Омбордаги савдодан рақамли витринага ўтиш

Омбордаги савдодан рақамли витринага ўтиш

Кийим-кечак савдосида энди харидор фақатгина витрина олдида қарор қабул қилмаяпти. Кўп ҳолларда у маҳсулотни аввал интернетда кўради, сотувда бор-йўқлигини аниқлайди, вариантларни солиштиради, мессенжерларда саволлар беради, фикр-мулоҳазаларни ўқийди ва шундан кейингина дўконга бориш ёки буюртмани онлайн расмийлаштиришга қарор қилади.

Эркаклар кийими бозорида фаолият юритаётган тадбиркорлар учун бу шунчаки онлайн-мавжудлик масаласи эмас. Савдони ташкил этиш тизимининг ўзи ўзгармоқда: дўкон нафақат маҳсулот сотиши, балки ассортиментни кўрсата олиши, ўлчамлар ва қолдиқларни кузатиб бориши, мижозларнинг саволларига жавоб бериши, етказиб беришни таъминлаши ва харидор билан доимий алоқада бўлиши керак.

Бундай ўтишнинг яққол мисолларидан бири — «Skyseven Invest» компанияси ва «ZAYTUNNI» эркаклар кийими бренди асосчиси Сардор Дадамуҳамедовнинг ҳикоясидир. Унинг тадбиркорликдаги йўли тайёр чакана савдо тармоғи ёки онлайн-лойиҳадан эмас, балки эркаклар кийимининг омбордаги савдосидан бошланган. Кейинчалик бу тажриба шахсий чакана савдо дўконларига, янада тизимли бошқарувга ва рақамли йўналишга ўтди.

Бугунги кунда унинг тадбиркорлик йўли маҳаллий бизнес қандай қилиб шунчаки маҳсулот сотишдан ассортиментни, мижозлар тажрибасини, жамоани, обрў-эътиборни ва онлайн-коммуникацияни бошқаришга босқичма-босқич ўтаётганини кўрсатиб беради.

Тадбиркорнинг ташриф қоғози

Сардор Дадамуҳамедов — тошкентлик тадбиркор, «Skyseven Invest» компанияси ва «ZAYTUNNI» эркаклар кийими бренди асосчиси. Унда тадбиркорликка бўлган қизиқиш ҳали университетда ўқиб юрган кезларидаёқ пайдо бўлган эди. Вақт ўтиб Сардор Дадамуҳамедов ўз профессионал фаолиятини амалий тажриба, талабни ҳис қилиш, маҳсулот билан ишлаш ва мижозлар билан кундалик мулоқот ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган соҳа – эркаклар кийими савдоси билан боғлади.

Бизнесдаги илк жиддий қадамларини у эркаклар кийимининг омбордаги савдосидан бошлади — ўз дўконлари ва савдо шохобчалари учун ассортимент сотиб оладиган тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилди. Ушбу босқич у учун амалий бозор мактабига айланиб, мавсумийликни, ўлчамлар жадвалини (сеткасини), талаб таркибини ва маҳсулот билан ишлашнинг ўзига хос хусусиятларини янада чуқурроқ тушунишга имкон берди.

2017 йилда Сардор Дадамуҳамедов ўзининг илк эркаклар кийими дўконини очди. 2018 йилда яна бир дўконни ишга туширди ва шу даврнинг ўзида чакана савдо йўналиши, жамоа, харидлар ва бизнеснинг кейинги ривожини янада тизимли бошқариш мақсадида «Skyseven Invest» компаниясига асос солди.

2025 йилда у эркаклар кийими соҳасида онлайн йўналиш сифатида «ZAYTUNNI» брендини ишга туширди. Бу лойиҳа анънавий чакана савдода тўпланган тажрибанинг давоми бўлди ва тадбиркорнинг офлайн-дўкон, онлайн-витрина, мижозларга хизмат кўрсатиш ҳамда маҳсулот танлашнинг янада қулай жараёнини ўзаро бирлаштиришга бўлган интилишини акс эттирди.

Сардор Дадамуҳамедов, шунингдек, «Муваффақиятли тадбиркорлик сирлари» китобининг муаллифи ҳамдир. Ушбу китобда у савдо-сотиқ, мавсумийлик, хатолар, бошқарув, интизом ва бизнесни ривожлантириш ҳақидаги ўз амалий кузатувларини жамлаган.

– Сизнинг йўлингиз эркаклар кийимининг омбордаги савдосидан бошланган. Бу тажриба сизга нима берди ва нима учун вақт ўтиб шахсий чакана савдога ўтишга қарор қилдингиз?

– Менинг йўлим чиндан ҳам чакана савдо дўконидан эмас, балки эркаклар кийимининг омбордаги савдосидан бошланган. Бу босқичда мен асосан ўз дўконлари ва савдо шохобчалари учун маҳсулот харид қиладиган тадбиркорлар билан ишладим. Бу жуда катта амалий тажриба бўлди, чунки мен бозорни чиройли витрина орқали эмас, балки сотиб олиш, мавсумийлик, ўлчамлар, қолдиқлар ва сотувчиларнинг ўзини тутиши орқали кўрганман.

Омбордаги савдо орқали кучли базага эга бўлдим. Мавсум олдидан қайси моделлар харидоргир бўлишини, қайси ўлчамлар тезроқ сотилиб кетишини, қайси маҳсулотлар базавий бўлишини ва қайсилари омборда қолиб кетиши мумкинлигини тушуна бошладим. Вақт ўтиб шу аён бўлдики, бу бизнесда тадбиркорнинг даромад кўриши нафақат сотувга, балки қарорлар қанчалик аниқ бўлишига ҳам боғлиқ бўлар экан.

Бироқ омбор форматининг ўз чекловлари бор: сен маҳсулотни, харидларни ва улгуржи талабни яққол кўриб турасан, лекин ҳар доим ҳам якуний харидорни кўра олмайсан. Ваҳоланки, бозорни қанчалик тўғри тушунганингни айнан ўша оддий харидор кўрсатиб беради. Мен учун инсон нима сабабдан бир моделни танлаб, бошқасига умуман эътибор қаратмаслигини, дўкондаги маҳсулот бўйича маслаҳат (консультация), ишонч, сервис ва муҳит бунга қандай таъсир қилишини тушуниш муҳим бўлиб қолди.

Шу боис, чакана савдога ўтиш мен учун шунчаки дўкон очиш иштиёқи эмас, балки бозорни тушунишнинг кейинги босқичи эди. Мен занжирнинг барча халқаларини: маҳсулот хариди ва ассортиментдан тортиб, якуний мижознинг муносабатигача бўлган жараённи кўришни истадим. Вақт ўтиб шундай хулосага келдим: омбордаги савдоси ассортимент билан ишлашни ўргатса, чакана савдо ишонч билан ишлашни ўргатади.

– 2017 йилда биринчи эркаклар кийими дўконингизни очдингиз. Тадбиркорлар билан ишлашдан якуний харидор билан ишлашга ўтишда энг қийин туюлган жиҳат нима бўлди?

Энг қийини — чакана савдо бутунлай бошқа даражадаги масъулият эканлигини англаш бўлган. Омбордаги савдода тадбиркор кўпроқ ассортимент, маҳсулотнинг сотувда борлиги ва харид ҳажмига эътибор қаратади. Чакана савдода эса бунинг ўзи етмайди. Бу ерда ҳар куни сервис, консультация, мижознинг ишончи, сотувчиларнинг интизоми ва қолдиқлар билан ишлашда аниқлик муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Биринчи дўконимни очганимда, харидор нафақат маҳсулотнинг ўзига, балки бошқа жиҳатларга ҳам баҳо бериши аён бўлди. У ўзи билан қандай муомала қилишаётгани, унга қанчалик тез ёрдам беришгани, керакли ўлчам бор-йўқлиги, дўконга ишонса бўладими-йўқми ва бу ерга яна қайтиб келишни хоҳлайдими — мана шуларнинг барини баҳолайди. Бу эса тадбиркорнинг фикрлашини бутунлай ўзгартиради.

Мен учун чакана савдо кундалик интизом мактабига айланди. Дўконни шунчаки ички ҳиссиётга таяниб ривожлантириб бўлмайди. Нима сотилаётгани, нима қолаётгани, мижозлар қандай саволлар бераётгани ва қайси моделларга талаб юқорилигини доимий равишда таҳлил қилиб бориш керак. Айнан ўша пайт мен дўкон шунчаки маҳсулот сотиладиган жой эмас, балки харидор билан ўрнатиладиган муносабатлар тизими эканлигини англаб етдим.

Чакана савдода тадбиркор ҳар куни мижозлардан фикр-мулоҳаза олиб туради. Баъзан улар ёқимли, баъзида эса ноқулай бўлади, лекин айнан ўша фикрлар бизнесни яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Агар бу мулоҳазаларга эътиборли бўлинса, дўкон аста-секин янада ривожланиб боради.

- Сизнинг эркаклар кийим-кечаги савдосидаги амалий фаолиятингиз биринчи дўкон очилишидан анча олдин бошланган. Сўнгги йилларда давлат сиёсати ва бизнес муҳитида қандай ўзгаришлар юз берди?

– 2016 йилдан кейин тадбиркорлик муҳитида катта ўзгаришлар бошланди. Мен буни ўз фаолиятимда ҳам яққол ҳис қилдим. Мен эркаклар кийимлари савдосидаги амалий ишимни 2009 йилдан омбордан савдо қилиш шаклида бошладим. Кейинчалик бу тажриба аста-секин ўз чакана савдомни ташкил қилишга ўтди. Илгари бизнесда кўп нарса тадбиркорнинг шахсий ҳаракатлари, тажрибаси ва кундалик назоратига боғлиқ эди. Яъни, товар излаш, етказиб бериш, сотиш, қолган маҳсулотларни текшириш, мижозлар билан ишлаш – буларнинг барчасини тадбиркор ўзи назорат қиларди.

Сўнгги йилларда тадбиркорликка бўлган муносабат сезиларли даражада ўзгарди. Бизнес юритиш учун шароитлар аста-секин очиқроқ ва қулайроқ бўла бошлади. Корхонани рўйхатдан ўтказиш, банк ҳисоб-китоблари, солиқ ва ҳисобот жараёнларини юритиш, электрон хизматлардан фойдаланиш, мижозлар билан онлайн режимда ишлаш каби масалаларда олдингидан анча катта имкониятлар пайдо бўлди.

Бу ўзгаришлар, энг аввало, бизнесни кенгайтиришга бўлган ишончимни мустаҳкамлади. Масалан, 2017 йилда ўзимнинг илк эркаклар кийими дўконимни очдим. 2018 йилда яна бир дўкон очилди ва шу даврда «Skyseven Invest» компанияси ташкил қилинди. Бу оддий савдо нуқтасидан бизнесни тизимли бошқаришга ўтиш зарурати билан боғлиқ эди. Чунки дўконлар сони кўпайганда, тадбиркор фақат ўзига суяниб ишлай олмайди, бунда жамоа, ҳисоб-китоблар, харидлар, баланс, хизмат кўрсатиш сифати ва молиявий интизомни ҳам тўғри ташкил этиш зарур.

Соҳамиздаги яна бир муҳим ўзгариш – харидор хулқ-атворининг ўзгаргани бўлди. Бугунги кунда харидор аввал товарни интернетда кўради, нархлари ва моделларини, ўлчами ҳамда мавжудлигини суриштиради ва шундан кейингина дўконга келади ёки онлайн буюртма беради. Шу сабабли тадбиркор учун фақатгина битта офлайн-дўконнинг ўзи етарли бўлмай қолди. Онлайн-витрина, тезкор алоқа, мижозларга қулай хизмат кўрсатиш ва ишонч масалалари муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу муносабат билан, 2025 йилда ZAYTUNNI онлайн йўналишининг йўлга қўйилиши ушбу ўзгаришларнинг давоми бўлди. Бу лойиҳа мен учун анъанавий савдодан бутунлай воз кечиш эмас, балки кўп йиллик чакана савдо тажрибасини рақамли муҳит билан боғлашга бўлган уринишдир. Яъни дўкон, товар, мижоз, хизмат ва онлайн-коммуникация бир-бири билан узвий боғлиқликда ишлаши керак.

Наздимча, сўнгги 10 йил ичидаги энг катта ўзгаришлардан бири – тадбиркор ўзини шунчаки сотувчи эмас, балки бизнес бошқарувчиси сифатида кўра бошлагани бўлди. Давлат томонидан яратилган қулайликлар, рақамлаштириш ва тадбиркорликка қаратилаётган эътибор биз каби кичик ва ўрта бизнес вакилларига ўз фаолиятимизни янада расмийроқ, тизимли ва узоқ муддатли режа асосида юритиш имконини берди.

– Сизнинг соҳангизда қандай ислоҳотлар амалга оширилди, қандай солиқ имтиёзлари берилди, бизнес муҳитини соддалаштириш учун нималар қилинди? Бу сизнинг фаолиятингизга қандай таъсир кўрсатди?

– Соҳамиздаги ислоҳотлар ҳақида гапирганда, биринчи навбатда савдо муҳитидаги эркинликни тилга олган бўлардим. 2016 йилгача кўплаб тадбиркорларда ўсиш нуқталари камроқ эди. Савдо, товарларни олиб кириш ва бизнесни кенгайтириш масалаларида эҳтиёткорлик жуда юқори эди. 2016 йилдан кейин эса соҳада секин-аста янада очиқ ва рақобатбардош муҳит шакллана бошлади.

Менинг соҳам – эркаклар кийими савдоси. Бу соҳада товар, мавсум, ўлчам, ассортимент ва мижозлар талаби жуда муҳим. Савдо эркинлигининг ошиши, хориждан товарлар олиб кириш имкониятларининг кенгайиши, бозорда рақобатнинг кучайиши тадбиркорлар учун катта ўзгаришлар бўлди. Чунки товар кўпайса, танлов ортади. Танлов ортганда эса, тадбиркор ҳам яхшироқ ишлашга, ассортиментни тўғри танлашга ва мижозга сифатлироқ хизмат кўрсатишга ҳаракат қилади.

Бундай муҳит ўз-ўзидан савдо ҳажми ошишига ҳам таъсир қилади. Илгари тадбиркорни «товарни қандай топсам бўлади?» деган савол қийнаган бўлса, вақт ўтиши билан «ассортиментни қандай тўғри шакллантириш, мижозни қандай ушлаб қолиш, хизмат кўрсатиш сифатини қандай яхшилаш мумкин?» каби саволлар муҳим аҳамият касб эта бошлади. Яъни, ҳақиқий рақобатбардош бозор муҳити шаклланди.

Солиқ ислоҳотлари ҳам бизнес муҳитига жуда катта таъсир кўрсатди. Менинг фикримча, бу ерда энг муҳими – фақатгина солиқ ставкаларининг ўзгариши эмас, балки тадбиркорга бўлган муносабатдир. Илгари тадбиркор кўпинча текширишлардан, қоғозбозликдан ва ортиқча ташвишлардан чўчиб турарди. Сўнгги йилларда давлат тадбиркорга кўпроқ ишонч билдира бошлади. Масалан, асоссиз текширувларнинг қисқартирилгани, ҳисоботларни онлайн топшириш имконияти, «ягона дарча» тизими, электрон хизматлар – буларнинг барчаси тадбиркор учун катта устуворликдир. Илгари ҳужжатларни юритиш ва идораларда сарсон бўлишга кўп вақт кетган бўлса, ҳозир кўп нарсани онлайн тарзда ҳал қилиш мумкин. Бу эса тадбиркорга вақтни тежаш, ишини расмий ва тартибли юритиш имконини берди.

Бизнес муҳитининг соддалаштирилиши ва расмий ишлаш имкониятларининг кенгайтирилиши бизга ҳам ўз фаолиятимизни йўлга қўйиб олишга ёрдам берди.

Яна бир муҳим ўзгариш – рақамлаштиришдир. Бугунги кунда тадбиркор шунчаки дўкон очиш билан чеклана олмайди. Мижоз маҳсулотни аввал интернет орқали кўради, ўлчамини сўрайди, нархини солиштиради, шундан кейингина дўконга келади ёки онлайн буюртма беради. Шу сабабли онлайн-витрина, тезкор алоқа, мижозларга қулай хизмат кўрсатиш ва ишонч масалалари долзарбдир.

Бугунги кунда дўкон, товар, мижоз, хизмат ва онлайн-коммуникация ўзаро узвий боғлиқликда ишлаши керак. Шу боис мен соҳамиздаги ислоҳотларни фақатгина қонун ёки солиқ нуқтаи назаридан эмас, балки амалий ҳаёт кўзгуси орқали баҳолайман. Савдо эркинлиги ортди, импорт имкониятлари кенгайди, расмий идоралар билан ишлаш енгиллашди, онлайн-хизматлар сони кўпайди, тадбиркорга бўлган ишонч мустаҳкамланди. Бу эса биз каби савдо соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларга бизнесни кенгайтириш, расмийлаштириш, тизимлаштириш ва кейинги босқичга олиб чиқиш имконини берди.

– Кўпгина тадбиркорлар савдода энг муҳими – яхши товар топиш, деб ҳисоблайди. Амалиётда нима муҳимроқ бўлиб чиқди: товарми, ассортиментми, ўлчамми, сервисми, ишончми ёки бошқарув интизомими?

– Маҳсулотнинг яхши бўлиши чиндан ҳам муҳим, лекин чакана савдода у фақат ассортиментга тўғри киритилганда ва харидорга тушунарли бўлгандагина самара беради. Амалиётда кўрдимки, битта товар қандай тақдим этилгани, қандай ўлчамлар мавжудлиги, сотувчи унинг хусусиятларини қандай тушунтириши ва мижоз дўконга қанчалик ишонишига қараб ҳар хил сотилиши мумкин.

Эркаклар кийимида харидор учун кўпинча қуйидагиларни тез тушуниб олиш муҳим: модель унга мос келадими, керакли ўлчам борми, кийим қанчалик қулай ва уни нима билан мослаб кийиш мумкин? Агар дўкон инсонга қарор қабул қилишда ёрдам берса, товар осонроқ сотилади. Агар мижоз танлов қаршисида ёлғиз қолса, ҳатто энг яхши товар ҳам ўз салоҳиятини кўрсата олмаслиги мумкин.

Шу сабабли, мен учун савдо – бу шунчаки маҳсулот сотиб олиш эмас. Бу – товар, ассортимент, консультация ва ишончнинг ўзаро бирлашувидир. Товар эътиборни тортади, аммо айнан сервис ва мижозни тушуниш оддий қизиқишни харидга айлантиради ва инсоннинг яна қайтиб келишига ёрдам беради.

– Сиз эркаклар кийими савдосида маҳсулотларни сотиб олишда хатолик кўпинча мавсум бошланганидан кейингина кўзга ташланишини айтдингиз. Тадбиркор талабни олдиндан ҳис қилишни қандай ўрганиши ва маблағни қолдиқ товарларда музлатиб қўймаслиги мумкин?

– Хариддаги хатолардан бутунлай қочиб қутулишнинг иложи йўқ, чунки бозор доимо ўзгариб туради. Мавсум кутилганидан бошқача бошланиши, харидор бошқа моделларни танлаши, ассортиментнинг бир қисми эса секинроқ сотилиши мумкин. Аммо нафақат ички ҳисга, балки кузатувлар ва аввалги савдолар таҳлилига таянган ҳолда рискни камайтириш мумкин.

Тадбиркор учун қайси моделларнинг талабгирлиги такрорланаётгани, қайси ўлчамлар тезроқ сотилиб кетилаётгани, қайси ранглар барқарор сотилаётгани, қайси позициялар ассортиментнинг асосини ташкил қилаётгани ва қайсилари кўпроқ мавсумга боғлиқлигини кузатиб бориш муҳимдир. Аста-секин бундай кузатувлар амалий харид тизимига айланиб боради.

Қолдиқ маҳсулотлар мен учун – бу шунчаки сотилмай қолган товар эмас. Бу – бизнесда айланиши мумкин бўлган пулдир. Шу сабабли, қолдиқлар билан ишлаш – молиявий интизомнинг бир қисми ҳисобланади. Тадбиркор нафақат нима сотилганини, балки нима қолганини, нима учун қолганини ва бу кейинги харидга қандай таъсир қилишини ҳам тушуниши керак.

– 2018 йилда «Skyseven Invest» компаниясига асос солиб, эркаклар кийимининг яна бир дўконини очдингиз. Нима учун бу босқичда бизнесга шунчаки битта савдо нуқтаси эмас, балки компания ва янада тизимли бошқарув зарур бўлиб қолди?

– Тадбиркорнинг битта дўкони бўлса, кўп нарса эгасининг шахсий иштирокига боғлиқ бўлиши мумкин. У товарни, харидорларни, жамоани ва бизнеснинг кундалик ҳолатини ўз кўзи билан кўриб туради. Аммо яна бир савдо нуқтаси пайдо бўлганида, бошқарув мураккаблашади: энди фақат шахсий иштирокка ва қўлда бошқариладиган назоратга суяниб бўлмайди.

2017 йилда биринчи дўкон очилганидан сўнг, кейинги ривожланиш учун янада тизимли модель зарурлигини англай бошладим. 2018 йилда, яна бир чакана савдо йўналиши очилиб, «Skyseven Invest» компаниясига асос солинганда бир нарса аён бўлди: ўсиш учун тушунарли бошқарув тизими талаб этилади.

Мен учун «Skyseven Invest» «дўкон – савдо нуқтаси сифатида» мантиғидан «бизнес – ташкилот сифатида» деган мантиққа ўтиш бўлди. Вазифаларни тақсимлаш, жамоа ишини йўлга қўйиш, жараёнларни назорат қилиш, сервиснинг ягона даражасини ушлаб туриш ва қарорларни энди битта дўкон бўйича эмас, балки бутун бир йўналишнинг ривожланишидан келиб чиқиб қабул қилиш керак эди.

Шу маънода компания шунчаки юридик шакл эмас, балки бошқарув воситасига айланди. У бизнесга кенгроқ қараш имконини берди: унга нафақат кундалик савдо-сотиқ, балки ҳар бир жараённинг ўз ўрни, масъулияти ва умумий натижага таъсири бўлган яхлит бир тизим сифатида қарала бошланди.

– Эркаклар кийими савдоси соҳасидаги кўп йиллик фаолиятингиз давомида ўзингиз учун чиқарган энг асосий тадбиркорона хулоса қандай бўлди?

– Мен учун энг асосий хулоса шу бўлдики, барқарор бизнесни фақатгина ички интуицияга суяниб қуриб бўлмайди. Интуиция иш бошлашда ёрдам беради, аммо бизнесни ривожлантришда тадбиркорга тартиб, таҳлил ва қарор қабул қилиш тизими керак бўлади.

Вақт ўтиши билан шуни тушундимки: бизнеснинг ривожланиши – бу шахсий назоратдан ички тизимга ўтиш демакдир. Аввалига ҳар бир жараённи ўзинг ҳис қиласан, кейин эса бизнес барқарор ишлаши учун қоидалар жорий қилишни ўрганишинг керак бўлади.

Мен айнан мана шу йўлни: омбордаги савдодан чакана савдога, кейинчалик компания бошқарувига, онлайн йўналишга ва «ZAYTUNNI» брендини ривожлантиришгача бўлган йўлни босиб ўтдим.

– Онлайн йўналиш ғоясига анъанавий чакана савдо тажрибасидан сўнг келдингиз. Нима учун «ZAYTUNNI» учун онлайн тизими дўконнинг ўрнини босувчи эмас, балки офлайн бизнеснинг давомига айланди?

– Мен онлайн албатта офлайннинг ўрнини босиши керак, деб ҳисобламайман. Бизнинг сегментда харидор учун кўпинча кийимни ўз кўзи билан кўриш, кийиб кўриш, сифатини ҳис қилиш ва маслаҳат олиш муҳим аҳамиятга эга. Аммо шу билан бирга, товар билан илк танишув кўпроқ интернетда бўлмоқда.

Харидор моделни онлайн тарзда кўриши, ўлчамини аниқлаштириши, мавжудлигини сўраши, вариантларни солиштириши, дўконнинг қандай мулоқот қилишини кузатиши ва шундан кейингина бир қарорга келиши мумкин. Баъзан у офлайн дўконга келади, баъзан эса буюртмани масофадан туриб расмийлаштиради. Шу сабабли, биз учун онлайн – бу алоҳида дунё эмас, балки мижоз босиб ўтадиган йўлнинг давомидир.

Пандемия давридаёқ рақамли йўналишни ривожлантириш ғоясига жиддий қарай бошлаган эдим. Ўшанда бизнес фақатгина жисмоний савдо нуқтасига боғлиқ бўлиши мумкин эмаслиги айниқса яққол сезилганди. Дўкон ишлашда давом этган тақдирда ҳам, мижоз барибир ассортиментни олдиндан кўришни ва тезкор жавоб олишни хоҳлайди.

«ZAYTUNNI» онлайн йўналиш сифатида шунчаки «интернетда бўлиш» истаги туфайли пайдо бўлгани йўқ. У чакана савдодаги тажрибадан келиб чиқди. Биз аллақачон харидорни, товар, ўлчамлар, мавсумийлик ва мижозларнинг саволларини яхши тушуна бошлагандик. Онлайн-витрина эса ушбу тажрибани янада қулай ва осон етказиб бериш воситасига айланди.

– 2025 йилда «Муваффақиятли тадбиркорлик сирлари» номли китобингиз нашрдан чиқди. Нега сиз учун шунчаки бизнес юритиш эмас, балки ўз тажрибангизни тизимлаштириш ва уни бошқа тадбиркорлар билан ўртоқлашиш муҳим бўлди?

– Бизнесда кўп хулосалар тез келавермайди. Баъзан тадбиркор бирор нарсани фақат хато қилганидан кейингина тушуниб етади: нотўғри харид, бўш назорат, талабни нотўғри баҳолаш, жамоа билан боғлиқ муаммолар ёки интизомнинг етишмаслиги. Хатодан шунчаки ўтиб, уни унутиб юборсангиз, у оғриқли тажриба бўлиб қолаверади. Агар у таҳлил қилинса, билимга айланади.

Мен учун китоб савдо ва тадбиркорлик соҳасидаги кўп йиллик фаолиятим давомида тўпланган тажрибаларни тизимлаштириш воситаси бўлди. Мен назарияни эмас, балки товар, мавсумийлик, сотиб олиш, қолдиқлар, бошқарув, интизом, мижозлар ва бизнесни ривожлантириш ҳақидаги амалий кузатувларни жамлашни истадим.

Назаримда, тадбиркорлик муҳитида нафақат муваффақият ҳақида, балки жараён ҳақида ҳам гапириш муҳим. Ҳар бир натижа ортида қарорлар, шубҳа-гумонлар, хатолар, тузатишлар ва кундалик меҳнат ётади. Айниқса, кўп нарса фақат амалиётда кўринадиган савдо соҳасида бу жуда муҳим.

Мен учун китоб — тадбиркорлик йўлимнинг давомидир. Аввалига тажриба савдода шаклланди, кейин бизнес бошқарувида, вақт ўтиб эса онлайн йўналишда бойиди. Китоб ушбу тажрибани бошқа тадбиркорлар учун ҳам фойдали бўлиши мумкин бўлган тизимга айлантириш ҳаракати бўлди.

– «ZAYTUNNI» брендини ривожлантириш билан боғлиқ қандай режаларингиз бор ва бизнеснинг кейинги босқичини қандай тасаввур қиласиз?

– Мен учун «ZAYTUNNI» шунчаки онлайн-витрина ёки интернетдаги алоҳида лойиҳа эмас. Мен уни эркаклар кийими савдосида тўпланган тажрибанинг кейинги босқичи сифатида кўраман.

Яқин орадаги вазифа – «ZAYTUNNI» брендини Ўзбекистонда эркаклар кийимининг маҳаллий бренди сифатида ривожлантиришдан иборат. Бунинг учун нафақат ассортиментни кенгайтириш, балки тушунарли тизимни йўлга қўйиш ҳам муҳим: бунга онлайн-каталог, маҳсулотларнинг айни вақтда мавжудлиги, ўлчамлар билан ишлаш, мижозлар билан тезкор алоқа, сервис, етказиб бериш ва брендга бўлган ишонч киради.

Шу билан бирга, бозорнинг аста-секин янада рақамлашган модел сари ҳаракат қилаётганини яхши тушунаман. Бугунги кунда кийим-кечак соҳасидаги тадбиркор учун шунчаки маҳсулот ва савдо нуқтасига эга бўлишнинг ўзи кифоя қилмай қолди. Унга ассортиментни кўрсатиш, харидорни тезроқ топиш, буюртмалар билан ишлаш, товарларнинг кўринувчанлигини бошқариш ва мижоз билан мулоқотни йўлга қўйишда ёрдам берадиган воситалар керак.

Шу сабабли, келажакда мен нафақат битта брендга, балки кийим-кечак соҳасидаги бошқа тадбиркорларга ҳам фойдали бўлиши мумкин бўлган кенг қамровли рақамли моделни ривожлантиришни кўриб чиқяпман. Ҳозирча мен учун босқичма-босқич ҳаракат қилиш муҳим: аввал ўз брендимизни ва онлайн йўналишимизни мустаҳкамлаш, кейин эса бозорнинг янада тизимли ишлашига ёрдам берадиган воситаларни аста-секин ривожлантириш лозим.

Мен рақамлаштириш анъанавий савдонинг ўрнини бутунлай босиши керак, деб ҳисобламайман. Аксинча, у реал тажрибанинг давомига айланиши лозим: дўкон, товар, мижоз, сервис ва онлайн-витрина бирликда ишлаши шарт. Мен «ZAYTUNNI» брендининг ва ўз тадбиркорлик фаолиятимнинг кейинги ривожини айнан шу йўналишда кўраман.

Таҳририятдан

Сардор Дадамуҳаммедовнинг ҳикояси маҳаллий тадбиркорлик лойиҳаси қандай қилиб босқичма-босқич: эркаклар кийимининг омбордаги савдосидан тортиб, шахсий чакана савдо йўналишини йўлга қўйиш, компанияга асос солиш, онлайн-витринани ишга тушириш ва тўпланган тажрибани китоб орқали тизимлаштиришгача ривожланиши мумкинлигини кўрсатиб беради.

Бу йўл чакана савдода аста-секин юз бераётган янада кенг жараённи акс эттиради. Харидор ўз хулқ-атворини ўзгартирмоқда, онлайн макон қарор қабул қилишнинг бир қисмига айланяпти, дўкон эса шунчаки савдо нуқтаси бўлишдан тўхтамоқда. Тадбиркор учун бу нафақат товарни, балки сервис, қолдиқлар, жамоа, коммуникация ва ишончни ҳам бошқариш зарурлгини англатади.

«ZAYTUNNI» мисолида рақамли витрина анъанавий чакана савдонинг ўрнини босувчи эмас, балки унинг мантиқий давоми бўлиши мумкинлигини кўриш мумкин. Бундай моделда офлайн-дўкон, онлайн-канал ва мижозлар билан ишлаш ягона бир тизимнинг узвий қисмларига айланади.

Эркаклар кийими бозори учун бу йўналиш жуда муҳим: тадбиркор нафақат товарни ҳис қилиши, балки мавсумийлик, ўлчамлар, харидор хулқ-атвори, молиявий интизом ва янги коммуникация каналларини ҳам яхши тушуниши керак. Айнан шундай амалий қарорлардан аста-секин маҳаллий ритейлнинг янада бошқарилувчан, тизимли ва харидорга яқинроқ бўлган янги шакли шаклланади.

Одил Олимжонов

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

"Иқтисодий шарҳ" журнали №6/2026

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар