2023 йилнинг 17-18 февраль кунлари Халқаро Туркий академия ва Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) котибияти билан ҳамкорликда Остона шаҳрида (Қозоғистон Республикаси) "Туркий дунёда иқтисодий ҳамкорлик ва интеграция" мавзусида семинар ташкил этилди.
Семинарда Халқаро Туркий Академия, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги, Қозоғистон миллий иқтисодиёт вазирлиги, Туркий давлатлар Оқсоқоллари кенгаши, Туркий давлатлар ташкилоти котибияти, Озарбайжон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Венгерия, Туркий давлатларнинг Қозоғистондаги элчи ҳамда дипломатик вакиллари кириш сўзлари билан иштирок этдилар.
Шунингдек, семинар мобайнида, Қирғизистон, Туркия, Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Венгрия давлатларининг тегишли иқтисодий тадқиқот марказлари ва идораларининг вакиллари томонидан давлатларнинг ўрта муддатли ривожлантириш стратегияларининг тақдимоти ўтказилди ва маърузалар қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими Ф.Насриддинов “Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларда ривожлантириш стратегияси” номли маъруза билан иштирок этди.
Мутахассислар томонидан “Турк дунёси қарашлари - 2040” (Turkic World Vision 2040) стратегиясини амалга ошириш имкониятлари юзасидан, шунингдек Туркий давлатларнинг иқтисодий тадқиқот марказларининг ўзаро ҳамкорлик тармоғини (network) ташкил этиш таклиф этилди.
Шунингдек, мутахассислар томонидан ТДТга аъзо давлатлар ўртасидаги иқтисодий шериклик салоҳиятини ривожлантириш тўғрисида фикр алмашилди ва келгусида ушбу йўналишдаги иқтисодий тадқиқотлар бўйича алоқаларни янада кенгайтириш йўналишлари кўриб чиқилди.
Таъкидлаш керакки, Туркий Давлатлар Ташкилоти (илгари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ёки Туркий кенгаш деб аталган) Нахичеван шаҳрида (Озарбайжон) ташкил этилган бўлиб, 2009 йил 3 октябрда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия ўртасида имзоланган Нахичеван битими ушбу ташкилот фаолиятига асос солган.
2018 йил сентябрь ойида Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Туркий кенгаш саммитида Венгрия кузатувчи мақомига эга бўлди, шундан сўнг Будапештда ташкилотнинг Европа ваколатхонаси очилди. 2019 йил октябрь ойида Боку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий кенгашнинг VII саммитида Ўзбекистон Туркий кенгашнинг тўлақонли аъзоси бўлди. Туркманистон 2021 йилда кузатувчи давлат сифатида ташкилот билан ҳамкорлик қила бошлади.
2021 йил ноябрь ойида Истанбулда бўлиб ўтган Туркий кенгаш етакчиларининг VIII саммитида ушбу кенгаш Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) деб қайта номланди. Шунингдек, Истанбул саммитида “Туркий дунё нигоҳи – 2040” стратегик ҳужжати қабул қилинган бўлиб, унда Ташкилот мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг келгуси йигирма йил учун устувор йўналишлари, жумладан, Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида товарлар, капитал, хизматлар, технологиялар ва ишчи кучининг эркин ҳаракатланишига эришиш белгиланган.
2022 йил 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” мавзусидаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ташкилотга аъзо давлатлар – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия Президентлари, шунингдек, кузатувчи мамлакатлар – Туркманистон ва Венгрия етакчилари иштирок этди. Бу Ўзбекистон томонидан дунёнинг турли интеграция тузилмалари ва минтақалари билан фаол ҳамкорлик қилган ҳолда жаҳон иқтисодиётига интеграциялашув бўйича изчил амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар самарадорлигининг яна бир яққол тасдиғидир.
Изоҳ қолдириш