“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ҳамда Франция тараққиёт агентлиги ўртасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Франция тараққиёт агентлигининг Ўзбекистондаги раҳбари Винсант Копе иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ахборот хизмати хабар қилди.
Учрашув давомида гидроэнергетика соҳасида икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари муҳокама этилди, ҳамкорликда амалга оширилаётган Андижон вилоятида Пайтоқ кичик ГЭСи, Жанубий Фарғона канали 1А – кичик ГЭСи ва 2А – кичик ГЭСи қурилиши ҳамда Чорвоқ ГЭСининг фаолияти хавфсизлигини ошириш лойиҳалари муҳокама этилди.
Жамият Бошқаруви раиси ўринбосари Фозил Махмудов Франция тараққиёт агентлигининг Ўзбекистондаги раҳбари Винсант Копега соҳада амалга оширилаётган янгиланиш ва ўзгаришлар билан таништириб, сўнгги уч йил давомида Жамият томонидан 30 дан ортиқ инвестициявий лойиҳалар асосида ишлар олиб борилаётганлигини, гидроэнергетика улушини ошаётганлигини маълум қилди.
Учрашувда Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди ҳамда мазкур лойиҳаларни ўз муддатида ишга тушириш тўғрисида келишиб олинди.
Маълумот ўрнида, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва Франция тараққиёт агентлиги томонидан Андижон вилоятида Пайтоқ кичик ГЭСи, Жанубий Фарғона канали 1А – кичик ГЭСи ва 2А – кичик ГЭСи қурилиши ҳамда Чорвоқ ГЭСининг фаолияти хавфсизлигини ошириш лойиҳаларини молиялаштириш учун 20 йил муддатга 55,8 миллион евро ажратиш тўғрисида заём келишуви имзоланган эди.
Изоҳ қолдириш