Замонавий Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида мамлакатимиз энергетика тармоғининг ажралмас бўғини ҳисобланган гидроэнергетика соҳасида ҳам изчил ислоҳотлар босқичма-босқич олиб борилмоқда.
Мамлакатимиз гидроэнергетика соҳасининг бош ташкилоти ҳисобланган “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан сўнгги йилларда инвестициявий лойиҳалар асосида янги гидроэлектр станцияларни қуриш, узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган ГЭСларни замон талаблари асосида модернизация қилиш ишлари юқори суръатларда олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан қайта тикланувчи электр энергиясини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш, истиқболли ва самарали лойиҳалар асосида инвестиция маблағларини жалб қилиш, режали тартибда ўзлаштириш, янги гидротехник объектларни эксплуатацияга топшириш, узоқ йиллар мобайнида ишлаб келаётган ГЭСларни модернизация қилиш, ишлаб чиқаришдаги маҳаллийлаштириш жараёнларини кенгайтириш борасидаги ишлар қизғин равишда амалга оширилмоқда.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ мамлакатимизнинг табиий сув ресурсларидан самарали фойдаланиб, халқимиз хонадонларидаги ёруғлик манбаи барқарорлигини, аҳолини қайта тикланадиган, экологик тоза ва арзон электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш жараёнига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Юртимизда мураккаб пандимия сабаб жорий этилган қатъий карантин шароитида ҳам, тизимли ишлар олиб борилиб, Жамият билан ҳамкорлик қилаётган ХХР дан соҳа мутахасисларнинг бир гуруҳи Қодирия ГЭС-3 модернизациясига жалб қилинди ҳамда ҳукумат ёрдами билан Ўзбекистонга етиб келишди. Бу эса ўз навбатида, ГЭСда режага биноан ўз вақтида модернизация ишларининг тугалланишида муҳим ўрин тутди. Шу ўринда, бу борада ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатган Ҳукуматимизга, Ташқи ишлар ҳамда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигига алоҳида миннатдорлимизни билдирамиз.
2020 йил 29 июль куни Чирчиқ-Бўзсув сув-энергетик трактидаги “Қодирия ГЭСлар каскади” унитар корхонаси таркибидаги Қодирия ГЭС (ГЭС-3) да олиб борилган модернизация жараёнлари якунлари ҳамда ушбу ГЭСнинг ишга туширилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ раҳбарияти, “Қодирия ГЭСлар каскади” УК масъул вакиллари ҳамда хорижий мутахассислар иштирок этди.
Қайд этиш жоизки, 1933 йилда қурилган мазкур ГЭСнинг ўрнатилган умумий қуввати 13,2 МВт дан иборат. Қарийб 85 йилдан буён ишлаб келаётган ГЭСнинг 4 та агрегати ишлаш қувватини самарадорлигини йўқотиб, таъмирга муҳтож бўлиб қолган эди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йилда Қодирия ГЭС (ГЭС-3) модернизацияси бўйича тегишли қарор қабул қилиниб, 2017 йилнинг декабрь ойида белгиланган лойиҳа асосида қурилиш ишлари бошлаб юборилган эди. Қарийб уч йил мобайнида ГЭСда инвестициявий лойиҳалар асосида, босқичма-босқич модернизация ишлари олиб борилди.
Режа асосидаги модернизация ишлари мобайнида ГЭСда қурилиш-монтаж, техник қурилмаларни йиғиш ва ўрнатиш, эҳтиёт қисмларни бутлаш ишлари изчиллик билан олиб борилди.
Асосий гидротехник жиҳозлар Хитой Халқ Республикасининг етакчи компанияси “Dongfang Electric International Corporation” томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу техник жиҳозлаш, техник қурилмаларни йиғиш, эҳтиёт қисмларни бутлаш ишлари хорижий ва маҳаллий малакали мутахассислар томонидан амалга оширилди.
Лойиҳалаштириш ишлари тизим ташкилоти ҳисобланган “Гидропроект” АЖнинг малакали мутахассислари томонидан бажарилди. Яна бир тизим ташкилоти ҳисобланган “Сувсаноатмаш” АЖ томонидан модернизация жараёнида ишлатиладиган зарур техник жиҳозлар етказиб берилди. Шунингдек, “Ўзбекгидроэнергоқурилиш” АЖ томонидан ўзига ажратилган объектларда режали тартибда, босқичма-босқич ҳамда изчил равишда қурилиш ишлари амалга оширилди.
Модернизация ишлари якунланганидан сўнг, ГЭСнинг умумий қуввати 15,34 МВт га етказилди. ГЭСнинг йиллик ўртача электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичи 124 млн.кВт.соатга етказилиши кўзда тутилмоқда.
Алоҳида қайд этиш жоизки, Қодирия ГЭС (ГЭС-3) модернизацияси лойиҳасида туну-кун тартибидаги иш жараёнлари ташкил этилиб, ишчи-ходимлар томонидан изчил ва самарали фаолият олиб борилди. Айниқса, дунё давлатлари қатори мамлакатимизда ҳам ҳукм сураётган таҳликали ва мураккаб коронавирус пандемияси шароитида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва тизим ташкилотларининг фидойи, матонатли фаолиятини алоҳида таъкидлаш лозим. Ушбу мураккаб вазиятда, соҳа мутахассислари барча карантин қоидаларига тўла риоя қилган ҳолда, модернизация ишларини режа асосида якунлаш жараёнида бор куч-ғайратларини аямасдан, жонбозлик кўрсатишди.
Соҳа мутахассисларининг жонкуярлиги, фидойилиги ҳамда самарали меҳнатлари натижасида юртимизнинг гидроэнергетика салоҳияти янада юксалмоқда.
Гидроэнергетика соҳасининг тараққиёти мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш билан бирга, янги ГЭСлар қурилаётган, модернизация қилинаётган гидротехник иншоотлар жойлашган ҳудудлар аҳолисининг турмуш фаровонлигини ошишига, ишлаб чиқариш субъектларининг электр қувватлари билан таъминланишига, том маънода, халқимиз фаровонлигини ортишига мустаҳкам замин яратади.
Изоҳ қолдириш