Ҳурматли Сердар Гурбангулиевич!
Ҳурматли давлат раҳбарлари!
Аввало, самимий қабул ва учрашувимизни аъло даражада ташкил этгани учун Туркманистон Президенти, ҳурматли Сердар Гурбангулиевич Бердимуҳамедовга билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.
Биз яна Каспий соҳилида, Авазада йиғилдик.
Бугунги учрашувимиз алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, биринчи марта қардош Озарбайжон билан биргаликда ўтказилмоқда.
Туркманистоннинг раислигини алоҳида эътироф этмоқчиман. Биз йил давомида минтақавий ҳамкорлик борасида сезиларли ютуқларга ва кўплаб муҳим масалалар бўйича аниқ келишувларга эришдик.
Кўп йиллардан буён мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга улкан шахсий ҳисса қўшиб келаётган туркман халқининг Миллий Етакчиси, ҳурматли Гурбангули Мяликгулиевич Бердимуҳамедовга алоҳида миннатдорлик билдираман.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Сўнгги йилларда Марказий Осиёда катта ўзгаришлар бўлди. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг муҳити ўзгарди. Биз тез-тез учрашиб, масалаларни очиқ муҳокама қилиб, ечимлар топиб, бир-биримизни қўллаб-қувватлай бошладик.
Бунда бизнинг Маслаҳат учрашувларимиз катта роль ўйнади. Ушбу форматни яратар эканмиз, биз оддий тушунчадан келиб чиқиб иш тутган эдик: Марказий Осиёнинг фаровонлиги ва хавфсизлиги тўғридан-тўғри мамлакатларимиз ўртасидаги ишончга боғлиқдир.
XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани тузиш жараёнларининг якунланиши тарихий воқеа бўлди.
Бунда биз улкан ва мураккаб тузилмаларни тузишга интилмаймиз. Бизга кучли, суверен ва мустақил давлатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ва соғлом прагматизм асосида ҳамкорлик қиладиган мослашувчан ва тушунарли формат керак.
Айнан ана шундай ёндашув аллақачон ўз натижасини берди. Минтақамиз халқаро майдонда анча ишончли ва сезиларлироқ тарзда намоён бўлмоқда. “Марказий Осиё плюс” форматларига бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётгани, шунингдек, ташқи ҳамкорларимиз доираси доимий равишда кенгаяётгани ҳам буни тасдиқлайди.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Бизнинг яқинлашувимиз мураккаб бир даврда юз бермоқда. Дунё тез ўзгармоқда, кескинлик ортмоқда, савдо ва транспорт алоқалари қайта қурилмоқда, янги хавф-хатарлар пайдо бўлмоқда. Бундай вазиятда ўз ҳаракатларимизни янада яқинроқ мувофиқлаштириш муҳимдир.
Биз келгусидаги биргаликдаги фаолиятимиз учун муҳим, деб ҳисоблайдиган бир нечта йўналишга тўхталиб ўтмоқчиман.
Биринчи. Марказий Осиё ва қўшни минтақалар ўртасидаги ҳамкорликнинг навбатдаги босқичини белгилаб олишимиз керак.
Амалда биз тарихий, иқтисодий ва транспорт алоқаларига эга бўлган ягона ҳамкорлик маконини шакллантиришимиз мумкин. Бугун уларни янада мустаҳкамлаш ва аниқ мазмун билан бойитиш имконияти пайдо бўлмоқда. Бу ерда сўз мамлакатларимиз биргаликда савдо, транспорт, энергетика, саноат ва янги технологияларни ривожлантириши мумкин бўлган улкан макон ҳақида бормоқда.
Ушбу масалаларни биз келгуси йилда Тошкентда ўтказадиган “Тинчлик ва барқарор ўзаро боғлиқлик йўлидаги минтақалараро мулоқот: Марказий Осиё ёндашуви” деб номланган халқаро конференцияда батафсил муҳокама қилишни таклиф этамиз.
Иккинчи. Минтақавий мулоқотимиз қуриладиган асосни мустаҳкамлашимиз керак.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари фаолиятини тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттиришни таклиф этамиз.
Бунда фақат ҳужжатлар сони ўз-ўзидан ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Энг муҳими, қабул қилинган қарорлар бажарилиши ва натижа бериши керак.
Учинчи. Иқтисодий ҳамкорлик янги даражага кўтарилиши керак.
Биз ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажмининг ўсиши бўйича ўз олдимизга жиддий мақсадлар қўйганмиз. Энди бу ўсиш ниманинг ҳисобига таъминланишини белгилаб олиш зарур.
Сўз, биринчи навбатда, йирик лойиҳаларни тезроқ ишга тушириш имконини берадиган қўшма саноат ва технологик занжирлар, умумий рақамли хизматлар ва инвестиция механизмлари ҳақида гап бормоқда. Бунда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича 2035 йилгача мўлжалланган кенг қамровли минтақавий дастур муҳим ўрин тутади. Ушбу ҳужжат минтақанинг асосий устунлиги – умумий географиямиздан фойдаланишда ёрдам берадиган амалий воситага айланиши керак.
Бунинг учун савдо-сотиқ йўлидаги тўсиқларни изчил бартараф этиш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни кўпроқ ишга тушириш зарур.
Биз бир-биримиз билан одатдаги савдо-сотиқ қилиш энди етарли бўлмаган даврга етиб келганмиз. Биргаликда якуний маҳсулот яратиш лозим.
“Олти иқтисодиёт – битта маҳсулот” формуласи биз қандай маррага интилишимиз керак эканини яхши ифодалайди.
Бир нечта мамлакат корхоналари ягона ишлаб чиқариш занжирида иштирок этганида, маҳсулотлар биргаликда яратилганида мамлакатларимиз иқтисодиёти ўртасида бутунлай бошқа – одатий товар айирбошлашга қараганда анча мустаҳкам – алоқалар пайдо бўлади.
Бу борадаги ишларни ривожлантириш учун 2027 йилда қадимий Хива шаҳрида Марказий Осиё ва Озарбайжон бизнес форумини ўтказишни таклиф этамиз.
Айни пайтда қўшма инвестиция лойиҳаларини молиявий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича махсус платформани яратишни муҳим, деб ҳисоблайман. Йирик ғоялар кўпинча нафақат инвестицияларни, балки жиддий тайёргарлик, экспертиза, тушунарли молиявий воситалар ва қўллаб-қувватлашни ҳам талаб қилади.
Савдо ва инвестициялар вазирлари кенгашига Ашхободда ўтказиладиган навбатдаги мажлисда бу масалани атрофлича кўриб чиқишни топширишни таклиф этаман.
Тўртинчи. Мамлакатларимизни замонавий транспорт ва логистика тармоғи билан боғлашимиз зарур.
Минтақамиз глобал савдонинг қуруқликдаги энг муҳим йўналишларидан бирига ва айни пайтда иқтисодий фаолликнинг йирик марказига айланиши мумкин. Аммо бунинг учун фақат йўл ва темир йўллар қуришннг ўзи етарли эмас.
Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича умумий мантиқ зарур. Йўналишлар бир-бирини давом эттириши ва ягона тизим сифатида ишлаши учун йирик лойиҳаларни ўзаро мувофиқлаштириш зарур.
Янги транспорт йўлаклари бўйларида ишлаб чиқариш, логистика ва хизмат кўрсатиш объектлари, саноат зоналари пайдо бўлиши керак. Ана шунда транспорт йўналишлари ўз атрофида иқтисодий тизим яратади ва ушбу йўллар ўтган ҳар бир давлатга анча катта самара келтиради.
Бундай мувофиқлаштирув учун Инфратузилмавий ривожланиш бўйича кенгашни тузишни тезлаштиришни таклиф этамиз. Кенгашнинг биринчи мажлисини Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмиз.
Энергетика умумий кун тартибимизда алоҳида ўрин тутади.
Минтақамиз турли ресурсларга эга. Углеводородларнинг катта захиралари ва гидроэнергетика, қуёш ҳамда шамол энергияси бўйича улкан салоҳият мавжуд. Айнан мана шу хилма-хиллик мамлакатларимизга бир-бирини тўлдириш имконини беради. Бундан оқилона фойдаланиб, минтақада энергетикани ривожлантиришга комплекс ёндашиш зарур.
Бу борада “яшил” энергетика тобора катта роль ўйнайди.
Кам углеродли энергетика салоҳияти бўйича қўшма концепцияни тайёрлашни таклиф этамиз. У янги ишлаб чиқариш қувватларини қуриш, энергияни сақлашнинг замонавий тизимларини ривожлантириш ва янги энергетика йўлакларини яратишни яхшироқ мувофиқлаштириш имконини беради.
Сув ва иқлим масалалари биргаликдаги ечимларни талаб қиладиган яна бир йўналишдир.
Сув ресурслари тақчиллиги Марказий Осиё тараққиёти учун тобора жиддий тўсиққа айланмоқда. Иқлим ўзгармоқда, аҳоли сони ўсмоқда, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилмага тушаётган босим ортмоқда.
Шунинг учун бизда қанча сув борлиги ва ундан қандай фойдаланилаётганини аниқроқ тушуниб олишимиз зарур. Замонавий рақамли мониторинг тизимлари, ирригация тармоқларини модернизация қилиш ва сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш керак.
Бугунги кунда катта сув йўқотишлари минтақамиз учун жуда қимматга тушмоқда. Айнан шу боис Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги ҳақидаги умумий ташаббусимизни тўлиқ амалга ошириш муҳим.
Келгуси йилдан бошлаб, Ўзбекистон Оролни қутқариш халқаро жамғармасида раисликни қабул қилиб олади. Биз бу миссияга катта масъулият сифатида қараймиз.
Раислигимиз давридан Жамғарма ишини янада самарали ташкил этиш, янги экологик лойиҳаларни ишга тушириш ва қўшимча молиявий маблағларни жалб қилиш учун фойдаланиш ниятидамиз.
Сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари бўйича Афғонистон билан мулоқотга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу мулоқот доимий ва аниқ мазмунга эга бўлиши, минтақадаги барча мамлакатларнинг манфаатларини ҳисобга олиши шарт.
Ҳавонинг ифлосланиши шаҳарларимиз учун энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.
Яқинда Ўзбекистон “Марказий Осиё тоза ҳавоси” халқаро консорциумини ташкил этишни таклиф этди. Унинг фаолиятини аниқ қўшма лойиҳа: мамлакатларимиз саноат зоналари, агрокластерлари ва транспорт боғламаларини экологик жиҳатдан модернизация қилиш бўйича пилот дастуридан бошлаш мумкин. Бу муаммони муҳокама қилишдан, атроф-муҳитга босим айниқса катта бўлган жойларда амалий ишга ўтиш имконини беради.
Муҳим минераллар – аҳамияти тез ўсиб бораётган яна бир мавзудир.
Мамлакатларимиз замонавий саноат, энергетика ва янги технологиялар учун зарур бўлган хомашёнинг катта захираларига эга. Бу борада биргаликда ҳаракат қилишимиз муҳим. Ўзбекистоннинг Муҳим минераллар бўйича минтақавий альянсни ташкил этиш борасидаги ташаббуси бўйича ишларни фаоллаштиришни таклиф қиламиз.
Марказий Осиёнинг муҳим минераллар захираларининг ягона рақамли харитасини яратиш бу борада биринчи қадамлардан бири бўлиши мумкин. Бундай ресурс минтақа салоҳияти ҳақида тўлиқроқ тасаввур беради ва халқаро инвесторларга мамлакатларимиз бу йўналишни биргаликда ривожлантиришга тайёр эканини кўрсатади.
Масалаларнинг навбатдаги катта блоки технологик ривожланиш билан боғлиқ.
Сунъий интеллект ва катта ҳажмдаги маълумотлар билан ишлаш аллақачон саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим, давлат бошқарувини ўзгартирмоқда.
Мамлакатларимиз иқтисодиётининг ишлаб чиқариш самарадорлиги ва келажакда рақобатлаша олиш қобилияти кўп жиҳатдан шу технологияларга боғлиқ бўлади. Шу билан бирга, рақамли лойиҳалар кўпинча йирик инфратузилмавий қурилишга қараганда тезроқ натижага эришиш имконини беради.
Шу боис, мамлакатларимиз имкониятларини бирлаштириш ва Умумий ҳисоблаш инфратузилмасини яратишни бошлашни таклиф қиламиз. Миллий маълумотлар марказларининг ўзаро боғланган тармоғи унинг асоси бўлиши мумкин. Бу ҳисоблаш қувватларидан самаралироқ фойдаланиш, ўзимизнинг рақамли маҳсулотларимизни ривожлантириш ва сунъий интеллект соҳасида йирик лойиҳалар учун шароит яратиш имконини беради.
Бироқ фақат инфратузилманинг ўзи етарли эмас. Биз учун бир вақтнинг ўзида мутахассислар, илмий тадқиқотлар ва кучли технологик компаниялар керак. Шу боис, тармоқ учун кадрларни тайёрлаш бўйича қўшма дастурларни ишга тушириш, илмий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва технологик тадбиркорлик учун кўпроқ имкониятлар яратишни таклиф қиламиз.
Ва ниҳоят, минтақамиз келажаги учун энг муҳим масалалардан бири – бу инсон ресурслари.
Мамлакатларимиз катта демографик салоҳиятга эга. Аҳоли сони ошмоқда, ёшлар кўпаймоқда ва минтақа иқтисодиёти ўн, йигирма, ўттиз йилдан кейин қандай бўлиши кўп жиҳатдан айнан уларнинг таълими ва касбий тайёргарлиги сифатига боғлиқ бўлади.
Шу боис, таълим ва ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамкорлигимизда алоҳида ўрин эгаллаши лозим. Биз келгусида мамлакатларимиз иқтисодиётига қандай мутахассислар керак бўлишини яхшироқ тушуниб олишимиз керак. Бунинг учун талаб юқори бўлган касблар ва компетенцияларнинг минтақавий атласини ишлаб чиқишни таклиф қиламиз. Унда бугунги кунда мутахассислар танқислиги сезилаётган ва яқин йилларда талаб ўсиб борадиган йўналишлар бўйича мамлакатларимизнинг прогноз маълумотларини бирлаштириш мумкин.
Бу университетлар ва касб-ҳунар таълими муассасаларига иқтисодиётнинг реал эҳтиёжларини олдиндан ҳисобга олиш имконини беради.
Истиқболда биз минтақанинг бир нечта мамлакатида бир вақтнинг ўзида амалга оширилаётган аниқ йирик лойиҳалар учун ҳам кадрлар тайёрлай оламиз. Шу тариқа, таълим саноат, транспорт, энергетика, рақамли технологиялар ва бошқа тармоқлар ривожи билан бевосита боғлиқ бўлади.
Муҳтарам давлат раҳбарлари!
Сўнгги йилларда биз кўп нарсага эришдик. Энди бу ўзгаришларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорлигимизни келгуси ўн йилликлар давомида барқарор қилиш муҳимдир.
Формула оддий: тараққиёт ва хавфсизлик йўлида бирдамлик ва ишонч.
Биз келгуси авлодларга қандай минтақа қолдиришимиз учун жавобгармиз. У тинч, хавфсиз, иқтисодий жиҳатдан кучли бўлиши ва одамларга муносиб яшаш, меҳнат қилиш, ўқиш ҳамда фарзандларни вояга етказиш имкониятларини бериши керак.
Озарбайжонни Маслаҳат учрашувига раисликни қабул қилиб олгани билан табриклаймиз.
Ишончимиз комилки, Озарбайжон раҳбарлигида форматимиз доирасидаги ишлар қўшимча суръатга эга бўлади, қардошлик ҳамкорлиги эса бирлик, ишонч ва бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Сўзимнинг якунида ҳурматли Сардор Гурбангулиевич Бердимуҳамедовга меҳмондўст Туркманистон заминидаги самимий қабул ва учрашувимиз ажойиб ташкил этилгани учун яна бир бор самимий миннатдорлик билдираман.
Эътиборингиз учун раҳмат.
Изоҳ қолдириш