Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида қурилиш материаллари саноати ва туризмни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида қурилиш материаллари саноати ва туризмни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Паркент туманида қурилиш материаллари саноати ва туризмни ривожлантириш масалалари юзасидан инвестор ҳамда тадбиркорлар билан учрашув ўтказмоқда.

Давлатимиз раҳбари бир йил аввал Кумушконда Бўстонлиқ ва Зоминдаги туристик зоналардан қолишмайдиган йирик мажмуа барпо этиш вазифаси қўйилганини эслатди.

«Аввало, ўзимизникиларга имконият берайлик, улар нималарга қодирлигини кўрсатсин» деган ёндашув асосида маҳаллий лойиҳачилар ва қурувчилар 47 гектар майдонда «Олтин бел» мажмуасини бунёд этди.

Мажмуада тўртта меҳмонхона, иккита ресторан, 51 та шале, аквапарк, амфитеатр ва кўнгилочар иншоотлар ташкил қилинган. Бир вақтнинг ўзида 6 минг нафарга хизмат кўрсатиш ва 600 та иш ўрни яратиш имконияти мавжуд.

Халқаро туризм академияси томонидан бу ерда ташкил этилган курсларда 300 нафар мутахассис тайёрланди. Қурилиш ва жиҳозлашда маҳсулотларнинг 95 фоизи маҳаллий корхоналардан олингани лойиҳа таннархини 20 фоизга арзонлаштирди.

Ушбу тажриба асосида Нанай, Хонобод, Чимёнсой, Музбулоқ, Ургут, Элликқалъа ва бошқа ҳудудларда ҳам туризм масканлари барпо этиш бўйича таклифлар билдирилди.

Президентимиз қурилиш индустрияси ва туризм бир-бирини тўлдирадиган, ўзаро янги имкониятлар очадиган соҳаларга айланиши зарурлигини таъкидлади.

Қурилиш материаллари саноатида экспортни 5 миллиард долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилди

Президентимиз қурилиш материаллари саноатида эришилган натижалар ва янги экспорт имкониятларига тўхталди.

Сўнгги ўн йилда соҳага 12 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 5 мингдан зиёд замонавий корхона ишга туширилди. Жорий йилда ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилдаги 7 триллион сўмдан 65 триллион сўмга, экспорт эса 75 миллион доллардан 1,5 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Мамлакатимизда ҳар йили 50–55 миллиард доллар инвестиция жалб этилаётгани қурилиш маҳсулотлари учун катта ички бозорни шакллантирмоқда. Қўшни ва яқин минтақаларда ҳам бу маҳсулотларга йиллик талаб 50 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни кўпайтириш, маҳаллий девелоперларни хорижий тендерларга олиб чиқиш ва арзон ҳамда узлуксиз логистика занжирларини яратиш ҳисобига экспортни яқин йилларда 5 миллиард долларга етказиш мумкинлиги қайд этилди.

«Лекин ҳозирги тез ўзгарувчан бозор шароитида тадбиркорлар билан йилда бир эмас, керак бўлса, ҳар ойда мулоқот қилиш зарур», — деди Президентимиз.

Бу борада вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар олдига аниқ талаб қўйилди.

Қурилиш материаллари сифати ва рақобатбардошлигини ошириш вазифаси қўйилди

Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда асосий вазифалардан бири — маҳсулот сифати, дизайни ва рақобатбардошлигини ошириш.

Мамлакатимизда керамик плита, базальт қоплама, қурилиш ойнаси ва газоблок каби 161 турдаги маҳсулот бўйича ички талабни қоплашга етарли қувватлар мавжуд. Шунга қарамай, сифат ва бренд билан боғлиқ камчиликлар сабаб йиллик импорт 780 миллион долларни ташкил этмоқда.

Масалан, керамик плита ишлаб чиқариш қуввати ички талабдан уч карра юқори, бироқ йирик ўлчамли плиталар импортига ҳар йили 25 миллион доллар сарфланмоқда. Лок-бўёқ, гулқоғоз ва энергия тежамкор ойна каби саккиз турдаги тайёр маҳсулот импорти эса 280 миллион долларга етган.

Ушбу йўналишда Туркиянинг «Betek» компанияси билан Зангиота туманида 30 миллион долларлик лок-бўёқ заводи қурилиши бошланаётгани маълум қилинди.

Давлатимиз раҳбари ҳокимлардан истеъмолчилар талаби ва халқаро брендлар имкониятини чуқур ўрганиб, янги лойиҳаларни илгари суришни талаб қилди.

Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича янги вазифалар белгиланди

Йирик стратегик лойиҳаларни маҳаллий қурилиш материаллари билан таъминлаш бўйича янги вазифалар белгиланди.

Жиззах вилоятидаги атом электр станцияси қурилишида 2 миллиард 200 миллион долларлик қурилиш материаллари ишлатилиши кўзда тутилган. Шу боис, Эгизбулоқ маҳалласидаги 200 гектар майдонда алоҳида солиқ ва божхона режимига эга махсус саноат зонаси ташкил этилади.

Бу ерда станция қурилиши учун зарур 70 турдаги янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш вазифаси қўйилди. Шунингдек, импорт ўрнини босувчи ва мегалойиҳаларда қўлланиладиган маҳсулотлар бўйича талабни таҳлил қилиб, 20 миллиард долларлик лойиҳаларнинг тармоқ жадвалини тасдиқлаш топширилди.

Келаси йилдан юқори қўшилган қийматли янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳалари учун икки йиллик имтиёзли давр билан йиллик 6 фоиз ставкада 200 миллион доллар ресурс ажратилади.

Корхоналарда энергия тежовчи ускуналар харид қилиш харажатларининг 10 фоизини, бироқ 1 миллиард сўмдан ошмаган қисмини қоплаб бериш механизми ҳам жорий қилинади.

Пардозбоп тошлар саноатида «ноль чиқинди» тамойили жорий этилади

Пардозбоп тошлар саноатида хомашёдан тўлиқ фойдаланиш ва чиқиндиларни қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатимиздаги 155 та корхона йилига 1 миллион тонна хомашё қазиб олаётган бўлса-да, унинг 35–40 фоизгача қисми ишлаб чиқариш чиқиндиси сифатида қолмоқда. Айниқса, Нурота, Ғозғон ва Қўшработдаги конлар атрофида гранит ва мармар қолдиқлари тўпланган.

Президентимиз ривожланган давлатлар тажрибаси асосида «ноль чиқинди» тамойилини кенг жорий этиш зарурлигини қайд этди. Бундай хомашёдан композит пол қопламалари, сунъий тош плиталар ва мармар кукуни каби маҳсулотлар тайёрлаш мумкин.

Мутасаддиларга бир ойда тадбиркорларни жалб этиб, пардозбоп тош конлари атрофида камида 100 миллион долларлик лойиҳаларни бошлаш топширилди.

Бундан буён янги пардозбоп тош конлари «ноль чиқинди» тамойили асосида ишлаш шарти билан аукционга қўйилади.

Давлат қурилишларида маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш кенгайтирилади

Қурилиш таннархини пасайтириш ва давлат маблағларидан самарали фойдаланиш масалалари ҳам танқидий кўриб чиқилди.

Таҳлилларга кўра, Жиззах, Навоий ва Хоразмда қурилаётган кўп қаватли уйларнинг бир квадрат метри таннархи 3,5 миллион сўмдан кам, Бухоро ва Сурхондарёда эса 5 миллион сўмдан юқори. Айрим ҳудудларда маъмурий бинолар қурилиши қиймати ҳам бир-биридан 1,5–2 баробар фарқ қилмоқда.

Бундай тафовутларга ортиқча воситачилар, лойиҳа ва сметаларнинг қурилиш давомида қайта-қайта ўзгартирилиши сабаб бўлаётгани таъкидланди.

Келаси йилдан бюджет ҳисобидан амалга ошириладиган қурилишларда биринчи навбатда маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш талаби жорий этилади. Давлат харидлари порталида маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари учун алоҳида савдо майдончаси ташкил қилиниб, уларга йилига 15–20 триллион сўмлик бозор очилади.

Ушбу тартибни стратегик корхоналар ва давлат кафолати остидаги лойиҳаларга ҳам татбиқ этиш вазифаси қўйилди. Қурилиш таннархи, маҳаллий маҳсулотлар улуши ва энергия самарадорлиги юзасидан қатъий назорат ўрнатилади.

Янги Тошкент қурилишлари учун 200 миллион долларлик имтиёзли кредит ажратилади

Янги Тошкентдаги қурилишлар ва маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш бўйича қўшимча чоралар белгиланди.

Янги Тошкентда катта ҳажмдаги қурилиш ишларини амалга ошираётган девелоперларнинг айланма маблағга эҳтиёжини қоплаш учун ўн кун ичида 200 миллион долларлик имтиёзли кредит линияси очилади. Ушбу маблағлар фақат маҳаллий қурилиш материалларини харид қилишга йўналтирилади.

Маҳаллий корхоналар сифат кўрсаткичлари текширилмаган арзон импорт маҳсулотлари билан рақобат қилаётгани, бироқ уларни синовдан ўтказиш учун лабораториялар етишмаслиги таъкидланди.

Аҳолини сифатсиз ва саломатлик учун хавфли маҳсулотлардан ҳимоя қилиш мақсадида Тошкент шаҳри, Фарғона ва Самарқандда учта замонавий лаборатория ташкил этилади.

Мутасаддиларга бир ойда лабораториялар жойлашувини аниқлаш ва уларни келаси йил ишга тушириш топширилди.

Қурилишда инновацион технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди

Президентимиз янги қурилиш материаллари ва инновацион технологияларни амалиётга жорий этиш масаласига ҳам тўхталди.

Учрашув олдидан намойиш этилган кўргазмада маҳаллий корхоналар ишлаб чиқараётган инновацион маҳсулотлар тақдимот қилинди.

Жумладан, бетон гилам деб аталувчи гидроизоляция материали каналларни анъанавий бетонлашга нисбатан икки баробар тез ва 30 фоиз арзон қуриш имконини беради.

«Биздаги 31 та лойиҳа институти дунёқарашини ўзгартириши, замонга мослашиши керак», — деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари тадбирда қатнашаётган инвесторлар ушбу институтларни бошқарувга олиб, замонавий технология ва илғор ечимлар олиб кириш бўйича таклиф билдирса, уларни кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилди.

Ўзбекистонга келаётган хорижий сайёҳлар сони 15 миллион нафардан ошиши кутилмоқда

Учрашувда туризмни ривожлантириш ва соҳада хизматлар сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Жорий йил бошидан Ўзбекистонга 11,6 миллион нафар хорижлик сайёҳ келган. Йил якунига қадар мазкур кўрсаткич 15 миллион нафардан ортиши кутилмоқда.

Сўнгги икки йилда узоқ хорижий давлатлардан келувчи сайёҳларнинг мамлакатимизда бўлиш муддати ўртача 6,5 кундан 8 кунгача узайди. Тўлов қобилияти юқори сайёҳлар улуши 14 фоиздан 21 фоизга ошди.

Узоқ хориждан келган бир сайёҳ сарфлайдиган ўртача маблағ ҳам 21 фоизга кўпайган.

Президентимиз туризмда энди асосий эътиборни фақат ташрифлар сонини оширишга эмас, балки хизмат кўрсатиш сифати ва туристларнинг мамлакатда кўпроқ вақт қолишига қаратиш лозимлигини таъкидлади.

Туризм экспортини 10 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда

Президентимиз туризм соҳасида тадбиркорликни рағбатлантириш учун кенг кўламли имтиёзлар белгиланганини эслатди.

Жумладан, меҳмонхоналар қурилиши учун миллий валютада 16 фоизли молиявий ресурслар ажратилди, ер ва мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар 2030 йилгача узайтирилди. Юлдузли меҳмонхоналарга субсидиялар бериш муддати яна икки йилга чўзилди.

Хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатувчи туроператорлар қўшилган қиймат солиғидан озод этилди. Туристик транспорт воситаларини импорт қилишда божхона имтиёзлари бир йилга узайтирилиб, утилизация йиғими бекор қилинди.

Яқин вақтда туризмни ривожлантириш стратегиясини қабул қилиш режалаштирилган. Унда хорижлик сайёҳлар сонини 20 миллион нафарга, туризмнинг иқтисодиётдаги улушини ҳозирги 3,5 фоиздан 7 фоизга ошириш ва соҳа экспортини 10 миллиард долларга олиб чиқиш мақсад қилинмоқда.

Туризм лойиҳалари учун қўшимча 5 минг гектар ер ажратиш вазифаси қўйилди

Янги туризм лойиҳалари учун ер майдонлари тайёрлаш ва инфратузилма яратиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Илгари ҳудудларнинг энг қулай ва сўлим жойларидан 1 минг 200 гектар ер захира қилинган эди. Энди ҳокимларга қўшимча 5 минг гектар майдонни туризм лойиҳаларига тайёрлаш топширилди.

Жорий йилнинг ўзида туризм инфратузилмасини ривожлантиришга 2 триллион сўм йўналтирилди. Президентимиз бундай имкониятларни янги инвестиция лойиҳалари ва иш ўринларига айлантириш зарурлигини таъкидлади.

25–27 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвестиция форуми ўтказилади. Унда 25 дан ортиқ давлатдан 100 дан зиёд йирик инвестор иштирок этиши кутилмоқда.

Ҳудудлар раҳбарларига форумга пухта тайёргарлик кўриб, шаҳар ва туманларнинг туристик салоҳиятини намойиш этиш вазифаси қўйилди.

Ҳудудларда 11 миллиард долларлик туризм лойиҳаларини амалга ошириш жадаллаштирилади

Туризмга инвестиция жалб қилиш бўйича ҳар бир ҳудуд раҳбари учун аниқ мақсадлар белгилаб берилди.

Шу билан бирга, ҳудудларда шакллантирилган 11 миллиард долларлик туризм лойиҳалари бўйича бир ой ичида амалий ишларни бошлаш топширилди.

Учрашувда иштирок этаётган ўндан ортиқ хорижлик инвестор ва юздан зиёд маҳаллий тадбиркордан ҳам янги йирик лойиҳа таклифлари кутилмоқда.

Асосий вазифа ҳар бир шаҳар ва туманнинг табиий, тарихий ва иқтисодий имкониятларини амалий натижага, яъни инвестиция, хизматлар ва бандлик ўсишига айлантиришдан иборат экани таъкидланди.

Ўзбекистонда халқаро форум ва конференциялар сони оширилади

Президентимиз туризм объектларининг йил давомида тўлақонли фаолият юритишини таъминлайдиган хизмат ва кўнгилочар йўналишларни кўпайтириш зарурлигини қайд этди.

Пойтахтдаги «City Mall» савдо марказига 50 дан ортиқ халқаро бренд жалб этилгани қўшни мамлакатлардан харид қилиш учун келувчилар сонини оширмоқда. Шундай тажрибани Самарқанд, Бухоро ва Хивада ҳам кенгайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳудудларда қурилаётган конгресс марказлари, йирик меҳмонхоналар ва туристик мажмуалардан халқаро тадбирлар учун самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Бундан буён ҳар бир вазир ўз соҳасидаги халқаро ташкилотларнинг йилига камида 3–4 та форуми, конференцияси ёки кўргазмасини Ўзбекистонда ўтказишга масъул бўлади.

Бош вазирга вазирликлар бўйича халқаро тадбирларнинг икки йиллик режасини тасдиқлаш ва уларни ташкил этиш тартибини соддалаштириш топширилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар