Жорий йилнинг 7 ой натижаларига кўра тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари экспортини 1 млрд. доллардан оширишга эришди, деб хабар бермоқда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси матбуот хизмати.
Таъкидлаш керакки, 2020 йилга кўзланган 2 млрд. долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорти йил бошида карантин чекловлари боис амалга ошмаслиги ҳақиқатга яқин эди. Ўзбекистон ва хорижий давлатларда карантин чоралари кучайиши оқибатида юк ташиш нархларини кескин ошиши ва чекланиши, асосий бозорларимиз ҳисобланган Хитой, Туркия, Россия, Европа давлатларида йирик ретейллар ва савдо марказлари фаолиятини тўхтатиши оқибатида корхоналарга берилган буюртмалар қисман ёки тўлиқ бекор қилинишга олиб келди, аҳолининг сотиб олиш қобилиятлари сустлашиши сабабли маҳсулотларнинг жахон нархлари пасайиши кузатилди.
Ҳукумат томонидан ўз вақтида тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширилиши оқибатида 252 тадан ошиқ экспорт қилувчи корхоналар фаолияти қайта тикланди, ишлаб чиқариш ва экспорт жадаллашди.
“Ўзтўқмачиликсаноат” уюшмаси ва тармоқ корхоналарининг сайи-ҳаракати билан 2019 йилга нисбатан маҳсулотларнинг экспортдаги ўсиш суръати 112 фоизга таъминланди ҳамда
- ип калаванинг жами экспордаги улуши 49% фоиз,
- газлама ва трикотаж матолар, тайёр тикув ва трикотаж масулотлар - қўшимча ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларнинг жами экспортдаги улушлари 51% фоизга таъминлашга эришилди.
Пандемия салбий оқибатларга эга бўлсада, янги имкониятларни ҳам яратди. Муқобил транспорт корридорлари очилиши, янги бозорларга маҳсулот етказиб берилиши ва инновацион маҳсулотларни пайдо бўлишига олиб келди.
Масалан, қўшни давлатларда қатъий карантин чоралари қўлланилиши ва чегараларни ёпилиш сабабли, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги билан биргаликда Эрон Ислом Республикаси орқали юк ташувлари учун муқобил йўналишлар (Ўзбекистон (Қорақалпоғистон) - Козоғистон “Актау” порти - Касбий денгизи - Эрон ва Ўзбекистон (Қорақалпоғистон) - Козоғистон - Россия -Грузия - Арманистон/Озарбайжон - Эрон йўналишлари) ишлаб чиқилди. Маҳсулот экспортида авиаташувлар ҳам жадаллаштирилди.
Бу ўз навбатида тўқимачилик маҳсулотларини янги бозорларга етказиб бериш имконияти яратди. Жумладан, июнь ойида Ўзбекистон Республикасининг Қувайтдаги элчихонаси кўмагида «Fursan Al Khaleej» ва «Енгилсаноатсавдо» МЧЖ ўртасида тузилган шартнома асосида Қувайт давлатига илк маротаба тўқимачилик маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.
Бундан ташқари тўқимачилик корхоналари томонидан кунлик 6 млн. дона ниқоб ва 10 минг дона комбинезонлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ҳимоя воситалари Украина, Россия, Қувайт, Белорусия, Грузия каби давлатларга экспорт қилинди.
Умумий олганда, 395 турдаги тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари 57 дан ортиқ давлатларга етказиб берилди. Доимий бозорларимиз ҳисобланган МДҲ давлатлари қаторида Қувайт, Венгрия, Словакия ва Греция каби давлатларга ҳам илк бора тўқимачилик маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.
Экспорт қилинган маҳсулотларнинг асосий қисми Россия Федерацияси ($394,5 млн. – 39,2 %), Хитой ($187,6 млн. – 18,6 %), Қирғизистон ($139,1 млн. – 13,8 %) ва Туркияга ($123,5 млн. – 12,3 %) тўғри келмоқда.
Изоҳ қолдириш