Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун 5-6 ноябрь кунлари амалий ташриф билан Бишкек шаҳрида бўлади.
ТДТ мамлакатларининг иқтисодий салоҳияти жуда катта. Шундай қилиб, 2023 йилда аъзо давлатлар ва кузатувчи мамлакатларнинг умумий номинал ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) дунёнинг 1,7%ини (тахминан 1,8 трлн долл.), харид қилиш қобилияти паритетига (PPP) бўйича эса дунёнинг 3,1%ини (тахминан 5,7 трлн долл.) ташкил этди.
Шу билан бирга, ТДТ мамлакатлари нафақат салмоқли табиий ресурсларга эга, балки ушбу мамлакатлар, айниқса, Венгрия ва Туркияда ривожланган ишлов бериш саноати ва машинасозлик ҳам яхши йўлга қўйилган. Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда тўқимачилик, электротехника, машинасозлик, кимё саноати жадал ривожланмоқда. Бундан ташқари, ТДТ мамлакатларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари катта ҳажмда ишлаб чиқарилади.
ТДТга аъзо мамлакатларнинг умумий ташқи савдо айланмаси 2023 йилда 1,2 трлн. доллардан ошди.
Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан савдоси
Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан товар айланмаси (хизматлардан ташқари) сўнгги 7 йилда 3,34 млрд доллардан (2016 йил) 9,4 млрд долларга (2023 йил) қарийб 2,8 бараварга, ошди. Экспорт 1,71 млрд доллардан (2016 йил) 3,2 млрд долларга (2023 йил) 1,9 бараварга ўсди. Импорт 1,63 млрд доллардан (2016 йил) 6,2 млрд долларга (2023 йил) 3,8 бараварга ўсди.
Ушбу даврда ТДТ мамлакатларининг Ўзбекистон товар айланмасидаги улуши 16,5%дан 17,1%га ўсди, экспорт 19,1%дан 16,7%га камайди, импорт 14,4%дан 17,4%га ўсди.
2023 йилда Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан товар айланмасида энг катта улушни Қозоғистон – 44,9% (4,2 млрд долл) ва Туркия – 31,0% (2,9 млрд долл) эгаллайди, кейин Туркманистон – 11,3% (1,1 млрд долл) ва Қирғизистон – 9,5% (894 млн долл) эгаллади, энг кичик улушларни Озарбайжон - 2,3% (215 млн долл) ва Венгрия-1,0% (90 млн долл) эгаллади.
2024 йилнинг 9 ойи якунларига кўра, 2023 йилнинг шу даврига нисбатан Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 7,2%га, 7,41 млрд доллардан 6,88 млрд долларга, экспорт 12,8%га, 2,85 млрд доллардан 2,49 млрд долларга, импорт 3,6%га, 4,56 млрд доллардан 4,4 млрд долларга камайди.
2024 йилнинг 9 ойи якунларига кўра Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатларига экспорти таркибида саноат товарлари – 35%, машина ва транспорт ускуналари – 22%, озиқ-овқат маҳсулотлари – 11%, кимёвий моддалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар-10%, турли тайёр маҳсулотлар-5,3%, ноозиқ-овқат хомашёси-2,4%, ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари - 2,3%, минерал ёнилғи ва ёғлаш мойлари-1,8% ва хизматлар – 12%ни ташкил этди.
ТДТ мамлакатлари ўртасида ўзаро савдо таҳлили шуни кўрсатадики, ташкилот доирасида савдо ҳажмини тақсимлаш анъанавий савдо шериклари ўртасида ўрнатилган муносабатларга мувофиқ амалга оширилади ва уларнинг бир ташкилотда бўлиши билан боғлиқ эмас.
Инвестициявий ҳамкорлик
Туристик алмашинувлар ва ўзаро инвестициялар ўсиб бормоқда. 2023 йилда давлатлар иқтисодиётига ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 50 миллиард долларга етди, бу 2017 йилга нисбатан 1,5 баравар кўп (тахминан 30 млрд. долл). Сўнгги 5 йил ичида хорижий капиталга иштирокидаги қўшма корхоналар сони 53 мингдан 92 минг донага кўпайди.
2021-2023 йилларда ТДТга аъзо давлатлар Ўзбекистон иқтисодиётига 5 млрд доллардан ортиқ сармоя киритдилар.
2024 йил бошидан буён Ўзбекистонда ТДТга аъзо давлатлар капитали иштирокидаги 500 дан ортиқ янги корхона ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 4 мингга етди (республикада хорижий капитал иштирокидаги корхоналар умумий сонининг 28,8%).
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш