1-ярим йилликда кўчмас мулк бозорида ҳолат қандай ўзгарди – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳи

1-ярим йилликда кўчмас мулк бозорида ҳолат қандай ўзгарди – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳи

Кўчмас мулк бозорида талаб қандай ўзгараётгани, Ўзбекистонда уй сотиб олиш учун ўртача қанча вақт зарурлиги ва қайси ҳудудларда кўпроқ вақт талаб этилаётгани, қайси шаҳарларда бу кўрсаткич нисбатан паст эканлиги ҳақида батафсил маълумотни "Иқтисодий шарҳ" журналида ўқишингиз мумкин.

Таҳлил натижаларига кўра, Ўзбекистонда 2022 йилнинг 1-ярмида 126 минг дона кўчмас мулк олди-сотди шартномалари расмийлаштирилди, бу 2021 йилнинг ушбу даврига (119 минг) нисбатан 6 фоизга кўп.

1-расм. Кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони ўзгариши

Ҳудудлар кесимида жорий йилнинг 6 ойи давомида энг юқори ўсиш суръатлари Хоразм (24%), Бухоро (22%), Сурхондарё (16%), Жиззах (13%), Наманган (13%), Қашқадарё (12%) ва Фарғона (11%) вилоятларида кузатилди.

Шу билан бирга, кўчмас мулк бозоридаги олди-сотди шартномалар сонининг нисбатан паст ўсиш суръатлари Тошкент вилоятида (-7%) қайд этилди, Сирдарё вилоятида (-1%) фаолликнинг бирмунча пасайиши кузатилди.

Пойтахтда 2022 йилнинг 1-ярмида кўчмас мулкни сотиб олиш ва сотиш бўйича тузилган шартномалар сони бироз ошди (+1%) ва 37,446 тани ташкил этди.

Ипотека кредитлари

Ўтган йилнинг мос даврида кўчмас мулк олди-сотдисининг 21 фоизи ипотека кредитлари орқали молиялаштирилган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткич 28 фоиздан ошди. Шу билан бирга бирламчи бозорда 45 мингга яқин янги уй-жойлар қуриб топширилган (ўсиш 32%).

Иккиламчи уй-жой бозорида нархларнинг ўзгариши

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилнинг 1-ярмида иккиламчи бозорда ўртача уй-жой нархлари 7,1%га ўсди (1-чоракда 1% ўсиш, 2-чоракда 6% ўсиш).

Ҳудудлар кесимида жорий йилнинг 1-ярмида уй-жой кўчмас мулк нархларининг энг катта ўсиш суръатлари Тошкент (15,6%), Навоий (15%), Сурхондарё (13,3%) ва Сирдарё (11,5%) вилоятларида кузатилган, Наманган (-13,3%) ва Самарқанд (-1,3%) вилоятларида уй-жой нархлари пасайган.

2-расм. Тошкент шаҳри ва вилоят административ марказларида иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар ўзгариши (1 кв метр учун АҚШ долларида)

Йил бошидан буён Тошкент шаҳрида иккиламчи бозорида уй-жой нархлари 11,3%га ошди (биринчи чоракда 6,5%га; иккинчи чоракда 4,3% га ўсган). Шу билан бирга, уй-жой нархининг ўсиши барча туманларда қайд этилди, энг катта ўсиш Мирзо-Улуғбек (18,7%), Яккасарой (16%) ва Яшнобод (14,3%) туманларида кузатилди.

Ферузбек Давлетов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Сектор мудири
Нозимжон Ортиқов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Сектор мудири
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

тел: (78) 150 02 02 (417)


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар