2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантириш бўйича изчил сиёсат амалга оширилмоқда. Ислоҳотларнинг асосий мақсади фонд бозори орқали инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тартибга солишнинг халқаро стандартларини жорий этишдан иборат.
Муҳим босқичлардан бири 2021 йил 13 апрелда қабул қилинган Президентнинг ПФ–6207-сонли «Капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бўлди. Мазкур ҳужжат фонд бозори капитализациясини ошириш, замонавий молиявий инструментларни ривожлантириш, IPO ва SPO механизмларини рағбатлантириш, шунингдек, аҳоли ва бизнеснинг қимматли қоғозлар бозоридаги иштирокини кенгайтириш бўйича стратегик йўналишларни белгилаб берди.
Ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири йирик давлат корхоналарини фонд бозорига олиб чиқиш орқали хусусий капитални жалб этиш бўлди. Бу давлат корхоналари фаолияти шаффофлигини ошириш, корпоратив бошқарувнинг замонавий стандартларини жорий этиш ҳамда хусусий инвесторлар учун инвестиция имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилди.
2023 йилда капитал бозорини тартибга солиш ваколатлари Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига (ИЛМА) ўтказилди. Бу инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, тартибга солиш самарадорлигини ошириш ва халқаро стандартларни жорий этишни жадаллаштириш имконини берди.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар сезиларли натижаларни бермоқда. 2025 йил якунларига кўра, қимматли қоғозлар эмиссиясининг умумий ҳажми 269,1 трлн сўмга етиб, 2024 йилга нисбатан 24,2 фоизга ошди. Акциялар эмиссияси ҳажми 214,7 трлн сўмдан 265,1 трлн сўмга, корпоратив облигациялар ҳажми эса 1,9 трлн сўмдан 3,9 трлн сўмга етиб, икки баробардан кўпроқ ўсди.
Аҳолининг капитал бозоридаги иштироки ҳам сезиларли даражада кенгайди. Корпоратив облигацияларга инвестиция қилувчи чакана инвесторлар сони қарийб ўн бараварга ошиб, 280 нафардан 2 735 нафарга етди. Бозор капитализацияси эса 17,4 фоизга ўсиб, 2026 йил бошида 284,6 трлн сўмни ташкил этди.

Бозорни рақамлаштириш доирасида 2025 йилда Марказий депозитарий орқали дивидендларни марказлашган ҳолда тўлаш тизими йўлга қўйилди. Натижада тўланган дивидендлар ҳажми 7,1 млрд сўмдан 1,7 трлн сўмга етди. Бундан ташқари, FoP («тўловсиз қимматли қоғозларни етказиб бериш») савдо майдончасининг ишга туширилиши бозор ликвидлигини ошириб, операциялар ҳажмини 2023 йил охиридаги 248,4 млрд сўмдан рекорд даражадаги 20,5 трлн сўмга етказди.
Молиявий бозор ривожланишининг янги босқичи сифатида 2025 йил 30 июнда Президентнинг ПФ–48-сонли Фармонига мувофиқ Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилди. Марказ инглиз ҳуқуқи тамойиллари, мустақил суд ва халқаро арбитраж асосида фаолият юритувчи халқаро молиявий юрисдикция сифатида шакллантирилмоқда. Ушбу лойиҳа халқаро молиявий институтлар, инвестиция фондлари ва эмитентларни жалб этиш, шунингдек, Тошкентни Марказий Осиёнинг минтақавий молиявий марказига айлантиришга хизмат қилади.
Жафъар Хидиров,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш