Ўзбекистон автомобиль бозорининг апрель ойи бўйича шарҳи - CERR

Ўзбекистон автомобиль бозорининг апрель ойи бўйича шарҳи - CERR

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон автомобиль бозорининг навбатдаги шарҳини тақдим этди.

Апрель ойида республика бўйича барча турдаги автотранспорт воситалари савдоси 88,2 минг донани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,9 фоизга камайди.

Йил бошидан буён мамлакатда барча турдаги автотранспорт воситалари савдоси жами 348,5 минг донани ташкил қилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,1 фоизга кўп.

Энг юқори ўсиш Тошкент шаҳрида қайд этилди. Бу ерда бозор ҳажми 11,8 фоизга ошди. Шунингдек, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида ҳам юқори ўсиш кузатилиб, мос равишда 11 фоиз ва 10,9 фоизни ташкил этди.

Бирламчи автомобиль бозоридаги вазият

Апрель ойида янги енгил автомобиллар савдоси 24,9 минг донани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,6 фоизга камайди.

Шу билан бирга, савдонинг асосий қисмини маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар таъминлади. Хусусан, апрель ойида маҳаллий енгил автомобиллар савдоси қарийб 21,3 минг донага етди ва йиллик ҳисобда 4 фоизга ўсди.

Бирламчи бозордаги фаолликнинг пасайиши асосан хорижий автомобиллар савдосининг қисқариши билан боғлиқ бўлди. Апрель ойида янги хорижий автомобиллар савдоси тахминан 3,6 минг донани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32 фоиздан ортиққа камайди.

Иккиламчи автомобиль бозоридаги вазият

Апрель ойида фойдаланилган енгил автомобиллар савдоси 43,7 минг донани ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоиздан ортиққа камайди.

Электромобиллар бозоридаги вазият

Апрель ойида электромобиллар савдоси 8,1 минг донани ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2 баробарга ошди.

Электромобиллар сегменти енгил автомобиллар бозорида энг юқори ўсиш суръатларини намоён этишда давом этмоқда.

Йиллик ҳисобда савдолар ўсиши республикадаги деярли барча ҳудудларда кузатилди. Фақат Самарқанд вилоятида бозор фаоллиги ўтган йилга нисбатан 34 фоизга камайди.

Энг юқори савдо ҳажми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда 5,56 мингдан ортиқ электромобиль сотилди. Шу тариқа, мамлакат электромобиллар бозорининг қарийб 70 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ҳудудлар орасида Тошкент ва Фарғона вилоятлари етакчилик қилди. Мазкур ҳудудларда мос равишда 573 та ва 464 та электромобиль сотилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар