ХВЖ Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши прогнозини 5,4 фоизга оширди

ХВЖ Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши прогнозини 5,4 фоизга оширди

Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръати юқорилигича қолмоқда

Пул ўтказмалари ҳажми 2022 йилгача бўлган давр трендига қайтган бўлса-да, рағбатлантирувчи фискал сиёсат юритилиши, асосий капиталга инвестицияларнинг кескин ўсиши ва хусусий истеъмолнинг фаоллашуви 2023 йилда ЯИМ реал ҳисобда 6% ўсишига хизмат қилган. 2024 йилнинг биринчи чорагида ўсиш суръати юқори сақланиб қолиб, йиллик ҳисобда 6,2%ни ташкил этди.

Реал даромадларнинг барқарор ўсиши ва 2020 йилдан бери ижтимоий ҳимоя тизими кўламини кенгайтириш борасидаги чоралар камбағаллик даражасини 2021 йилдаги 17%дан 2023 йилда 11%гача пасайишига ёрдам берган. Нисбатан юқори реал асосий ставка ҳамда жаҳон бозорида озиқ-овқат ва энергия нархларининг пасайиши туфайли умумий инфляциянинг 2022 йил охиридаги 12,3%дан 2024 йил март ойида 8,0%гача пасайди.

Машина ва ускуналар импортининг тез суръатда ўсиши (уларнинг бир қисми вақтинчалик характерга эга), пул ўтказмалари ҳажмининг 2022 йилга нисбатан қисқариши, ташқи қарзлар бўйича фоиз тўловларининг ошиши ва чет эл улуши бор корхоналар даромадларининг репатриация қилиниши каби омиллар таъсирларининг олтин экспортига нисбатан юқори бўлиши тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби тақчиллигининг ЯИМга нисбатан 2020 йилдаги 3,5 фоиздан 2023 йилда 8,6 фоизгача ошишига сабаб бўлди. Халқаро захиралар 2023 йилда 1,2 млрд долларга қисқарган бўлса-да, юқори даражада қолмоқда ва 2024 йил март ойи охирида тахминан 9 ойлик импорт ҳажмини ташкил этмоқда.

Прогноз одатда ижобий, аммо ички ва ташқи хавфлар сақланиб қолмоқда

ХВЖ миссияси, умуман олганда, истиқболлар ижобий экани, аммо ички ва ташқи хатарлар сақланиб қолаётганини қайд этди. Мамлакат расмий идораларининг ислоҳотларни амалга ошириш бўйича қатъий саъй-ҳаракатлари, айниқса, энергетика, хусусийлаштириш ва давлат корхоналарини ислоҳ қилиш йўналишидаги, иқтисодий ривожланиш истиқболларини яхшилашга ёрдам берди. ЯИМнинг реал ўсиши юқори бўлиб, ички талабнинг барқарор ўсиши ҳисобига 2024 йилда 5,4 фоизни ташкил этиши кутилмоқда ва 2025 йилда 5,5 фоизгача ошади.

Фискал тўғриланишларнинг давом этиши (фискал тақчилликнинг қисқартирилиши), банк кредитлари ўсишининг мувозанатлашиши ва импортда 2023 йилда кузатилган вақтинчалик омилларнинг камайиши импортнинг ўсишини мақбуллаштиради. Бу эса жорий ва кейинги йилларда жорий ҳисоб тақчиллигининг пасайишига олиб келади.

Прогнозларга кўра, инфляция 2024 йил охирига келиб, энергия нархларининг оширилиши таъсирида бироз ошади, аммо қатъий макроиқтисодий ва макропруденциал сиёсат ҳамда таркибий ислоҳотларнинг давом эттирилиши инфляциянинг кейинчалик Ўзбекистон Марказий банки томонидан белгиланган мақсад кўрсаткич даражасигача пасайишига олиб келади.

Ички хатарларга фискал консолидациянинг режалаштирилганидан кўра секинроқ бўлиши, банклар балансларининг заифлашиши, давлат банклари, давлат корхоналари ва давлат-хусусий шериклик (ДХШ) битимлари бўйича шартли мажбуриятларнинг юзага келиши кабилар киради. Таркибий ислоҳотларнинг жадаллашиши, даромадлар ва капитал оқимининг кириб келиши ва олтин нархининг ўсиши ижобий омиллар ҳисобланади.

Cолиқ-бюджет сиёсати

Ҳукумат бюджет тақчиллигини 2024 йилда ЯИМнинг 4 фоизигача ва 2025 йилда 3 фоизига қисқартиришни режалаштирган. Бюджетни консолидация қилиш давлат молиясининг барқарорлигини таъминлаш ва яқин истиқболда инфляцион босимни пасайтириш учун зарур ҳисобланади. Айни пайтда аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларини кўллаб-қувватлаш ва ўрта муддатли даврда иқтисодиёт самарадорлигини ошириш муҳим ҳисобланади. Бюджет консолидациясини иқтисодий ўсишга зарар етказмаган ҳолда, хусусан, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам бериш, энергия субсидияларини камайтириш, ижтимоий харажатлар ва ижтимоий ҳимоя тизимига сарфланадиган харажатларнинг манзиллигини ошириш, шунингдек, директив кредитлаш ҳажмини камайтириш орқали амалга ошириш кўзда тутилган.

ХВЖнинг қайд этишича, агар бюджетнинг даромад ва/ёки харажатлар қисми билан боғлиқ хатарлар юзага келса, бюджет тақчиллигини камайтириш мақсадларига эришиш учун қўшимча чоралар кўришга тайёр бўлиши керак. Солиқ базасини кенгайтириш, солиқ тизимини янада модернизация қилиш, харажатлар самарадорлигини ошириш, асосий бюджет жараёнларини такомиллаштириш, давлат инвестициялари жараёнини унификация қилиш ва фискал хатарларни янада самарали бошқариш каби чоралар фискал соҳадаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришга хизмат қилади.

Солиқ сиёсати ва маъмурчилиги, давлат молиясини бошқариш каби соҳаларда салоҳиятнинг узлуксиз равишда мустаҳкамланиб бориши қўшилган қиймат солиғини қўллашнинг самарали тизимини жорий этиш, фискал стратегияни ва фискал хатарларни баҳолаш борасида сезиларли ютуқларга эришиш имконини бергани таъкидланган. Миссия мазкур соҳаларда ишларни давом эттириш кераклигини қайд этган. Шунингдек, баёнотда давлат-хусусий шериклик битимлари билан боғлиқ хатарларнинг олдини олиш мақсадида давом этаётган инвентаризация натижаларини ҳисобга олган ҳолда давлат қарзи тўғрисидаги қонунга мувофиқ ДХШ лойиҳалари бўйича кафолатларнинг юқори чегарасини белгилаш тавсия қилинган.

Пул-кредит ва алмашув курси сиёсати

Миссия пул-кредит сиёсатида инфляцияни пасайтиришга устувор аҳамият беришни давом эттириш лозимлигини таъкидлаган. Ўзбекистон Марказий банки нархлар динамикасини диққат билан кузатишни давом эттириши ва инфляция барқарор пасайиш траекториясига киргунга қадар қатъий пул-кредит сиёсатини сақлаб туриши кераклиги айтилган. Агар энергия нархларининг ошиши базавий инфляция ва инфляцион кутилмаларга таъсир қилса, Марказий банк асосий ставкасини ошириш мақсадга мувофиқ ҳисобланиши қайд этилган. Миссия, шунингдек, Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати соҳасидаги қарорларини кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлаган, бу инфляцион кутилмаларни янада жиловлашга ёрдам бериши айтилган.

Баёнотда пул-кредит сиёсатининг трансмиссиясини янада кучайтириш бўйича ишлар давом эттирилиши кераклиги айтилади. Мувозанатли пул-кредит сиёсатини давом эттириш ва Марказий банкнинг мустақиллиги янада оширилиши иқтисодиётда долларизация даражасини пасайтириш ва трансмиссион каналларни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Молия секторидаги ислоҳотларни жадаллаштириш, жумладан, давлат банкларини хусусийлаштириш, директив кредитлаш ҳажмларини қисқартириш ва банклараро пул бозор имкониятларини ошириш молиявий воситачиликни ривожлантиришга, ликвидликнинг таркибий профицитини камайтиришга ва маҳаллий капитал бозорини ривожлантиришга ёрдам бериши қайд этилган. Шунингдек, валюта курсининг мослашувчанлиги янада оширилиши шоклар таъсирини камайтиришга ва захираларни барқарор сақлашга ёрдам бериши айтилган.

Молия секторининг барқарорлиги

Миссия қатъий назорат ва активлар сифатини тўғри баҳолаш молиявий барқарорликни таъминлашга хизмат қилишини қайд этган. Кредит миқдорининг гаров қийматига нисбати бўйича кўрсаткичнинг (LTV) оширилиши ва концентрация чекловлари ўрнатилиши ипотека кредитлари ва автокредитларнинг ўсиш суръатларини секинлаштирган. 2024 йилнинг июль ойидан кредиторлар учун қарзга хизмат қилишнинг даромадга нисбати (DSTI) бўйича чеклов ҳамда LTV ва DSTI кўрсаткичлари юқори бўлган ҳолатларда банкларга нисбатан қўшимча капитал талаблар киритилиши молиявий хатарлар тўпланишининг олдини олади ва қарз олувчиларнинг қарз юки ўсишини барқарорлаштиради.

Миссия активлар сифати ва хатарларнинг мустақил равишда баҳоланиши ҳамда активларни таснифлаш стандартлари такомиллаштириши, директив ва имтиёзли кредитлаш ҳажмларининг босқичма-босқич камайтирилиши, шунингдек, валюта тушумига эга бўлмаган корхоналар учун чет эл валютасида молиялаштириш чекланиши кераклигини таъкидлаган. 2024−2025 йилларга мўлжалланган Молия секторини баҳолаш дастури (FSAP) расмий идораларга тизимдаги камчиликлар ва заифликлар омилларини аниқлашга ва ислоҳотларнинг йўл харитасини ишлаб чиқишда ёрдам бериши айтилган.

Давлат банкларини ислоҳ қилиш устувор вазифа бўлиб қолиши билан бирга, уларнинг бошқарув тизимини такомиллаштириш, тижорат мақсадларига эришиш ва банкларни хусусийлаштиришга тайёрлашга ҳам эътибор қаратиш керак. 2023 йил якуни бўйича давлат банклари, активлари жами банк активларининг 68 фоизини ташкил этган ҳолда молия тизимида устун мавқега эга бўлиб қолмоқда. Миссия «Ипотека-банк» хусусийлаштирилганидан кейин расмий идоралар томонидан икки йирик давлат банки — «Асака» ва «ЎзСҚБ»ни хусусийлаштириш тўғрисида муҳим қарор қабул қилинганини қайд этган. Келажакда давлат банкларининг хусусийлаштирилишини янада жадаллаштириш рақобатни кучайтириши, барчага тенг фаолият шароитларини яратиши, ресурсларни янада самарали тақсимлашга ва молиявий хизматлардан фойдаланишни кенгайтиришга имкон бериши айтилган. Давлатга тегишли банклар тижорат асосида ишлайдиган самарали тизимларга ва бошқарув тузилмаларига эга бўлиши керак. Барча нотижорат фаолият турларини бюджетга ўтказиш зарур ёки бюджетдан тегишли харажатларни қоплашнинг шаффоф усулини яратиш керак. Тижорат банкларида давлат улуши сақланиб қолишининг мақсадга мувофиқлиги доимий баҳолаб борилиши керак, шу билан бирга, мақсадларига эришмаган давлат банкларини хусусийлаштириш учун тайёрлаш зарур.

Таркибий ислоҳотлар

Баёнотда мамлакат раҳбарияти томонидан таркибий ислоҳотларнинг устувор йўналишлари тўғри белгилангани, давлатнинг иқтисодиётдаги улушини босқичма-босқич камайтириш ва ўсиб бораётган аҳоли учун иш ўринларини яратишга қаратилгани қайд этилган. Сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш соҳасида сезиларли ютуқларга эришилди. Хусусан, энергия тарифларини ислоҳ қилиш тўғрисидаги янги қарор энергиядан янада самарали фойдаланишни рағбатлантириш, қўшимча инвестицияларни жалб қилиш, энергия таъминотини яхшилаш ва давлат молиясини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ушбу жараённи давом эттириш керак. Тартибга солиш ва операцион функцияларни ажратиш, нотижорат мақсадлардан босқичма-босқич воз кечиш, бошқарув ходимларининг малакасини ошириш, корхоналарнинг бошқарув органлари мустақиллигини кучайтириш, шунингдек, халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқ давлат корхоналари фаолиятининг операцион ва молиявий кўрсаткичлари бўйича шаффоф ҳисоботларни тайёрлашга устувор аҳамият берган ҳолда давлат корхоналарини ислоҳ қилишни давом эттириш кераклиги айтилган. Қайд этилишича, ушбу чора-тадбирлар давлат корхоналарини хусусийлаштиришни осонлаштиради ва самарадорликни сезиларли даражада оширишга имкон беради.

Бизнес юритиш муҳитини янада яхшилаш рақобатни ривожлантириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва янги иш ўринларини яратиш билан бирга инфляцияни пасайтиришда ёрдам беради. Расмий органлар Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш бўйича фаол иш олиб бормоқда. ЖСТга аъзо бўлиш қўшни давлатлар билан савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва транспорт йўналишларини такомиллаштириш билан бирга, Ўзбекистон экспортининг ўсишини таъминлайди. Шунингдек, аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш, меҳнат бозоридаги гендер тафовутини бартараф этиш инклюзивлик, меҳнат унумдорлиги ва ЯИМ ўсишини қўллаб-қувватлаши таъкидланган. Иқлим ўзгаришига мослашиш ва «яшил» технологияларни жорий этиш учун рағбатлантириш чоралари иқлим ўзгаришига таъсирчанликни камайтириши ҳамда иқтисодиётни карбонсизлаштиришга ва «яшил» ўсишга олиб келиши қўшимча қилинган.

Ҳукумат давлат бошқарувини такомиллаштириш ва қонун устуворлигини таъминлашдаги ютуқларга таяниб, коррупцияга қарши кураш саъй-ҳаракатларини давом эттириши керак. Миссия яқин келажакда активларни декларациялаш ва манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунлар қабул қилинишини ҳамда даромадларни декларациялашнинг самарали тизимини жорий қилишни тезлаштиришни тавсия қилади. Ўзбекистонда ахборотдан фойдаланиш бўйича ҳуқуқий нормаларнинг жорий этилиши ва уларга риоя қилиш даражасини ошириш зарурлиги айтилган. Коррупцияни аниқлашга қаратилган саъй-ҳаракатларга кўмаклашиш учун ахборот берувчиларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши ва уларнинг жавобгарлиги кучайтирилиши кераклиги таъкидланган. Ҳисоб палатаси ва суд тизимининг мустақиллигини ошириш молиявий назоратни кучайтиришга, шартномалар бажарилишига ва бизнес шароитларига ижобий таъсир кўрсатиши ҳам қайд этилган.

Манба

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар