Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази NASAнинг тунги ёруғлик (NTL) маълумотлари асосида биринчи марта Ўзбекистондаги вилоятлар ва шаҳарлар даражасидаги иқтисодий фаолликни баҳолаш учун фойдаланди.
Таҳлил сунъий интеллект технологиялари асосида амалга оширилди. Ушбу ёндашув халқаро амалиётда фаровонлик даражасини баҳолаш ҳамда маҳаллий ривожланишни аниқ ва мустақил тарзда ўлчашнинг тезкор вазифаси сифатида қўлланилади.
Натижалар сунъий йўлдош маълумотлари ва расмий статистика ўртасида юқори даражада мослик мавжудлигини тасдиқлайди. Хусусан, 2020–2024 йиллар даврида NTL маълумотларига кўра, Ўзбекистонда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ 63,5 %га ўсиб, 2 011 доллардан 3 287 долларга етган. Бу кўрсаткич расмий статистикада қайд этилган 59,4 %лик ўсиш билан деярли мос келади.
Энг катта ўсиш Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, ўтган 5 йилда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМ 3,2 минг долларга ошиб, 7,2 минг долларга етган. Пойтахтнинг айрим ҳудудларида, жумладан, Мирабад, Яккасарой ва Юнусобод туманларида бу кўрсаткич 9 минг доллардан ошган бўлиб, мамлакатдаги йирик шаҳарлар бўйича ўртача кўрсаткичдан деярли 2 баробар юқоридир.
2024 йилда шаҳарлар кесимида аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯҲМнинг энг юқори кўрсаткичлари Навоий (8,3 минг доллар), Зарафшон (6,8 минг доллар), Самарқанд (5,7 минг доллар), Қўқон (5,6 минг доллар), Андижон (5,1 минг доллар), Янгиёл (5 минг доллар) ва Қарши (4,8 минг доллар) шаҳарларида қайд этилди.
Шунингдек, Термиз (4,5 минг доллар), Урганч, Марғилон, Каттақўрғон (4,3 минг доллар) ва Чирчиқ (4 минг доллар) каби кичик ва ўрта шаҳарларда ҳам юқори иқтисодий фаоллик кузатилмоқда.
Таҳлил натижалари Навоий (1,5 минг доллар), Наманган (1,4 минг доллар), Фарғона ва Самарқанд вилоятларида ҳам иқтисодий фаолликнинг сезиларли ўсишини кўрсатди. Шунингдек, Зарафшон, Қарши, Чирчиқ, Марғилон ва Термез каби кичик ва ўрта шаҳарларда ҳам юқори даражадаги иқтисодий фаоллик қайд этилди.
Шу билан бирга, тунги ёруғлик маълумотларидан фойдаланиш орқали туманлар кесимида урбанизация даражаси ҳам баҳоланди. Хусусан, 2020–2024 йиллар давомида шаҳар агломерацияларига хос бўлган тунги ёруғлик даражаси (NTL кўрсаткичи 10дан юқори) юқори бўлган ҳудудлар сони 21 тадан 26 тагача ошди.
Ўз навбатида, кам ёруғликка эга бўлган қишлоқ туманлари сони 129 тадан 102 тага камайди. Шу тариқа, 27 та туманда шаҳар типидаги ривожланиш йўналишига ўтиш кузатилмоқда.
Хулоса
Халқаро тажриба шаҳарларнинг ривожланиши, иқтисодий фаолликнинг ўсиши ва хизматлар соҳасининг кенгайишини муваффақиятли тузилмавий трансформациянинг асосий белгиларидан бири сифатида кўрсатмоқда. Бундай жараёнлар бугунги кунда Вьетнам, Индонезия, Грузия ва Озарбайжон каби мамлакатларда кузатилмоқда.
Ўзбекистонда аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар даражаси ҳанузгача ўртача миқёсда сақланиб турганига қарамасдан, сўнгги йилларда шаҳарларнинг барқарор ривожланиши ва ишбилармонлик фаоллигининг ортиши кузатилмоқда.
Замонавий усуллар, жумладан, сунъий йўлдош маълумотларини таҳлил қилишни қўллаш мониторинг юритиш ва стратегик режалаштиришда янги имкониятларни очмоқда.
Абдулазиз Ғайбуллаев,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
тел.: (+998) 78 150-32-20 (417)
Изоҳ қолдириш