Инфографика: Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон билан ҳамкорлиги

Инфографика: Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон билан ҳамкорлиги

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 7-9 октябрь кунлари амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.

Президентимиз “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг навбатдаги саммитида иштирок этади.

Мазкур давлат ташрифи арафасида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази минтақавий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига бағишланган ахборот-таҳлилий материаллар туркумини тайёрлади.

Сўнгги 9 йилда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг асосий кўрсаткичлари сезиларли даражада ўсди:

  • 2017–2025 йилларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 3,1 баробарга ўсиб, 8,3 млрд долларга етди. Экспорт 2,1 баробарга ўсиб, 3,1 млрд долларни, импорт эса 4,2 баробарга ўсиб, 5,1 млрд долларни ташкил этди;
  • Марказий Осиё мамлакатлари инвестициялари иштирокидаги корхоналар сони 7 баробардан зиёдга ўсиб, 2,3 мингдан ошди;
  • Марказий Осиё мамлакатларидан Ўзбекистонга жалб этилаётган йиллик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 600 баробардан зиёдга ўсиб, 2025 йилда 1,3 млрд долларни ташкил этди. 2017 йилда ушбу кўрсаткич атиги 2,1 млн доллар бўлган.

2025 йилда ўзаро савдо таркибида Қозоғистон энг йирик савдо ҳамкори бўлиб қолди. У билан товар айирбошлаш ҳажми 5 млрд долларни ёки Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан умумий савдосининг 60,2 фоизини ташкил этди. Туркманистон билан товар айирбошлаш ҳажми 1,2 млрд долларга (14,5%), Қирғизистон билан ҳам 1,2 млрд долларга (14,5%) етди. Тожикистон билан савдо ҳажми 912,3 млн долларни ёки 11 фоизни ташкил этди.

2025 йилда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига экспорти 3,2 млрд долларга етди. Минтақа мамлакатларининг Ўзбекистон умумий экспортидаги улуши 9,8 фоизни ташкил этди. Марказий Осиё давлатларидан импорт ҳажми 5,1 млрд долларни, уларнинг мамлакат умумий импортидаги улуши эса 11,1 фоизни ташкил этди.

Ўзаро савдони кенгайтириш салоҳияти

Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо 1996–1997 йилларда имзоланган икки томонлама эркин савдо тўғрисидаги битимлар асосида «эркин савдо» режимида амалга оширилади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисоб-китобларига кўра, учинчи мамлакатлардан импорт қилинаётган маҳсулотларни минтақа давлатларининг ўзаро экспорт етказиб беришлари ҳисобига алмаштириш орқали минтақа ички савдо ҳажмини қўшимча 11,4 млрд долларга ошириш мумкин.

Кўриниб турибдики, ички савдони кенгайтириш салоҳияти юқори. Уни рўёбга чиқариш учун ўзаро савдодаги тариф (истиснолар) ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш зарур.

Шунингдек, минтақа мамлакатлари экспортчилари ва импортчилари Марказий Осиё давлатларининг умумий бозори доирасида товарларга бўлган талаб ва таклиф тўғрисидаги маълумотларни доимий равишда олиб бориши учун зарур шароитларни яратиш лозим.

Инвестициявий ҳамкорлик

Шу билан бирга, инвестициявий ҳамкорлик ҳам ривожланиб бормоқда. 2017–2025 йилларда Марказий Осиё мамлакатларидан жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларнинг умумий ҳажми 2,5 млрд долларни ташкил этди. Фақат 2025 йилнинг ўзида минтақа мамлакатларидан жалб қилинган тўғридан-тўғри инвестициялар ва кредитлар ҳажми 1,3 млрд долларга етди.

2026 йил июнь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари капитали иштирокидаги 2 384 та корхона фаолият юритган. Энг кўп корхона Қозоғистон капитали иштирокида ташкил этилган — 1 283 та. Тожикистон капитали иштирокидаги корхоналар сони 442 та, Қирғизистон капитали иштирокида — 362 та, Туркманистон капитали иштирокида эса 297 тани ташкил этган.

Озарбайжон билан ўзаро савдо

Сўнгги бир неча йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашиб, давлатлараро муносабатларнинг энг юқори даражаси — стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига етди.

Икки давлат Президенти раислигида Олий давлатлараро кенгаш ташкил этилган бўлиб, у Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг самарали механизмига айланди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро савдо эркин савдо режимида амалга оширилади.

2017–2025 йилларда Ўзбекистоннинг Озарбайжон билан товар айирбошлаш ҳажми 9,5 баробарга, яъни 32,5 млн доллардан 307,3 млн долларга ўсди. Экспорт 8,2 баробарга, 27,6 млн доллардан 227,3 млн долларга, импорт эса 16,3 баробарга, 4,9 млн доллардан 80 млн долларга ошди.

2025 йилда Ўзбекистоннинг Озарбайжонга экспорти ва ушбу мамлакатдан импорти таркиби қуйидаги товар гуруҳларидан иборат бўлди:

– экспорт — жами 227,3 млн доллар, жумладан: саноат товарлари — 63,4 млн доллар (экспортнинг 28%и), машина ва транспорт ускуналари — 49,3 млн доллар (22%), озиқ-овқат маҳсулотлари — 36,3 млн доллар (16%), ичимликлар ва тамаки — 34,3 млн доллар (15%), тайёр маҳсулотлар — 11 млн доллар (5%), кимё маҳсулотлари — 5,1 млн доллар (2,2%), шунингдек, хизматлар — 22,5 млн доллар (10%);

– импорт — жами 80 млн доллар, жумладан: озиқ-овқат маҳсулотлари — 43,2 млн доллар (импортнинг 54%и), саноат товарлари — 17,4 млн доллар (22%), машина ва транспорт ускуналари — 5,8 млн доллар (7,3%), кимё маҳсулотлари — 5,4 млн доллар (6,8%), ноозиқ-овқат хомашёси — 1,3 млн доллар (1,6%), минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари — 1,2 млн доллар (1,5%), шунингдек, хизматлар — 4,3 млн доллар (5,4%).

Инвестициявий ҳамкорлик

Инвестициявий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2023 йилда устав капитали 500 млн доллар бўлган Озарбайжон–Ўзбекистон инвестиция компанияси ташкил этилди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокидаги 460 та корхона фаолият юритмоқда. 2017 йилда уларнинг сони 71 та бўлган бўлса, бугунги кунга келиб 6,5 баробарга ошди.

2025 йилда Озарбайжондан Ўзбекистонга киритилган инвестициялар ҳажми 173,7 млн долларни ташкил этди (2017 йилда — 0,1 млн доллар). Озарбайжондан Ўзбекистонга киритилган жами тўпланган инвестициялар ҳажми 318,6 млн долларга етди.

Озарбайжон капитали иштирокидаги корхоналар фаолиятининг асосий йўналишлари қурилиш, қайта ишлаш саноати ва қишлоқ хўжалиги ҳисобланади.

Ўзбекистон капитали ҳам Озарбайжон бозорида ўз иштирокини кенгайтирмоқда. Хусусан, автомобиллар ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этилган.

Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири транспорт соҳаси ҳисобланади. Ўзбекистон товарларни Транскаспий халқаро транспорт йўлаги (Ўрта йўлак) орқали Европага етказиб беришда Озарбайжоннинг транспорт-логистика имкониятларидан самарали фойдаланишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар