Бугун, 1 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун Тошкентга ташриф буюрган Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Маминни қабул қилди.
Президентимиз меҳмонни самимий қутлар экан, қардош мамлакатларимиз раҳбарларининг мунтазамлик касб этган ва ишончга асосланган учрашувлари ҳамда уларнинг натижасида эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини, стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилганини мамнуният билан қайд этди.
Асқар Мамин Ўзбекистон Республикаси Президентига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев ва Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда конструктив сиёсий мулоқот йўлга қўйилгани, ўзаро савдо ҳажми ортиб, инвестиция, банк-молия, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистонда ўтаётган Қозоғистон йили доирасида ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашди.
Икки томонлама ҳамкорлик, шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатга оид долзарб масалалар кўриб чиқилди.
***
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТга аъзо давлатлар Бош вазирлари учрашувида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Қирғиз Республикаси Бош вазири Муҳаммадқалий Абилғазиевни қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, олий даражадаги мунтазам мулоқот икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш ва уни амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилганини мамнуният билан қайд этди.
Муҳаммадқалий Абилғазиев Ўзбекистон Республикаси Президентига Қирғиз Республикаси Президенти Сооронбой Жээнбековнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди ҳамда самимий қабул учун миннатдорлик билдирди.
Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Савдо-иқтисодий, саноат, транспорт, агросаноат, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги шерикликни, шунингдек, чегараолди ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзодани қабул қилди.
Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани, икки давлат раҳбарларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан стратегик шериклик даражасига кўтарилганини катта мамнуният билан қайд этди.
Қоҳир Расулзода Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар доимгидек самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдириб, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт, маданий-гуманитар соҳалар ва бошқа устувор йўналишларда эришилган олий даражадаги келишувларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Чегарадош ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Оставить комментарий