Ўзбекистонда уй-жой кўчмас мулк бозори ўз мавқеини мустаҳкамламоқда – CERR таҳлили

Ўзбекистонда уй-жой кўчмас мулк бозори ўз мавқеини мустаҳкамламоқда – CERR таҳлили

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази уй-жой кўчмас мулк бозоридаги вазиятни мунтазам таҳлил қилиб боради.

Ноябрь ойида кўчмас мулк бозори ижобий тенденцияни сақлаб қолишда давом этди. Савдолар 21,9 минг битимни ташкил этиб, октябрь ойидаги кўрсаткичдан 2,5%га ошди.

Шу билан бирга, йиллик ҳисобда кўчмас мулк бозорида фаоллик 0,8%га ўсди.

Ҳудудий динамика

Ноябрь ойида ҳудудлар кесимида рўйхатга олинган кўчмас мулк битимларининг ўсиш динамикаси Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида, хусусан, Хоразм ва Бухоро вилоятларида мос равишда 15,6% ва 8,4%га ижобий тенденцияларни кўрсатмоқда.

Тошкент мамлакатнинг пойтахти ва энг йирик шаҳри сифатида кўчмас мулк бозори умумий ҳажмининг 30%дан ортиғини эгаллади, фаоллик даражаси эса 9,3%га ошди.

Иккиламчи кўчмас мулк бозорини таҳлил қилиш

Бир ой ичида Республика бўйича иккиламчи уй-жой нархлари деярли ўзгармаган ҳолда атиги 0,3%га ўсди, ўтган йилга нисбатан 6,2%га ўсиш қайд этилди.

Йил давомида бозорнинг ушбу сегментида сезиларли ўсиш Сурхондарё – 18,1%, Бухоро – 11,9% ва Қашқадарё – 10,2% вилоятларида қайд этилди.

Иккиламчи уй-жойларнинг энг мақбул нархи Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб қолмоқда, бу ерда квадрат метр учун ўртача нарх 333 долларни ташкил этада.

Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи ой давомида атиги 0,2%га ошиб, 1,1 минг доллардан сал кўпроқни ташкил этди.

Пойтахтнинг Бектемир – 4,4%, Яшнобод – 2,4% ва Шайхонтоҳур – 2,2% туманларида нархлар сезиларли даражада ошгани қайд этилди.

Умуман олганда, республика бўйича иккиламчи бозорда бир квадрат метр уй-жойнинг ўртача қиймати йил давомида 6,2%га ошган бўлса, Тошкент шаҳрида шу даврда 1,5% пасайиш кузатилди.

Уй-жой ижара бозори

Ноябрь ойида Тошкент шаҳридаги ижара бозорида турғунлик қайд этилди. Бир квадрат метр учун ўртача ижара нархи 8,3 долларни ташкил этди, бу жорий йилнинг июнь ойи кўрсаткичига мос келади.

Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи юқорилигича қолмоқда, бу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10-11 долларни ташкил этади.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида ўртача ижара нархи ўтган йилга нисбатан 10,7%га пасайди. Йил давомида нархларнинг энг катта пасайиши Учтепа – 14,5%, Яшнобод – 14,3% ва Юнусобод-13,8% туманларида қайд этилди.

Маълумот учун: Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозори Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг тадқиқот йўналишларидан бири бўлиб, унда бирламчи ва иккиламчи кўчмас мулк бозорларидаги фаоллик динамикаси тақдим этиб борилади. Маълумотлар ҳисобот ойи учун ҳам, йил бошидан ҳисобот ойигача бўлган давр учун ҳам тақдим этилади. Бозор динамикасини кузатиш учун ўтган йилнинг шу даврига оид маълумотлар тақдим этилади.

Жалолиддин Усмонов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

тел: (78) 150 02 02 (417)


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар