Ўзбекистон кўчмас мулк бозори Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази баҳоларида

Ўзбекистон кўчмас мулк бозори Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази баҳоларида

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази уй-жой кўчмас мулк бозоридаги вазиятни таҳлил қилди.

Октябрь ойида кўчмас мулк бозорида ижобий динамика кузатилди. Рўйхатга олинган кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони сентябрь ойига нисбатан 0,6%га ошиб, 21,4 мингтани ташкил этди.

Кўчмас мулк бозоридаги фаоллик йилига 2% ўсиши, уй-жой бозордаги фаоллик қайта тикланишини кўрсатмоқда.

Ҳудудий динамика

Октябрь ойида кўчмас мулк бозорининг ҳудудлар кесимидаги динамикаси Тошкент вилоятида (+10%) сезиларли ўсиб, Қорақалпоғистон Республикаси (+8,1%) ва Жиззах вилоятида (+7,5%) ҳам ижобий тенденция қайд этилди.

10 ойлик маълумотларга кўра, олтита ҳудудда фаоллик пасайган, энг катта пасайиш Хоразм, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида кузатилган.

Иккиламчи бозордаги уй жой нархлари

Октябрь ойида республика бўйича иккиламчи уй-жойлар бозори нархлари деярли ўзгармади (0,1%га ўсиш).

Ой давомида иккиламчи кўчмас мулк бозорида энг катта ўсиш Андижон - 5,1% ва Сирдарё - 3,3% вилоятларида қайд этилди.

Еттита ҳудудда иккиламчи уй-жой нархининг пасайиши кузатилган бўлса, энг катта пасайиш Наманган – 3,4%, Хоразм – 3,2% ва Самарқанд – 2,5% вилоятларида қайд этилди.

Иккиламчи уй-жойларнинг энг мақбул нархи Қорақалпоғистон Республикасида кузатилди, бу ерда квадрат метр учун ўртача нарх 328 долларни ташкил этади.

Иккиламчи уй-жойларнинг энг юқори нархи Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, квадрат метр учун ўртача 1100 долларни ташкил этди.

Пойтахтнинг Бектемир - 3,9% ва Яшнобод - 3,1% туманларида сезиларли пасайиш қайд этилди.

Умуман олганда, республика бўйича иккиламчи бозорда бир квадрат метр уй-жойнинг ўртача қиймати йил давомида 6,5% ошган бўлса, Тошкент шаҳрида шу даврда 1,3% пасайиш кузатилди.

Уй-жой ижара бозори

Тошкент шаҳрида уй-жой ижара нархлари барқарорлашуви давом этди. Ўртача ижара нархи ўтган ойга нисбатан ўзгармаган – 1 кв. м. учун 8,3 долл.

Ой давомида пойтахтнинг 14 та марказий туманларидан 5 тасида уй-жой ижараси нархи пасайди. Энг катта пасайиш Сергели ва Учтепа туманларида кузатилиб, бу туманларда ижара нархи ўртача 4,5% камайди.

Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи юқорилигича қолмоқда, бу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10-11 долларни ташкил этади.

Шу билан бирга, энг арзон уй-жой ижараси Бектемир ва Сергели туманларида кузатилмоқда, бу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 6 долларни ташкил этади.

Умуман олганда Тошкент шаҳрида йил давомида уй-жой ижараси 12%дан кўпроқ камайди. Энг катта пасайиш Яшнобод - 18%, Сергели - 17% ва Мирзо-Улуғбек - 15,2% туманларида қайд этилди.

Маълумот учун: Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозори Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг тадқиқот йўналишларидан бири бўлиб, унда бирламчи ва иккиламчи кўчмас мулк бозорларидаги фаоллик динамикаси тақдим этиб борилади.

Жалолиддин Усмонов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

тел: (78) 150 02 02 (417)

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар