Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 3 март куни уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Аҳоли сони ўсиши билан уй-жойга эҳтиёж ҳам ошиши табиий. Ўтган тўрт йилда 140 мингта уй-жой барпо этилди. Йилига қурилган уйларнинг ўртача сони таққосланганда, бу аввалги даврдаги кўрсаткичдан 4-5 баравар кўпдир.
Уйга эҳтиёжи бор оилалар ҳали ҳам кўп.
Президент аҳолининг барча қатламларини уй-жой билан таъминлаш, бу борада танлаш имкониятини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Шу мақсадда жорий йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш мўлжалланмоқда. Жумладан, давлат ипотека дастури доирасида жами 45 мингта уй қурилади.
Шундан “Қишлоқ қурилиш инвест” ва “Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компаниялари томонидан 12 мингта уй, Молия вазирлиги тижорат банкларига жойлаштирадиган ресурслар ҳисобига 26 минг 500 та квартира, хусусий тадбиркорлар томонидан қурилаётган 8 мингта хонадон фойдаланишга топширилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда якка тартибдаги уй-жой қуриш учун 500 тагача, жами 6,5 мингта оилага кредит берилади. Бундан ташқари, оғир турмуш шароитига тушиб, бошпанасиз қолган мингта оила, айниқса, аёлларга ижара асосида ижтимоий уй-жойлар ажратилади.
Ҳудудлар миқёсида айтганда, Қорақалпоғистонда 2290 та, Андижонда 4665 та, Бухорода 3220 та, Жиззахда 1670 та, Қашқадарёда 3710 та, Навоийда 1836 та, Наманганда 4025 та, Самарқандда 4479 та, Сурхондарёда 3989 та, Сирдарёда 1414 та, Тошкент вилоятида 4046 та, Фарғонада 4530 та, Хоразмда 3016 та ва Тошкент шаҳрида 7556 та уй-жой қуриб битказилади.
– Бугунги кунгача бундай ҳажмдаги қурилиш дастурини амалга оширмаганмиз. Шунинг учун, ҳар бир вилоят ҳокими уй-жой масаласи билан чуқур шуғулланиб, аниқ ҳисоб-китобга эга бўлиши керак. Энг катта масала – бу уй-жойларнинг нархини адолатли шакллантириш. Бугунги нарх-наводан одамларимиз рози эмас, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шунинг учун вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига қурилиш материалларини арзонроқ ва яқинроқдан олиб, бир квадрат метр уй нархини 4 миллион сўмдан оширмаслик чораларни кўриш вазифаси қўйилди..
Масалан, газобетон блокларини жойларда ишлаб чиқариш орқали таннархни камайтириш мумкин. Шу боис “Ўзстандарт” агентлигига ҳар бир ҳудудда газобетон ишлаб чиқарувчиларни стандартларга ўргатиб, маҳсулотларини сертификатлаш бўйича топшириқ берилди.
Изоҳ қолдириш