа халоскори” деб атаб, унинг ҳаёти ва фаолиятига қизиқиш кескин ошиб кетди.

Европадаги энг йирик ва нуфузли давлатларнинг қироллари Буюк Темур билан яқинлашишга ҳаракат қила бошлашди. Масалан, Англия қироли Генрих IV Темурни улкан ғалабалари билан қутлаб, унга хат йўллади. Карл VI “Буюк ғолиб ва шонли князь Тимурга” деб мақтов хати юборди. Генуяликлар бобомизга ёқиш учун Константинополь ёнида Темурнинг байроғини кўтариб қўйишди. Греция ҳукмдори Мануэлъ ҳарбий ёрдам сўради. Кастилия қироли Дон Генрих Руи де Гонсалес Клавихони Самарқандга элчи қилиб жўнатди.

Мазкур оламшумул ғалабадан кейин Европанинг қироллари Темур давлатига элчилар жўната бошлашди. Европалик элчилар Темур давлатини синчиклаб ўрганиб, ўз фикр-мулоҳазаларини ёзиб, қиролларига тақдим эта бошлашди. Айримлари эса китоблар ҳам ёзишди. Масалан, Кастилия қироллигининг элчиси Руи Гонсалес де Клавихо 1402-1406 йилларда элчи вазифасида бўлиб, 1406 йили ўз юртига қайтиб келди. Сафардан кейин Клавихо Темурнинг давлатни бошқариш, ҳарбий маҳорати ва ҳаёти ҳақида ўзи кўрган-кечирган воқеалар ҳақида батафсил ҳисобот тайёрлади ва ўз қиролига ахборот берди. Клавихо “Буюк Тамерлан тарихи” деган ном билан махсус китоб ҳам тайёрлади. Тўғри, мазкур асар китоб чоп этиш ҳали ихтиро қилинмаганлиги туфайли қўлёзма шаклида қолиб кетди ва фақатгина 1582 йилдагина нашр этилди.

15- асрдан бошлаб, айниқса, Клавихонинг китобидан кейин Европа давлатларида Темур ҳақида, унинг ҳарбий салоҳияти, давлатни идора этиш услуби, жумладан, унинг солиқ сиёсати ҳақида янада кўпроқ асарлар ёзила бошланди. “Темир тузуклари”ни ўз тилларига таржима қилиб, синчиклаб ўргана бошлашди.

Темур шахсига бўлган улкан қизиқиш ҳақида мамлакатимиз тарихининг билимдонларидан бири марҳум академик Бўрибой Аҳмедов қуйидагича шоҳидлик беради: “Тузуки Темурий 15-19-асрларда нафақат олийнасаб кишилар, балки бутун жаҳон илм аҳли ўртасида шуҳрат топди. Асарнинг қўлёзма шаклида ҳам, тошбосма тарзида ҳам жаҳоннинг деярли барча кутубхоналарида борлиги, шунингдек, кўп тилларга – инглиз, француз, рус , урду ва ҳозирги ўзбек тилларига узлуксиз таржима қилиб турилиши бунга исбот – далилдир”.

Темурга бағишланган бадиий асарлар ҳам ёзила бошланди. У ҳақда битилган илк бадиий асарлардан бири сифатида 1588 йили инглиз драма-турги Кристофер Марлоу томонидан ёзилган тарихий пьесани мисол сифати-да келтириш мумкин.Буюк бобомиз ҳаёти ва фаолияти ҳақида немис компо-зитори Георг Гендель 1724 йили опера, америкалик Эдгар По 1827 йили шеърий поэма яратишган. Инглиз шарқшунос олими Майор Дэви “Темур тузуклари”нинг Абу Толиб ал-Ҳусайний томонидан форсчага қилинган таржимасини инглиз тилига ўгириб, уни Жозеф Вайт деган олим тайёрлаган форсча матни билан бир муқовада 1783 йилда Оксфордда нашр этади. Айнан ушбу нашр “Темур тузуклари”нинг дунё бўйлаб тарқалишида жуда катта аҳамиятга эга бўлган. Бу асардан кейин дунё давлатларида Темур ҳақида юзлаб бадиий ва илмий асарлар ёзилди, қатор бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратилди.

Энди жаҳонда солиқ фанининг “оталари” ҳисобланмиш олимлар фаоли-ятига яна бир бор назар ташлайлик. Юқорида баён қилдикки, Вильям Петти “Солиқлар ва йиғимлар ҳақидаги рисола”сини 1662 йилда, Адам Смит “Халқлар бойлигининг табиати ва сабаблари тўғрисида тадқиқот” ини 1776 йилда, Давид Рикардо “Сиёсий иқтисод ва солиққа тортиш асослари” асар-ларини 1817 йилда нашр этишган. Булар ўзларининг машҳур илмий ишла-рини чоп этишган пайтда Буюк Темурни Европа давлатларида аллақачон таниб улгуришганди. Унинг давлатни бошқариш, саркардалик фаолиятлари ҳақида анчагина асарлар ёзилиб бўлган эди.

Буюк давлат арбобининг оламшумул аҳамиятга молик асари “Темур тузуклари” бу даврда, академик Бўрибой Аҳмедов гувоҳлик берганидек, дунёнинг барча йирик тилларига таржима қилинган ва кутубхоналарда сақла-наётган эди. Демак, Темур вафоти ва “Темур тузуклари”дан энг камида 262 йил кейин “Солиқлар ва йиғимлар ҳақидаги рисола” ни ёзган Вильям Петти, 371 йил ўтиб “Халқлар бойлигининг табиати ва сабаблари тўғрисида тадқи-қот” ини битган Адам Смит ва 412 йил кейин “Сиёсий иқтисод ва солиққа тортиш асослари” ни нашр этган Давид Рикардолар Темурнинг давлатчилик фаолияти ва унинг шоҳ асари билан таниш бўлганлар, деб ўйлашга етарли асосларимиз бор.

Негаки, Темур даврида китоб ёзиш ўта қийин машғулот эди. Китобни нашр этиш, типография деган тушунчаларни инсон ҳали ўйлаб топмаган. Китобни ҳаттот фақат қўлида кўчириб кўпайтириши мумкин бўлиб, шу боис унинг нусхаси битта- иккита бўларди, холос. Демак, тасаввур қила оламизки, солиқ соҳасида китоб ёзмоқчи бўлган европалик олимнинг шу соҳага оид масалаларни чуқур таҳлил этган “Темур тузуклари” ни ўқиш эҳтимоли жуда катта эди!

Мазкур олимларнинг юқорида номлари зикр этилган асарларида баён этилган энг муҳим хулоса ва фикрлар “Темур тузуклари”га жуда-жуда ҳам ўхшаб кетишлиги фикримизнинг яна бир исботидир. Мазкур асарларни қиёсий таҳлил қилиш шуни кўрсатмоқдаки, Буюк Темур вафотидан 300 – 400 йил ўтгандан кейин Петти, Смит ва Рикардолар “Темур тузуклари” даги қатор фикр-мулоҳазаларни ўз тилларида ва европача баён этиш услубида ёзиб чиқишган.

Кези келганда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Буюк Темур юртимизни мўғўллар зулмидан озод қилиш ва Амир Ҳусайн билан тахт учун узоқ давом этган курашларида халққа уларга нисбатан адолатли солиқ сиёсатини таклиф этгани ҳам катта ёрдам берганлиги сир эмас.

Мен солиқлар ҳақидаги фаннинг таркиб топишида ғарблик олим ва мутафаккирларнинг хизматларини инкор этиш ниятидан узоқман. Ҳақиқат-дан ҳам улар замонавий солиқ назарияси ва амалиётининг асосчилари ҳисобланишади. Бунга ҳеч ким шубҳа қилаётгани йўқ. Лекин ҳамма гап шундаки, солиқларнинг алоҳида фан ва соҳа сифатида шаклланиши жараёнида ўз замонасининг энг илғор ва адолатли солиқ сиёсатини яратган, уни амалиётга жорий этган Буюк Темурнинг ҳам муҳим ҳиссаси бор эканлигини эътироф этишнинг аллақачон вақти етиб келди. Қолаверса, унинг солиқ соҳасидаги таълимотидан наинки шарқ, балки ғарб давлатлари ҳам асрлар давомида фойдаланиб келишди.

Мазкур ҳолатга чек қўйиш учун аждодларимиз қолдирган буюк меросни синчиклаб ўрганиш талаб этилади. Лекин бу осон ва тез фурсатда ҳал бўладиган иш эмас. Негаки, уларнинг асарлари эски ўзбек(турк), араб ва форс тилларида ва бошқа имлода, яъни араб алифбосида битилган.

Собиқ шўролар даврида биз буюк меросимизни билмас эдик. Буюк Темур бор-йўғи “ўрта асрларнинг қонхўр подшоларидан бири” эди, холос. Ал-Фарғоний, Имом Бухорий, Ат-Термизий, Марғиноний, Мотуридий каби алломаларимизнинг хизматлари у ёқда турсин, ҳатто номларини ҳам эшитмаган эдик. Мустақиллик шарофати билангина биз уларни танидик ва фаолиятларини ўргана бошладик.

Тан олиш керакки, 2016 йилдан бошлаб аждодларимиз меросини ўрганиш жараёнида янги давр бошланди, улар таълимотини ўрганишга эътибор кескин кучайди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти-нинг қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди, нуфузли тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, Самарқанд шаҳрида 2017 йилнинг 28-30 август кунлари ЮНЕСКО шафелигида “Жаҳон тамаддуни тарихида Марказий Осиё Ренессанси” мавзуида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Мазкур анжуман Марказий Осиёдан етишиб чиққан олим ва мутафаккирларнинг тарихий меросини чуқур тадқиқ этиш ишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Юртимиздан етишиб чиққан ислом олами мутафаккирлари асарларини, уларнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур ўрганиш, дунёнинг барча халқларига ислом динининг ҳақиқий моҳиятини етказиш учун Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди.

2017 йил 24 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелда имзо-ланган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонига мувофиқ Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди. Мазкур Фармонда “ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодла-римизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш”диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишларидан бири эканлиги алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси:

“Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар (таъкид бизники), хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк ва б.) ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрларни тайёрлашга, ўрта махсус, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, малака ошириш босқичларида узлуксиз таълимнинг яхлит тизимини ташкил этишга ва илмий меросни чуқур тадқиқ қилиш ва асраб-авайлашга, диний ва дунёвий билим беришга ихтисослашган етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланиши” белгилаб берилди.

2017 йил февралда мамлакатимиз Президенти мазкур масала соҳасидаги ўта муҳим ҳужжатга қўл қўйди, унга мувофиқ Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази ташкил этилди. 2017 йилда бу борада яна бир ўта улкан қадам ташланди. Яъни Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқВазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди. Аждодларимиз қолдирган буюк меросни тизимли асосда чуқур тадқиқ этиш, улар асарлари ва фаолиятининг тарихий ва замонавий цивилизация тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини очиб бериш мазкур марказлар фаолиятининг энг муҳим йўналишлари сифатида белгиланди.

Бундай саъй-ҳаракатлар буюк мутафаккирларимиз илмий-ижодий меросини чуқур тадқиқ этиш, жумладан, уларнинг молия фанининг шалла-ниши ва ривожланиши жараёнларига қўшган улкан хизматларини ўрганишга хизмат қилиши аниқ. Мазкур тадбирларнинг энг муҳим аҳамияти шундаки, улар ислом иқтисодиёти ва молиясини ўрганиш бугун давлат даражасидаги муҳим вазифалар қаторига киритилганлигидан далолат беришмоқда.

Лекин бу мураккаб ва узоқ давом этадиган жараён бўлиб, уни ҳал этиш иқтисодчи олимлардан жуда катта куч ва ғайрат талаб этади. Умид қиламан-ки, Буюк Темур каби аждодларимизнинг улкан меросини ўрганиш ва шу йўл билан тарихий адолатни тиклаш жараёнига олимларимиз ўзларининг муно-сиб ҳиссаларини қўшишади.

Одил Олимжонов

Экономическое обозрение №1 (229) 2019

Поделиться постом

Похожие новости