Ўзбекистон ва Корея Республикаси давлат харидлари ва саноат кооперацияси соҳасида илмий-амалий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва Корея Республикаси давлат харидлари ва саноат кооперацияси соҳасида илмий-амалий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

2026 йил 27–30 сентябрь кунлари Ўзбекистон делегациясининг Корея Республикасига ташрифи бўлиб ўтди. Ташрифдан асосий мақсад Корея Республикасининг давлат харидлари, саноат кооперацияси ва юқори технологик ишлаб чиқаришларни ривожлантириш соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганиш, шунингдек, Корея технологиялари, компаниялари ва илмий салоҳиятини Ўзбекистонга жалб қилиш имкониятларини кўриб чиқишдан иборат бўлди.

Ўзбекистон томонидан учрашувларда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги экспертлари иштирок этди.

Корея томонидан тадбирларда Корея Республикаси Давлат харидлари хизмати (PPS), Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), Корея савдо ва инвестицияларни қўллаб-қувватлаш агентлиги (KOTRA), етакчи Корея компаниялари, илмий-тадқиқот институтлари ва таълим муассасалари вакиллари қатнашди.

Учрашувлар давомида Корея томонига Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, саноатни ривожлантириш, давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва хорижий инвесторлар учун имкониятларни кенгайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистон–Корея мулоқоти доирасида олий даражада эришилган келишувларга ҳамда Корея технологиялари, эксперт салоҳияти ва компанияларини Ўзбекистондаги қўшма лойиҳаларга жалб этиш орқали уларни амалга ошириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тэжон шаҳрида PPS билан ўтказилган учрашув доирасида Корея Республикасининг KONEPS электрон давлат харидлари тизими фаолияти ўрганилди. Томонлар KONEPS электрон тизимининг айрим воситаларини Ўзбекистонда жорий этиш бўйича ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди. Корея ечимларини миллий давлат харидлари тизимига мослаштириш механизмларини янада ишлаб чиқиш бўйича тажриба алмашилди.

KOICA агентлиги вакиллари билан учрашувда давлат харидларини рақамлаштириш соҳасида техник кўмакни жалб қилиш, Корея экспертлари билан ҳамкорлик қилиш ва мутахассислар учун ўқув дастурларини ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

KOTRA агентлигида саноат кооперациясини кенгайтириш, Корея компаниялари ва инвесторларини жалб қилиш, шунингдек, устувор йўналишларда B2B ҳамкорлиги ва технологик шерикликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Саноат ва технологик кооперация соҳасида Кореянинг қатор етакчи компаниялари билан аниқ ҳамкорлик йўналишлари кўриб чиқилди.

Хусусан, Eunsung Telecom корхонасига ташриф давомида ишлаб чиқариш жараёнлари ва технологик имкониятлар ўрганилди. Ўзбекистонда SMT - сиртга монтаж қилиш технологиялари асосида PCB - босма электрон платалар ишлаб чиқаришни ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Roboblock System раҳбарияти билан таълим ва саноат соҳаларида қўлланиладиган дронлар ва робототехника технологияларини Ўзбекистонда жорий этиш, тегишли мутахассисларни тайёрлаш ва кейинчалик ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.

BL Science компанияси вакиллари билан замонавий тиббий диагностика ечимлари, жумладан, компания томонидан ишлаб чиқарилаётган тест тизимлари соҳасида ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.

Илмий ва таълим соҳасида Korea Elevator University (KEU), Electronics and Telecommunications Research Institute (ETRI) ҳамда Korea Advanced Institute of Science and Technology (KAIST) вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.

Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида илмий-таълим ва технологик ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, тажриба алмашиш, мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Корея бизнеси вакиллари Ўзбекистонда турли соҳаларда ўз фаолиятини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирди.

Учрашувлар якунида томонлар муҳокама қилинган йўналишлар бўйича ҳамкорликни давом эттириш юзасидан дастлабки келишувларга эришди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар