Мустақил Ўзбекистон улкан ўзгаришлар даврида

Мустақил Ўзбекистон улкан ўзгаришлар даврида

35 йиллик мустақиллик йилларида Ўзбекистонда чуқур сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар юз берди. Аждодларимиз асрлар давомида орзу қилган жамият барпо этилди. Ўзбекистон дунё харитасида ўз ўрни ва овозига эга бўлган, суверен, демократик ва ҳуқуқий давлат сифатида намоён бўлди.

Мустақилликдан Янги Ўзбекистон сари

Мустақилликка эришилгандан кейинги 1991-2016 йилларда давлат мустақиллигини мустаҳкамлаш, миллий давлатчилик асосларини яратиш ва барқарорликни таъминлаш борасида қатор тадбирлар амалга оширилди.

Мустақилликнинг энг муҳим асослари бўлган давлат рамзлари, миллий валюта (сўм) ва Бош қомус - Конституция қабул қилинди. Мамлакат хавфсизлиги ва сарҳадларини ҳимоя қилишга қодир бўлган замонавий миллий армия ташкил этилди. Минтақадаги турли низолар ва ички таҳдидларга қарамай, мамлакатда тинчлик ва миллатлараро тотувлик сақлаб қолинди.

Шўролардан оғир мерос бўлиб қолган мустамлака иқтисодиёти тугатилди ва мустақил иқтисодиёт барпо этилди. Маъмурий-буйруқбозликка асосланган режали иқтисодиёт ҳам бартараф этилиб, бозор иқтисодиётига ўтиш, шунингдек, мулкчиликнинг барча шакллари, жумладан, хусусий мулк пайдо бўлишининг қонуний асослари яратилди.

Мустақиллик арафасида юз берган иқтисодий танглик ҳолатидан чиқилди, иқтисодиёт барқарорлаштирилди. Ғалла мустақиллиги таъминланди. Энергия мустақиллиги борасида муайян ишлар амалга оширилди.

1992–2016 йилларда Ўзбекистонда саноат тармоқлари, хусусан, ёқилғи-энергетика мажмуаси, машинасозлик, кимё, енгил ва озиқ-овқат саноати устун даражада ривожлантирилди. Машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, кимё ва нефть-кимё саноатини янгилаш ва модернизация қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Автомобилсозлик (GM Uzbekistan), нефть-кимё саноати (Шўртан ва Устюрт газ-кимё мажмуалари) каби янги соҳалар барпо этилди.

Қишлоқ хўжалиги хомашёсини (хусусан, пахта ва ғалла) бевосита маҳаллий корхоналарнинг ўзида қайта ишлаб, тайёр маҳсулот чиқаришга қаратилган тармоқлар кенгайтирилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, жумладан, хизмат кўрсатиш ва кичик ишлаб чиқариш тармоқлари давлат томонидан қўллаб-қувватланди. Қамчиқ довони орқали ўтган темир йўл ва туннель, юқори тезликда ҳаракатланувчи замонавий “Афросиёб” поезди ишга туширилди.

Ислоҳотлар стратегияси ва тараққиётнинг янги модели

2016 йилдан мамлакатимиз тарихида Янги Ўзбекистонни барпо этишга асос солган чуқур ўзгаришлар бошланди.

У юртимиз тарихига туб бурилиш, янгиланиш ва жадал модернизация даври сифатида муҳрланди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бошланган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий қиёфасини бутунлай ва тубдан ўзгартириб юборди.

Мазкур даврда “Инсон қадри учун” тамойили давлат сиёсатининг бош мезонига айлантирилди ва миллий иқтисодиётни ривожлантириш, халқ фаровонлигини ошириш ҳамда халқаро майдонда Ўзбекистоннинг нуфузини мустаҳкамлаш борасида мисли кўрилмаган натижаларга эришилди.

Янги иқтисодий сиёсат пухта ўйланган, илмий асосланган ва стратегик мақсадларга таянган дастурлар асосида амалга оширила бошланди. Бу даврда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва раҳбарлигида учта йирик стратегия ишлаб чиқилди ва изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилди. “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”, “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси” ва “Ўзбекистон - 2030” стратегияси мамлакат тараққиётини янги босқичга олиб чиқди.

Улар мантиқий жиҳатдан бир-бирини тўлдирувчи дастурлар эди. Ушбу ҳужжатлар Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш, давлат бошқарувини модернизация қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш ва ижтимоий соҳани жадал ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий ва стратегик пойдевор яратди.

Тараққиёт дастурлари ва амалга оширилган ислоҳотларнинг аҳамияти жуда катта бўлди. Жумладан, “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” мамлакат ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган дастлабки улкан қадам бўлди.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида тасдиқланган 2017 йил учун мўлжалланган “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури билан “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган бош тамойил остида давлат ва жамият бошқаруви тубдан ислоҳ қилинди. Ҳокимият органларининг аҳоли билан тўғридан-тўғри алоқа қилиш тизимини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва жойларда Халқ қабулхоналари ташкил этилди.

Иқтисодиётда узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш, айниқса, миллий валютанинг эркин конвертациясини жорий қилиш ва ташқи савдодаги тўсиқларни олиб ташлаш айнан шу даврда амалга оширилди. Бу ислоҳотлар хорижий инвесторлар учун Ўзбекистон бозорини очиб берди.

“2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси” унинг мантиқий давоми бўлди. У мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини улуғлаш, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва миллий иқтисодиётни инновациялар асосида юксалтиришни мақсад қилди. Унда ялпи ички маҳсулот ҳажмини кескин ошириш, камбағалликни жиддий қисқартириш ва тадбиркорлик учун янада кенг имкониятлар яратиш устувор вазифа этиб белгиланди. Бу стратегиялар доирасида қабул қилинган йил дастурлари давлат бюджетининг катта қисмини айнан ижтимоий соҳага, таълим, тиббиёт ва инфратузилмани яхшилашга йўналтирилишини таъминлади.

Аввалги стратегияларнинг давоми сифатида қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ривожланиш йўналишларини белгилаб берувчи, инсон манфаатларини бош ўринга қўйган бош дастурий ҳужжат ҳисобланади. Унинг Президентнинг 2026 йил 16 февралдаги Фармони билан тасдиқланган янгиланган варианти эса жаҳондаги иқтисодий ва технологик ўзгаришлар, реал шароитлар ҳамда кенг жамоатчилик таклифлари асосида ислоҳотларни янада аниқ, ўлчанадиган ва рақамлаштирилган тизимга ўтказишга хизмат қилади.

Стратегия таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга олиб чиқиш; барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун ялпи ички маҳсулоти ҳажмини ва аҳоли жон бошига даромадларни сезиларли ошириш; сувни тежовчи технологияларни жорий этиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва "яшил иқтисодиёт"га ўтиш”; халқ хизматидаги давлат аппаратини яратиш, коррупцияга қарши курашиш ва суд тизими мустақиллигини таъминлаш” очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсатни давом эттириш, хавфсизликни мустаҳкамлаш йўналишларини қамраб олган.

Унинг янгиланган вариантида ЯИМ ҳажми аввал белгиланган 160 миллиард доллардан 240 миллиард долларга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад эса илк вариантдаги 4 000 доллардан 5 800 долларга оширилди.

Иқтисодиёт ва тадбиркорлик

2016-2026 йилларда Ўзбекистон макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолган ҳолда, юқори ўсиш суръатларини намойиш этди. Жумладан, 2025 йилда ЯИМ ҳажми 7,7 фоизга ўсди ва 147 миллиард долларга етди.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 25 август куни ўтказилган мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ҳудудларда янги объектларни ишга тушириш маросимида таъкидлаганидек, “Сўнгги ўн йил мамлакатимиз тарихида янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш босқичи сифатида абадий муҳрланди”.

Бу даврда иқтисодиёт ҳажми 2,5 баравардан зиёд ошди. Иқтисодиёт тармоқларига 160 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, умумий қиймати 76 миллиард долларлик 2 минг 163 та йирик саноат лойиҳаси ишга туширилди, қарийб 6 миллион нафар аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланди.

Иқтисодиёт шиддатли равишда ўсмоқда. Ҳар ойда янги-янги завод-фабрикалар қуриб биткалилмоқда. Масалан, 25 август куни Президент Шавкат Мирзиёев бир куннинг ўзида 163 та янги объектни ишга туширди.

Мамлакат иқтисодиётига жалб этилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ҳам бир неча бараварга ортди. Хорижий инвесторлар учун яратилган имтиёзлар, валюта бозорининг эркинлиги ва мулк ҳуқуқининг кафолатланиши натижасида Ўзбекистон Марказий Осиёда инвестициявий жозибадорлик марказига айланди. Саноат соҳасида анъанавий хомашё экспорт қилувчи давлатдан юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи мамлакатга айланиш сари катта қадамлар ташланди. Тўқимачилик, автомобилсозлик, кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва электротехника тармоқлари иқтисодий ўсишнинг локомотивларига айланди.

Ташқи савдо айланмаси ҳам сезиларли даражада кенгайди. Ўзбекистон жаҳоннинг 160 дан ортиқ мамлакатлари билан савдо алоқаларини ўрнатди. Экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши ортди, "Made in Uzbekistan” бренди остидаги маҳсулотлар жаҳон бозорларидан муносиб ўрин эгаллади. Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёни тезлаштирилди, бу эса миллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларга чиқиши учун янги уфқларни очмоқда.

Бу даврда аҳоли реал даромадларининг сезиларли ўсиши ва камбағаллик дарожасининг кескин камайиши таъминланди. Хусусан, 2016 йилдан 2025 йилгача бўлган даврда Ўзбекистонда аҳолининг реал умумий даромадлари қарийб 2 бараварга ошди, камбағаллик даражаси эса 2021 йилдаги 17 фоиздан 2025 йил якунига келиб 5,8 фоизгача пасайди.

Янги Ўзбекистонда саноат соҳасида технологик инқилоб амалга оширилди. Кимё ва газ-кимё саноатида Шўртан газ-кимё мажмуасининг кенгайтирилиши, янги металлургия заводларининг қурилиши, тўқимачилик соҳасида пахта хомашёсини тўлиқ мамлакат ичида қайта ишлаш тизимига ўтилиши тарихий воқеа бўлди. Илгари пахтани арзон нархда хомашё сифатида экспорт қилган Ўзбекистон, бугунги кунга келиб тайёр кийим-кечак ва юқори сифатли иплар экспорт қилувчи етакчи давлатга айланди. Бу соҳада кластер тизимининг жорий этилиши қишлоқ хўжалигида янги даврни бошлаб берди.

Қишлоқ хўжалигида мажбурий меҳнатга, жумладан, болалар меҳнатига бутунлай чек қўйилди. Бу ислоҳот Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсини юксалтирди ва "Cotton Campaign” коалициясининг ўзбек пахтасига бойкотини бекор қилишига олиб келди. Ерлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, томчилатиб суғориш ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш давлат томонидан субсидияланди. Бу чора-тадбирлар глобал иқлим ўзгариши ва сув танқислиги шароитида ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини барқарор сақлаш ва ошириш имконини берди.

Тадбиркорлик соҳасида ҳам туб ўзгаришлар юз берди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Агар халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” деган ғояси асосида тадбиркорликни ривожлантириш учун кенг йўл очилди. Улар фаолиятини асоссиз текширишлар тақиқланди, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиблари соддалаштирилди. Солиқ ислоҳотлари натижасида қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ставкаси 20 фоиздан 12 фоизга туширилди, бу эса бизнес вакиллари ихтиёрида триллионлаб маблағлар қолишини таъминлади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ЯИМдаги улуши 50 фоиздан ошди ва у аҳолини иш билан таъминлайдиган ўта муҳим соҳага айланди. Ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича имтиёзли кредитлаш дастурлари йўлга қўйилди. Бу чоралар туфайли юз минглаб янги иш ўринлари яратилди, аҳолининг тадбиркорлик ташаббуслари давлат томонидан молиявий рағбатлантирилди. Оилавий тадбиркорлик дастурлари орқали чекка қишлоқлардаги минглаб оилалар барқарор даромад манбаига эга бўлди.

Бу даврда мамлакатимиз қиёфаси тубдан ўзгартирилди. Йўл-транспорт, энергетика ва коммунал соҳаларда кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Минглаб километрлик ички йўллар асфальтланди, халқаро аҳамиятга молик автомобиль йўллари реконструкция қилинди. Темир йўл транспорти тизимида электрлаштириш ишлари жадаллашиб, тезюрар "Афросиёб” поездлари қатнови янги ҳудудларни, жумладан Хива ва Бухорони қамраб олди.

Энергетика соҳасида қайта тикланувчи энергия манбаларига - қуёш ва шамол энергетикасига ўтиш бўйича Марказий Осиёда етакчилик позицияси эгалланди. Саудия Арабистонининг "ACWA Power”, БААнинг "Masdar” ва бошқа йирик халқаро компаниялар билан ҳамкорликда Самарқанд, Навоий, Жиззах, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида йирик қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилди. Бу яшил энергетика лойиҳалари мамлакатнинг экологик барқарорлигини таъминлаш ва электр энергияси тақчиллигини бартараф этишда муҳим қадам бўлди.

Урбанизация жараёнлари ҳам янги босқичга чиқди. "Обод қишлоқ” ва "Обод маҳалла” дастурлари доирасида юзлаб чекка ҳудудлар замонавий қиёфага эга бўлди, ичимлик суви ва табиий газ тармоқлари тортилди. Шаҳарларда аҳоли учун арзон ва шинам кўп қаватли уй-жойлар қурилиши суръати кескин ошди. Янги Тошкент шаҳри лойиҳаси каби мега-лойиҳалар бошланди, бу эса мамлакатнинг иқтисодий қудрати ва архитектуравий салоҳиятини намойиш этади.

Инсон капитали

2016-2026 йилларда ижтимоий сиёсат давлат фаолиятининг энг марказий йўналиши бўлди. Узоқ йиллар давомида яшириб келинган камбағаллик муаммоси тан олинди ва уни қисқартириш бўйича тизимли ишлар бошланди. Маҳаллабай ишлаш тизими жорий этилиб, "Темир дафтар”, "Аёллар дафтари” ва "Ёшлар дафтари” орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам манзилли қўллаб-қувватланди. Улар кейинчалик ягона ягона электрон платформага бирлаштирилди. Маҳаллаларда "ҳоким ёрдамчилари” ва " ёшлар етакчилари” лавозимлари жорий этилгани муаммоларни жойида ҳал этиш самарадорлигини оширди.

Таълим тизимини ривожлантириш соҳасида туб бурилиш ясалди. Мактабгача таълим билан қамров даражаси 2016 йилдаги 27 фоиздан 2026 йилга келиб 74 фоиздан ошди. Олий таълим соҳасида ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилди: олий ўқув юртлари сони 60 тадан 210 дан зиёдга етказилди, қамров даражаси эса 9 фоиздан 43 фоиздан юқори кўрсаткичга кўтарилди. Мамлакатда нуфузи халқаро хорижий университетларнинг филиаллари очилди, олий таълим муассасаларига академик ва молиявий мустақиллик берилди. Мактаб таълими тизимида Президент мактаблари, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи яратилди, бу эса иқтидорли ёшларни тарбиялашда муҳим омил бўлди.

Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, айниқса, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, тиббиётни рақамлаштириш ва ихтисослаштирилган тиббий хизматларни ҳудудларга яқинлаштириш борасида улкан ишлар бажарилди. Тез тиббий ёрдам тизими замонавий автотранспорт воситалари ва алоқа тизимлари билан тўлиқ янгиланди. Кам таъминланган оилаларга бепул тиббий хизмат кўрсатиш ҳажми кенгайтирилди, давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этила бошланди.

Дунёга очилиш

Бир пайтлар ёпиқлик сиёсати билан яшаган мамлакат 2016 йилдан бошлаб ташқи сиёсатда очиқлик, прагматизм ва яхши қўшничилик тамойилларига ўтди. Марказий Осиё минтақаси давлат ташқи сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланди. Кўп йиллар давомида ҳал этилмай келинаётган чегара муаммолари, сув-энергетика масалалари ва транспорт коридорлари бўйича қўшни давлатлар - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан дўстона ва ўзаро манфаатли келишувларга эришилди. Бунинг натижасида Марказий Осиёда мутлақо янги - ишонч ва ҳамкорлик муҳити шаклланди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалардаги фаоллиги сезиларли даражада ортди. Мамлакат томонидан илгари сурилган глобал ва минтақавий ташаббуслар, жумладан, Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги БМТ резолюцияси халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Ўзбекистон жаҳон сиёсатида фаол куч, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликнинг кафолати сифатида тан олинди.

Тараққиётнинг янги босқичи

Мухтасар айтганда, 1992-2026 йилларда Ўзбекистон том маънода ҳақиқий мустақил, бозор иқтисодиётига асосланган иқтисодиёти барқарор ривожланаётган давлатга айланди. Айниқса, 2016–2026 йиллар Ўзбекистон учун нафақат юксак макроиқтисодий кўрсаткичларга эришиш даври, балки жамиятнинг дунёқараши ўзгарган, халқнинг давлатга ва келажакка бўлган ишончи мустаҳкамланган тарихий босқич бўлди. Ҳаракатлар стратегиясидан бошланиб, Тараққиёт стратегияси ва "Ўзбекистон - 2030” стратегияси билан давом этаётган изчил ислоҳотлар мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминламоқда.

Бугунги Янги Ўзбекистон - иқтисодиёти жадал ривожланаётган, аҳолининг реал турмуш даражаси тобора ошиб бораётган, тадбиркорлик қўллаб-қувватланаётган, таълим ва илм-фанга юксак эътибор қаратилаётган, халқаро майдонда ўз сўзига эга бўлган қудратли давлатдир.

Шу кунга қадар босиб ўтилган зафарли йўл мамлакатнинг тўғри стратегик йўналишда кетаётганини исботлади, Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс асосларини барпо этиш учун мустаҳкам замин яратди. Аҳоли фаровонлигини ошириш, фуқароларнинг тинч, муносиб ва фаровон ҳаётини таъминлаш амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналиши бўлиб қолмоқда.

Таъкидлаш лозимки, эришилган натижалар Янги Ўзбекистоннинг келажагини белгилаб берадиган келгуси ривожланиш ва вазифаларни ҳал этиш учун асос барпо этди. Бу давр жамият ҳаётининг барча жабҳалари бутунлай ўзгартирилган ва жадал ривожланаётган замонавий мамлакатга айланган давлат тарихининг ўта муҳим ва туб бурилиш босқичи сифатида зарҳал ҳарфлар билан ёзилади!

Одил Олимжонов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар