Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди

Ушбу қарор 2020 йилдаги пул-кредит сиёсати юмшатилишининг иқтисодиётга таъсирини сақлаб қолиш, шунингдек, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва 2021 йилнинг I ярмида иқтисодий фаоллик тикланишининг давом этишини қўллаб-қувватлашга қаратилган нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Марказий банк Ҳукумат билан биргаликда инфляциянинг 2021 йилга мўлжалланган йиллик 10 фоиздан паст оралиқ мақсадли кўрсаткичига эришиш учун барча зарурий чораларни кўриб боради.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар. Жорий йилнинг ноябрь ойида инфляция даражаси пасайишда давом этди ва йиллик 11,3 фоизни ташкил этди.

Шунингдек, ёз мавсумида нархлар ўсишининг сезиларли секинлашишидан сўнг сентябрь ойининг охиридан бошлаб озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсишининг маълум даражада тезлашиши кузатилди. Бунда асосан мева-сабзавотлар нархларининг мавсумий ўзгариши ҳамда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари таклифидаги узилишлар ва суст рақобат шароитлари ушбу товарлар нархларининг ўсишига олиб келди.

Хусусан, ноябрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши йиллик ҳисобда 16,3 фоизни ташкил этди. Бунда 2019 йил ноябрь ойига нисбатан гўшт маҳсулотлари 17,7 фоизга, мева ва сабзавотлар 18,5 фоизга, нон маҳсулотлари 16 фоизга қимматлашди.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар нархларининг ўсиш суръатлари эса умумий инфляциядан сезиларли даражада паст бўлиб, мос равишда 8,3 фоиз ва 6,5 фоизни ташкил этди. Натижада йиллик базавий инфляция даражаси секинлашишда давом этиб, 11,5 фоизгача пасайди.

Жорий йилнинг ноябрь ойида аҳолининг инфляцион кутилмалари бироз пасайган бўлса, тадбиркорлик субъектларининг кутилмалари аксинча ортди. Тадбиркорликнинг бир қатор соҳаларида инфляцион кутилмаларнинг ўсиши қиш мавсумида анъанавий энергия ресурслари (табиий газ, электр энергияси) таъминотидаги узулишлар боис ишлаб чиқариш харажатларнинг ошиши ва таклиф ҳажми пасайишининг кутилаётганлиги билан изоҳланади.

Иқтисодий фаоллик. Жорий йил январь-октябрь ойлари якунларига кўра, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг бир қатор асосий кўрсаткичлари яхшиланишда давом этди. Хусусан, октябрь ойи якунлари бўйича йиллик саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайиши 1,6 фоизни ташкил этган бўлса (январь-сентябрь ойларидаги пасайиш 2,7 фоиз), чакана савдо айланмасининг ижобий ўсиш кўрсаткичлари 1,2 фоиз даражасигача тикланди. Хизмат кўрсатиш ва қурилиш соҳаларида бажарилган ишлар ҳажми ўсиши мос равишда 2,2 фоиз ва 9,1 фоиз даражасида бўлди.

Таҳлилларга кўра, қисқа муддатли даврда иқтисодий ўсиш ўз потенциал даражасидан паст бўлиши кутилмоқда. Бу талаб ҳамда таклифнинг босқичма-босқич тикланиб бориши, шунингдек, айрим иқтисодиёт тармоқларининг тўлиқ тикланиши учун узоқроқ муддат талаб этилиши билан изоҳланади.

Иқтисодий фаолликнинг оператив кўрсаткичлари босқичма-босқич тикланиш тенденциясини намоён этмоқда. Хусусан, банк тўлов тизими орқали амалга оширилган транзакцияларнинг умумий сони жорий йил октябрь ойида ўтган ойга нисбатан 7,3 фоизга, ноябрь ойида эса 1,1 фоизга ошди.

Савдо ва пуллик хизматлар соҳасида банк кассаларига пул тушумлари ҳажми ноябрь ойида октябрдаги кўрсаткичдан 1,4 фоизга камайиб, 14,3 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирганда 11,8 фоизга ошди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йил якуни бўйича ЯИМнинг реал ўсиши 1-1,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Пул-кредит шароитлари. Жорий йилнинг ноябрь ойида иқтисодиётда ижобий реал фоиз ставкалари сақланиб қолди. Банклараро пул бозорининг ўртача тортилган фоиз ставкаси ноябрь ойида Марказий банк асосий ставкасидан кичик ижобий спред билан 14,1 фоизни ташкил этди.

Шу билан бирга, иқтисодиётда асосий ставканинг пасайтирилиши, мақбул фоиз ставкалари механизмининг жорий этилиши, мажбурий захиралаш меъёрларининг юмшатилиши ва ликвидлик тақдим этиш бўйича Марказий банк пул-кредит операциялари ҳажмининг ортиши фонида пул-кредит шароитларининг нисбатан юмшаб бориши давом этди.

Октябрь ойида миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 19,2 фоизгача пасайди. Юридик шахсларнинг миллий валютадаги депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкалари 14,2 фоиз, жисмоний шахслар учун эса 17 фоиз даражасида шаклланди.

Ушбу даврда банк тизимидаги депозитлар ўсишининг ижобий динамикаси сақланиб қолди. Хусусан, жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида миллий валютадаги жами депозитлар 16 фоизга, жумладан, жисмоний шахсларнинг депозитлари 22,5 фоизга кўпайди.

Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида тижорат банклари томонидан жами 112,2 трлн. сўмлик кредитлар ажратилиб, иқтисодиётга йўналтирилган кредитлар қолдиғи ўсиши 32,1 фоизни (67 трлн. сўм) ташкил этди.

Миллий валюта алмашув курсининг 2020 йил апрель ойидаги тўғриланишидан сўнг валюта курси динамикаси нисбатан паст даражадаги тебраниш билан характерланди ва асосан хорижий валютага талаб ва таклифнинг ички фундаментал омиллари таъсирида шаклланди. Миллий валюта девальвацияси ноябрь ойида 0,6 фоизни ва йил бошига нисбатан 9,7 фоизни ташкил этди.

Бунда хорижий валютага бўлган талаб тренди миллий валюта курси шаклланишининг асосий омили бўлди. Пандемия шароитида экспорт тушумларининг қисқариши олтин нархининг кўтарилиши ва мос равишда Марказий банк томонидан “олтин-валюта захиралари нейтраллиги тамойили”ни сақлаб қолган ҳолда амалга оширилган интервенциялар ҳажмининг ортиши ва инқирозга қарши жамғарманинг валюта маблағлари ишлатилиши ҳисобидан қопланди.

Шу сабабли, қатъий карантин шароитларида ҳам валюта курси нисбатан барқарор бўлди (жорий йил апрель ойини истисно қилганда) ва иқтисодий фаолликнинг тикланиши шароитида чет эл валютасига бўлган кечиккан талабнинг намоён бўлиши билан девальвация суръатининг бироз тезлашиши кузатилди. Хусусан, карантиндан кейинги август-ноябрь ойларида миллий валюта курси 2,2 фоизга қадрсизланди.

Жорий йил ноябрь ойи якунлари бўйича, сўмнинг реал самарали алмашув курси ижобий тафовути қисқариб, ўзининг фундаментал трендига яқин даражада шаклланди.

Келгуси йилда инфляция даражасининг янада пасайиши реал самарали алмашув курсининг мувозанат қийматига яқин даражада сақланишига сезиларли таъсир кўрсатади.

Прогнозлар ва хатарлар. Келгуси ойларда иқтисодиётда инфляцияни оширувчи хатарлар эҳтимоли паст даражада сақланиб қолмоқда.

Асосий хатарлар озиқ-овқатлар бозоридаги қисқа муддатли тенденциялар билан боғлиқ. Жумладан, мавсумий омиллар, рақобат шароитлари, шунингдек, жаҳон озиқ-овқат бозорлари конъюнктураси таъсирида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларнинг қимматлашиши яқин келажакда инфляцияни оширувчи хатар сифатида қаралиши мумкин.

Шу нуқтаи назардан, ички бозорда товарлар таклифининг зарур ҳажмини барқарор даражада таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Бунда ушбу товарлар гуруҳи учун тариф ва нотариф чекловларни юмшатиш орқали муҳим истеъмол товарлари нархларининг янада пасайишига эришиш имконияти мавжуд.

Айрим тармоқларда нархларнинг кўтарилишига ишлаб чиқарувчиларни энергия ресурслари билан таъминлашдаги узилишлар сабабли харажатларнинг кўпайиши ва ишлаб чиқаришнинг вақтинча тўхташи сабаб бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, иқтисодиётда кредит юки (иқтисодиётдаги кредит қўйилмаларининг ЯИМга нисбати) ўсиш суръатларининг тезлашиши кузатилмоқда. Йил якуни бўйича ушбу кўрсаткичнинг ЯИМга нисбатан 48-50 фоизгача етиши кутилмоқда, 2017 йил охирида ЯИМга нисбатан 35-37 фоиз атрофида шаклланган.

2020 йил якуни бўйича йиллик инфляция даражасининг 11-11,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Асосий сценарий бўйича 2021 йилда инфляция даражасининг йиллик 9-10 фоиз оралиғида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Марказий банк ташқи ва ички шароитлар таъсирида инфляциянинг омиллари ва хатарлари моҳиятини синчковлик билан ўрганишни давом этади ва инфляциянинг прогноз динамикасидан келиб чиқиб асосий ставка бўйича тегишли қарорларни қабул қилади.

Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги таянч йиғилиши 2021 йил 21 январга белгиланган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар