Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (“Машъал” маҳалласи)

Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (“Машъал” маҳалласи)

– Касб фаолиятингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз? Олдин нима иш билан шуғуллангансиз? Ўз вазифангизни қандай тушунасиз?

Иш фаолиятимни 2012 йилда маҳаллада хотин-қизлар фаоли сифатида бошлаганман. 2018-2020 йилларда “Маҳалла” жамғармасида ўринбосар лавозимида ишладим. Кейинчалик фаолиятимни “Шодиёна” МФЙда хотин-қизлар фаоли лавозимида давом эттирдим. “Маҳалла – беш ташаббус бешиги” республика кўрик-танлови ғолиби бўлдим. Юртбошимиз билан кўришиш бахти насиб этди, танлов ғолиби сифатида менга Президентимиз ташаббуслари билан “Дамас” русумли автоулов совға қилинди. Шундан сўнг менга катта ишонч билдирилиб, “Машъал” маҳалласига ҳоким ёрдамчиси сифатида ишга тайинландим.

Албатта, қийинчиликлар ҳам бўлган. Хонадонма-хонадон юриб, аҳоли билан танишиб чиқишга тўғри келган. Январь ойида ишга келганмиз, қиш кунлари изғирин совуқ бўлишига қарамасдан, кўчаларда тадбирлар ташкиллаштириб, маҳаллаларда микрофон орқали аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотлар қилдик. Аммо бу вақтинчалик қийинчиликлар бизнинг шижоатимизни сусайтира олмади.

Ҳоким ёрдамчиси этиб тайинлангандан кейин ишни нимадан бошладингиз? Ўтказилган ўрганишлар давомида нималар аниқланди? Ўтган вақт давомида қандай натижаларга эришилди?

Бу лавозимга 2022 йилнинг январь ойида тайинланганман. Янги вазифани бажаришга киришганимдан сўнг ишни дастлаб маҳалладаги аҳолини хатловдан ўтказишдан бошлаганман. Хатлов ўтказиш жараёнида аҳоли яшаш пунктидаги барча хонадонлар, ишсизлар, тадбиркорликка иштиёқи бўлган фуқаролар ва камбағал оилалар сони – ҳамма-ҳаммаси ўрганилиб, тоифаларга ажратиб чиқилган. Шу билан бирга аҳолининг бандлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Ишсиз аҳолини бандликка йўналтириш йўллари ўрганиб чиқилди. “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида Мономарказлар билан ҳамкорлик ўрнатилди. Ушбу марказларда ёшларни бепул ўқитиш ва ҳудудда талабгир касбларни ўргатиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда маҳалламиз аҳолиси қарийб 8000 нафарни ташкил қилади. 2022 йилнинг январь ойи ҳолатига кўра, улар орасида 540 киши ишсиз бўлиб, орасида олий таълим муассасаларини тамомлаган ёшларимиз ҳам йўқ эмас эди. Ижтимоий кўмакка муҳтож, ҳар бир ишсиз фуқаронинг муаммоси ўрганилиб, тегишли корхона ва ташкилотларда иш билан таъминланди.

Иш фаолиятимизда асосий эътиборни мамлакатимиздаги оғриқли нуқталардан бири ҳисобланган ишсизлик даражасини камайтиришга қаратамиз. Шу мақсадни амалга ошириш учун ҳозирги кунда энг оммавий усуллардан бири бўлган ёшларга субсидия, имтиёзли кредитлар ажратилишидан ҳам фойдаландик. 2022 йилда 12 та, 2023 йилда 7 та, 2024 йилда 6 та тадбиркорлик субъектига имтиёзлар ажратилди. Бу имтиёзлар, асосан, уйда ўтирган, уйидан деярли чиқа олмайдиган, оғир тоифадаги аҳоли учун тикув машиналари олиб беришга мўлжалланган.

Бироқ ижтимоий ёрдамнинг бу шаклидан кўп фойдаланмасликка ҳаракат қилдик. Чунки менинг фикримча, ёшларга субсидиялар ажратилиши, қайсидир маънода, уларнинг ўз устида ишлашига тўсқинлик қилади.

– Маҳаллангиз ривожининг асосий иқтисодий ўсиш драйвери нима? Нега ушбу йўналишлар танлаб олинди? Танланган йўналишларни тезкор ривожлантириш учун нима ишлар қилинмоқда?

“Машъал” МФЙ марказ жой бўлганлиги сабабли, хизмат кўрсатиш соҳасига ихтисослашган. Маҳалланинг асосий иқтисодий драйвери ҳам хизмат кўрсатиш соҳаси.

Бизнинг маҳаллада ҳам ҳамма жойда бўлганидек, норасмий ишлаб келаётган, хуфиёна тадбиркорлик билан шуғулланаётган ҳамда бошқа ҳудудлардан келиб, нолегал ишлаётган фуқаролар аниқланди. Улар билан тушунтириш ишлари олиб борилди, ижтимоий солиқлар тўланса, иш стажи кетиши ҳақида тушунча берилди. Нолегал тадбиркорлик субъектлари шу тарзда легаллаштирилди.

Ҳозирги кунга келиб, маҳалламиз ишсизликдан холи ҳудудга айланди, деб бемалол айта оламан. 2022 йил бошида 176 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритган бўлса, 2024 йилнинг октябрь ойига келиб, 292 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил қилинди. Фаолияти батамом тўхтаб қолган 28 та тадбиркорлик субъектига имтиёзлар берилиб, иш фаолияти тикланди.

“Машъал” МФЙга янги иқтисодий ривожланиш драйверлари жалб қилинди. Масалан, кўп қаватли уйларнинг ертўла қисмларида микроорганик ўсимликларини етиштириш кооперацияси ташкил қилинди. Бунда асосан “Ёшлар”, “Аёллар” дафтарига киритилган хотин-қизлар касаначилик билан шуғулланишга жалб қилинди.

Микрокўкат етиштиришда уруғлар бир марталик идишларда экилади, меҳнати унчалик оғир эмас. Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган вилоятидан мазкур жараённи ўрганиш учун мутахассислар ташриф буюришди. Уларга ҳам ўз тажрибамиздан келиб чиқиб, кооперация ташкил қилиб бердик, фаолиятини давом эттириш учун билим ва кўникмаларимиз билан бўлишдик.

– Маҳаллангизнинг жойлашуви, иқтисодий ҳолати ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз. Ҳудудда ҳозирги пайтда қандай долзарб муаммолар мавжуд? Сизда ушбу масалаларни ҳал қилиш бўйича конкрет режа борми? Бўлса, унда нима ишлар белгиланган?

Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий жабҳаларига ҳам эътибор қаратилди. 2022 йилга қадар ҳудудимизда маҳалла идорасининг алоҳида биноси бўлмаган. Маҳалла фаоллари ижарадаги бинода ишлаб келишган. Маҳалла учун давлат-хусусий шериклик асосида янги бино барпо этилди. Ушбу бинонинг биринчи қавати тадбиркорлар фаолияти учун, иккинчи қавати эса маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти учун ажратилган. Моддий техник базаси эса тадбиркорлар ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан шакллантирилди. Натижада, маҳалламиз бағоят чиройли масканга, намунали маҳаллага айланди, десам муболаға бўлмайди. Ҳудудимиз тўлиқ ободонлаштирилди. Маҳалла еттилиги ташкил этилди. Кўп қаватли уйларнинг атрофларига раисимиз бошчилигида эко-боғлар ташкил қилинди.

Бошқа йўналишларда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Афсуски, бир пайтлар маҳалла ҳудудида жиноятчилик даражаси юқори бўлгани сабабли, “қизил ҳудуд” сифатида танилган. Чунки маҳалла шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган бўлиб, кўнгилхушлик масканлари, жумладан, дискотека ва барлар кўп бўлган. Натижада, бошқа жойлардан дам олишга келганлар томонидан қатор ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳолатлари кўп учраган.

Бу ҳолатни бартараф этиш мақсадида Хитой тажрибасига суянган ҳолда, “ақлли камера”лар ўрнатиш ишлари олиб борилди. 25 та жойга камера ўрнатилди. Бу камералар маҳаллага кирган-чиққан бегона фуқароларни узоқдан таний олади. Маҳалла ҳудуди тўлиқ кузатилиб, назорат қилиб турилади. Бунинг натижасида ҳуқуқбузарлик содир этиш ҳолатлари кескин камайди. Ҳозирги кунга келиб, маҳалламиз жиноятдан холи ҳудудга айланган.

Маҳалламиз 130 та кўп қаватли уйдан иборат. Хамма уйнинг биринчи қавати тадбиркорлик субъектларига ажратилган. Кўчалар, йўллар, жами 4 км йўл асфальт қилинди.

Бир нечта кўп қаватли уйнинг лифтлари эскирганлиги сабабли янги лифтлар қўйилди.

Маҳалламиз ҳудудида 4 та таъмирталаб мактабгача таълим муассасаси бўлган, улар таъмирланиб фойдаланишга топширилди.

– Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларни Ватанга қайтишга ундаш борасида маҳаллангизда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Мисоллар келтиринг.

Миграция бўйича ҳам тизимли ишлаб келинмоқда. Ҳар битта мигрантнинг ҳаёти билан қизиқиб, улар билан онлайн мулоқотда бўлдик. Маҳалла еттилиги раис бошчилигида ҳар битта кўчага бириктирилиб, четга кетган ёки кетмоқчи бўлган фуқаролар билан шуғулланди. Йўл харитаси тузилиб, харита бўйича фаолият олиб бордик. Хорижга кетган 86 нафар фуқаронинг 70-80 фоизи қамраб олинди. Уларни қайтаришга доир чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Ҳозирги кунга келиб, фақат ўқиётган фуқаролар ва 12 нафар ишчи чет давлати ҳудудида. Ишчи гуруҳлар ташкил қилиниб, 86 нафар фуқародан 42 нафарини ватанга қайтардик ва бандлигини таъминладик. Шундан 16 нафарини ҳудудимиздаги корхоналарга ишга жойладик, 6 та аёлни кооперация асосида “Глобал текстиль” корхонаси, Бешбола ҳудудидаги цехларда касаначилик йўналишида иш билан банд қилдик. Эндиликда четда ишлаб юриб топган даромадларини шу ерда, оила аъзолари бағрида бўлиб туриб, топишмоқда.

Бошқа фуқароларнинг ойлик маошлари анча яхши бўлганлиги сабабли уларни қайтаришга уринмадик. Айни пайтда улар билан бевосита алоқада бўлиб, қайтишлари учун нималарга аҳамият қаратиш кераклигини ўрганяпмиз.

Кишиларда оиласи даврасида бўлиб туриб ишлаш, четда қийналиб топаётган даромадини озгина ҳаракат қилса, ўз юртида ҳам топиши мумкинлигига ишонч уйғонди.

Шу билан бирга, ҳозирги кунда энг долзарб тадбиркорлик йўналишларидан бири бўлган логистика бўйича ўқув маркази ташкил қилиниб, у ерда ёшлар ўқитилди. Сўнг уларни иш билан таъминлаш чоралари кўрилди. Маҳалла ҳудудида айнан АҚШ юк ташиш компаниялари билан ҳамкорлик қиладиган логистика маркази ташкил этилди. Бу ерда 40 та янги иш ўрни яратилди. Хусусан, мигрантларнинг 4 нафари шу йўналиш бўйича банд қилинди. Янги касбни эгаллаган ёшларимиз ойига 6 млн сўмгача даромад қилишмоқда.

– Ўтган вақт давомида маҳаллада аҳолини камбағаллик ҳолатидан чиқариш борасида нима ишлар қилинди? Бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш учун яна нималар қилиш керак? Қанақа молиявий ёрдамлар ажратилиши керак, қанақа таклифлар кирита оласиз?

Аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бунда уларга тадбиркорликни бошлашлари учун субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. 2024 йилда ажратилган 5 та субсидияга кўп қаватли уйларнинг ертўла қисмида чевархоналар, тадбиркорлик субъектлари ташкил қилинди. Субсидиялар “Ёшлар” дафтарига киритилган 6 нафар фуқарога ажратилди.

Тўғри, субсидия – бу яхши имтиёз. Лекин асосий эътиборни кўплаб иш ўринлари яратган тадбиркорларга қаратилиши самаралироқ бўлади, деб ўйлайман. Шундан келиб чиқиб, самарали ишлаётган тадбиркорлик субъектлари сонини кўпайтириш зарур.

Ҳозирги кунда камбағаллик мезони масаласи ҳам жуда долзарб бўлиб турибди. Тажрибамдан келиб чиқиб, шу фикрга келдимки, кўпчилик, аслида камбағал бўлмаган фуқаролар ҳам камбағал сифатида рўйхатга кириб кетяпти.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилдаги 44-сонли қарори, “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низоми асосида комиссия тузилиб, 6-бандга биноан, аҳолининг яшаш шароитини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозирда бу қарор ўз кучини йўқотган.

Бироқ охирги пайтларда, аҳолининг яшаш тарзи инобатга олинмасин, 328-сонли мезонга тўғри келса, у камбағал аҳоли қатламига киритилади, деган қараш илгари суриляпти ва юқоридаги мезон асосида Ижтимоий реестрга киритилмоқда.

Ижтимоий ходимларнинг ўрганишлари натижасида, Ижтимоий реестр ва камбағал оилалар рўйхати 2 хил бўлиб қоляпти. Шунинг учун бу мезонга қандайдир ўзгартиришлар киритилса, яхши бўларди. Кучини йўқотган юқоридаги қарорга кўра, фуқаро томонидан онлайн ариза берилгач, яшаш шароити ва олаётган даромадлари ўрганилиб чиқилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Мезон талабларига жавоб берадиган бўлса, автоматик равишда кўриб чиқилиши керак, деб ўйлайман. Акс ҳолда, аслида камбағал бўлмаган оилалар ҳам камбағаллар тоифасига кириб қолиши мумкин.

– Ҳоким ёрдамчиси сифатида амалий тажрибангиздан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?

Маҳалладаги энг асосий бўғин бу – ҳоким ёрдамчиси. Раиснинг вазифалари кўпроқ ташқи масалалар билан шуғулланишни тақозо қилади. Бошқа ходимлар ҳам ҳоким ёрдамчиси билан чамбарчас боғлиқ. Ижтимоий реестрга киритилган аҳоли, хотин-қизлар ва ёшлар билан бирга доимий алоқада, мулоқотда бўлиш лозим. Шу масалалар билан шуғулланадиган барча ходимлар бир ёқадан бош чиқариб, бирга ишлаши керак. Ижтимоий агентлик ходимларининг ишлари енгилроқ бўлгани учун улар кўпроқ маҳалла ҳаётига кириб ишлаши керак. Ҳоким ёрдамчисининг вазифаси уларни боғлаб туриб, ишларни тўғри олиб боришдир.

– Жорий йилда маҳаллангизни ривожлантириш бўйича қандай устувор вазифалар белгиланди? Бу йўналишда яна қандай режаларингиз бор?

Йил бошида маҳалла ҳудудидаги баъзи жойларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган саволлар қўйилган эди, ҳозирда улар ўз ечимини топди. Бундан ташқари, миграция масаласига катта эътибор қаратилди. Маҳалла ҳудудида янги тадбиркорлик субъектлари ва микролойиҳаларни йўлга қўйишни режалаштирганмиз. 30 та микролойиҳа ташкил этиш режага киритилганди, бугунги кунга келиб, бу кўрсаткични 40 тагача етказа олдик.

Бу микролойиҳалардан, масалан, маҳалла ҳудудига хизмат кўрсатадиган 4 та ўқув маркази, 2 та янги мактабгача таълим муассасаси ташкил қилинди. Тикувчилик цехлари сонини кўпайтирдик, ҳозирги кунда 25 та тикув цехи мавжуд. Уларда 5 тадан 20 тагача иш ўрни мавжуд. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича 4 нафар тадбиркорликка қизиқиши бўлган ишсиз фуқарога хизмат кўрсатиш, яъни озиқ-овқат дўконлари ва автоулов ювишга ўхшаш кичик тадбиркорлик субъектлари ташкил қилиб берилди. Имтиёзли кредитлар ажратилди.

Шунингдек, хотин-қизларимиз учун хизмат кўрсатадиган яна бир тадбиркорлик субъекти – косметология хизматини йўлга қўйиш режамиз бор.

Микроорганик ўсимликлар етиштириш, қадоқлаш бўйича йўналишни кенгайтиряпмиз. Уни саноатга айлантиришни ният қилганмиз. Республика бўйича етказиб беришни йўлга қўйганмиз. Қўшни давлатлар Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон давлатларига ҳам етказиб бериш хизматини ташкил қилдик.

Муҳтарам Президентимизнинг Фарғона вилояти ҳудудини қўзиқоринчиликка ихтисослаштиришга қаратилган ташаббуслари билан, Сайхунобод тажрибаси асосида тадбиркорларимиз томонидан шаҳардаги етиштирилган қўзиқоринларни қуритиб, қўзиқорин унини ишлаб чиқариш, уларни экспортга чиқариш йўлга қўйилди. Бунинг учун махсус ускуналар олиб келинди.

Шуни ишонч билан айта оламанки, халқимиз орасида тушунтириш ишлари тўғри олиб борилса, ислоҳотларнинг моҳияти кишилар онгига етиб борса, маҳаллаларда, албатта, ривожланиш бўлади. Бунга “Машъал” маҳалласини мисол қилиб келтира оламан.

Ишлаган сари тажриба ошаверади. Буни ўзим мисолимда кўрдим. Ҳозирга қадар қўйилган мақсадларга босқичма-босқич эришиб келяпмиз. Халқ бизни таниди, ташкилотлар раҳбарлари бизга ишонч билдирмоқда Аҳолини муаммоларига қўлдан келганча ечим топяпмиз. Энг муҳими, халқ – мамнун!

Жамолиддин Турдимов
"Иқтисодий шарҳ" журнали №11/2024
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар