Ўзбекистон саноатида ишлаб чиқариш, корхоналар сони ва бандлик ўсмоқда

Ўзбекистон саноатида ишлаб чиқариш, корхоналар сони ва бандлик ўсмоқда

2025 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1 163,2 трлн сўмга етди. 2024 йилда ушбу кўрсаткич 958,1 трлн сўмни ташкил этган. Йиллик реал ўсиш суръати 6,8 фоиз бўлди.

Ишлаб чиқариш билан бир қаторда саноат корхоналари сони ҳам кўпайди. 2025 йилда фаолият юритаётган корхоналар сони 59,5 мингтага етиб, ўтган йилга нисбатан 7 фоизга ёки қарийб 3,9 мингтага ошди. Саноатда банд аҳоли сони эса 1,89 млн нафарни ташкил этиб, бир йилда 160,5 минг нафарга ёки 9,3 фоизга кўпайди.

Қайта ишлаш саноати тармоқнинг асосий қисмини ташкил этмоқда. 2025 йилда жами саноат маҳсулотларининг 84,5 фоизи ушбу соҳа ҳиссасига тўғри келди. Электр, газ таъминоти ва ҳавони кондициялаш соҳасининг улуши 8,4 фоизни, тоғ-кон саноатининг улуши 6,6 фоизни, сув таъминоти, канализация ва чиқиндиларни бошқариш соҳасининг улуши 0,5 фоизни ташкил этди.

Қайта ишлаш саноатининг устунлиги корхоналар таркибида янада яққол кўринади. Жами фаолият юритаётган саноат корхоналарининг 92,7 фоизи айнан ушбу тармоқда жамланган. Тоғ-кон саноатига 4,3 фоиз, сув таъминоти ва чиқиндиларни бошқариш соҳасига 1,9 фоиз, электр ва газ таъминоти ҳамда ҳавони кондициялаш соҳасига 1,1 фоиз тўғри келди.

Бандлик таркибида ҳам қайта ишлаш саноати етакчилик қилмоқда. 2025 йилда саноатда ишловчиларнинг 89,9 фоизи мазкур тармоқда меҳнат қилди. Қолган қисми электр, газ таъминоти ва ҳавони кондициялаш (3,7 фоиз), тоғ-кон саноати (3,5 фоиз), сув таъминоти, канализация ва чиқиндиларни бошқариш (2,8 фоиз) соҳалари ҳиссасига тўғри келди.

Умуман, 2025 йил якунлари саноатда ишлаб чиқариш, корхоналар сони ва бандлик бир вақтнинг ўзида ўсганини кўрсатади. Қайта ишлаш саноати маҳсулот ишлаб чиқаришнинг 84,5 фоизини таъминлаган ҳолда, саноат корхоналарининг 92,7 фоизини ва бандликнинг 89,9 фоизини қамраб олди. Ушбу кўрсаткичлар қайта ишлаш саноатининг мамлакат саноат фаолиятидаги устун ўрнини тасдиқлайди.

Руслан Абатуров

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар