Сурхондарё вилояти республиканинг жануби-шарқида, Сурхон-Шеробод водийсида жойлашган. Жанубдан Амударё бўйлаб Афғонистон, шимол, шимоли-шарқ ва шарқдан Тожикистон, жануби-ғарбдан Туркманистон, шимоли-ғарбдан Қашқадарё вилояти билан чегарадош.
Тоғ зонаси ва адирларда, асосан, ғалла етиштирилади, чорва учун ёзги яйлов. Сурхон-Шеробод текислигида пахта экилади, боғ токзорлар барпо қилинган. Жанубий қисми кенг қумликлар билан қопланган.
Марказ экспертлари вилоятда сўнгги йилларида юз берган фаол ислоҳотларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги асосий ўзгаришларини тақдим этди.
2017-2020 йиллар давомида вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти (ЯҲМ) 17% га ошиб, 12 трлн. сўмдан 24,9 трлн сўмга етди.
Шу давр мобайнида ЯҲМнинг хизматлар соҳаси 37,1 %дан 34,5 %га, саноат ва қурилиш соҳаси 12,6 %дан 15,5 %га ўсди.
Бозор хизматлари 37% га кўпайиб, 3,8 трлн. сўмдан 8 трлн сўмни ташкил этди.
Сўнгги беш йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,2 трлн сўмдан 5,3 трлн сўмга етиб, 19% га ошди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 11% га ўсиб, 2016 йилдаги 8,9 трлн. сўмдан 2020 йилда 19,9 трлн. сўмни ташкил этди.
Вилоятда фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 2016 йилдаги 18,8 минг донадан 2020 йилда 29,1 минг донагача 55 % кўпайди.
Инфратузилмани ривожлантириш соҳасида 2016-2020 йилларда 32 км газ қувурлари, 41 км автомобил йўллари ва 893 км сув таъминоти тармоқлари ётқизилди.
Шу давр мобайнида 138 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.
Ўтган беш йил давомида вилоятда 5 560 минг квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди, мактабгача таълим муассасаларида 12,7 минг ўрин, мактабларда 41,1 минг ўрин, шифохонада 2,9 минг ўринга мўлжалланган коекалар жойлаштирилди.
Вилоят улкан иқтисодий имкониятлари, географик ва транспорт салоҳияти билан мамлакатимиз ҳаётида муҳим ўрин тутади. Сурхондарёнинг табиий иқлим шароити бошқа ҳудудлардан фарқ қилиб, воҳада икки-уч марта ҳосил олиш, иссиқсевар ўсимликлар етиштириш имконияти мавжуд. Замонавий корхоналар ташкил этилиб, янги иш ўринлари яратилмоқда. Қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес изчил ривожланмоқда.
Бундан ташқари вилоятда фойдали қазилмалардан нефть ва газ, тошкўмир, полиметалл, ош тузи конлари бор. Гипс, гранит, аргиллит каби қурилиш материаллари, минерал сувли булоқ кўп.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш