Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти Германия инвестицияларининг Ўзбекистоннинг технологик модернизациясидаги роли ҳақида

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти Германия инвестицияларининг Ўзбекистоннинг технологик модернизациясидаги роли ҳақида

Германия Ўзбекистон иқтисодиётида асосий инвесторлардан бири сифатида ўз мавқеини мустаҳкамламоқда. Хусусан, 2024 йилда Германия Федератив Республикасидан киритилган инвестициялар ҳажми 1,37 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Асосий инвестициялар саноат, энергетика ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳаларига йўналтирилди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти Абдурашид Бозоров Марказий Осиё ва Германия аналитик марказлари форумида сўзга чиқиб маълум қилди

Марказий Осиё халқаро институтида (МОХИ) «Марказий Осиё ва Германия аналитик марказлари форуми: ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари» мавзусида онлайн-форум бўлиб ўтди.

Тадбирда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) сектор мудири Абдурашид Бозоров маъруза билан иштирок этди. Эксперт сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатлар барқарор ижобий динамикани намоён этаётганини, сиёсий мулоқот фаоллашаётгани, савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгайиб бораётгани, шунингдек, гуманитар ва таълим соҳаларидаги алоқалар мустаҳкамланаётганини таъкидлади.

Қайд этилдики, Германия бугунги кунда Ўзбекистоннинг асосий ташқи иқтисодий ҳамкорларидан бири ҳисобланиб, товар айирбошлаш ҳажми бўйича 7-ўринни эгаллайди. 2025 йилда ўзаро савдо ҳажми 1,4 млрд долларга етди ва бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 2,3 баробар ошди, Ўзбекистон экспорти эса қарийб 4,5 баробарга ўсди. Импорт таркибининг асосини миллий саноатни модернизация қилишга хизмат қилаётган юқори технологик саноат маҳсулотлари, ускуналар, кимёвий маҳсулотлар ва транспорт воситалари ташкил этади.

Шунингдек, инвестицион ҳамкорлик ҳам изчил равишда кенгайиб бораётгани таъкидланди. 2026 йил январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Германия капитали иштирокидаги 225 та корхона фаолият юритмоқда. Фақат 2024 йилнинг ўзида Германия инвестициялари ва кредитлари ҳажми 1,37 млрд долларни ташкил этди. Асосий сармоялар саноат, энергетика, кончилик ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳаларига йўналтирилди. Шу билан бирга, соғлиқни сақлашни молиялаштиришни ўз ичига олган ижтимоий лойиҳаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Эксперт таъкидлашича, Берлин саммити якунлари бўйича қабул қилинган 2024–2030 йилларга мўлжалланган Қўшма декларация ҳамкорликнинг узоқ муддатли институционал кун тартибини шакллантиради. У “яшил” энергетика, иқлим ўзгаришига мослашиш, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда гуманитар алмашинувларни кенгайтириш каби йўналишларни қамраб олади.

Истиқболли ҳамкорлик йўналишлари сифатида ўзбек маҳсулотлари экспортини Германия бозорига ошириш, немис технологияларини жалб этган ҳолда тўқимачилик тармоғини модернизация қилиш, тери-пойабзал саноатида кооперацияни ривожлантириш, медицина кластерларини ташкил этиш ҳамда Pharma Park ҳудудида ишлаб чиқаришни локаллаштириш масалалари алоҳида қайд этилди.

Алоҳида эътибор “яшил” иқтисодиёт лойиҳаларига қаратилди. Жумладан, қуёш панелларини қайта ишлаш, водород энергетикасини ривожлантириш ҳамда стратегик аҳамиятга эга хомашё ресурсларини қайта ишлаш масалалари қайд этилди.

Шунингдек, шаҳар мобиллиги соҳасидаги ҳамкорлик имкониятлари, хусусан Тошкент шаҳри жамоат транспортини модернизация қилиш, немис компаниялари иштирокида муҳандислик ва рақамли ечимларни жорий этиш масалалари белгилаб ўтилди.

Якунда эксперт ўзбек-герман ҳамкорлигининг мустаҳкам пойдевори аллақачон яратилганини таъкидлаб, кейинги босқичда ишлаб чиқаришни локаллаштириш, қўшилган қиймат занжирларини ривожлантириш ҳамда инвестицион-технологик шерикликни кенгайтириш орқали кооперацияни чуқурлаштириш устувор вазифа эканини қайд этди. Бу эса барқарор иқтисодий ўсиш учун янги уфқларни очиб беради.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар

Жамоатчилик билан алоқалар сектори


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар