2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида ЯИМнинг ижобий ўсиши кузатилди.
Мамлакатлар кесимида иқтисодиётнинг ривожланиш тенденциялари
Қозоғистон иқтисодиёти 2026 йилнинг 9 ойида 4,2%га ўсди, ўтган йилнинг мос даврида эса ушбу кўрсаткич 6,3%ни ташкил этган.
Иқтисодий ўсишни чекловчи асосий омил тоғ-кон саноати бўлиб, унда ишлаб чиқариш ҳажми 4,3%га қисқарди (2025 йилнинг 9 ойида 9,3%га ўсган эди). Шу фонда саноатнинг умумий ўсиш суръати 7,4%дан 2,9%гача секинлашди.
Саноат ўсишининг асосий омили қайта ишлаш саноати бўлиб, унда ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръати 6,2%дан 8,6%гача тезлашди. Бу хомашё тармоғидаги салбий ҳолатни қисман қоплади ҳамда хомашёга боғлиқ бўлмаган ишлаб чиқариш базаси кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Қурилиш соҳасида юқори ўсиш суръатлари сақланиб, 11,5%ни ташкил этди, ўтган йилнинг мос даврида эса ушбу кўрсаткич 14,9%га тенг бўлган. Қишлоқ хўжалигида ўсиш суръати 4,4%дан 5,8%гача тезлашди.
Инвестициялар ҳажми 7%га ошди, бироқ ўсиш суръати 2025 йилнинг 9 ойидаги кўрсаткичдан (13,5%) деярли икки баробар паст бўлди. Иқтисодиётни кредитлашнинг ўсиш суръати ҳам 2025 йилнинг январь-сентябрь ойларидаги 23,9%дан жорий йилнинг мос даврида 11,6%гача секинлашди.
Истеъмол талаби мўътадил суръатларда ўсишда давом этди: чакана савдо ҳажми ўтган йилги 7,1%га нисбатан 4,5%га, улгуржи савдо эса 9,6%га нисбатан 7%га ошди.
Инфляция суръати пасайди – сентябрь ойида йил бошига нисбатан 7%ни ташкил этди, ўтган йилнинг мос даврида эса ушбу кўрсаткич 10%га тенг бўлган. Шундай қилиб, иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашиши нархлар босимининг пасайиши билан бирга кечди, бироқ йил бошидан буён нархларнинг умумий ўсиши нисбатан юқори даражада сақланиб қолди.
2026 йилда ташқи савдо айланмаси ўтган йилги пасайишдан сўнг тикланмоқда. 2026 йилнинг 8 ойида ташқи савдо айланмаси 12,8%га ошиб, $103 млрдни ташкил этди. Экспорт 19,5%га, импорт эса 4,5%га ўсди (ўтган йилнинг мос даврида ташқи савдо айланмаси 2,5%га, экспорт 5,7%га қисқарган, импорт эса 2,8%га ўсган эди).
Қирғизистон иқтисодиёти юқори ўсиш суръатларини намоён этишда давом этмоқда – ЯИМ 10,8%га ўсди, 2025 йилнинг 9 ойида эса ушбу кўрсаткич 9,9%ни ташкил этган.
Иқтисодий ўсишнинг тезлашишида инвестиция ва қурилиш фаоллиги асосий омил бўлди. Инвестициялар ҳажми ўтган йилги 14,1%га нисбатан 68,5%га, қурилиш ишлари ҳажми эса 24,6%га нисбатан 62,2%га ошди.
Иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаётган кредитлашнинг юқори ўсиш суръатлари ҳам сақланиб қолмоқда – 2026 йилнинг июнь ойи якунларига кўра, 43%ни ташкил этди (2025 йилнинг сентябрь ойидаги 53,2%га нисбатан бироз секинлашган).
Саноатнинг ўсиш суръати секинлашиб, ўтган йилги 10%га нисбатан 7%ни ташкил этди. Тармоқ доирасида қайта ишлаш саноатининг ўсиш суръати 8,1%дан 7,4%гача, тоғ-кон саноатида эса 16,1%дан 7,4%гача пасайди.
Қишлоқ хўжалигида ўсиш суръатларининг тезлашиши кузатилиб, ўтган йилги 2,2%га нисбатан 6,5%ни ташкил этди.
Хизматлар соҳаси ва истеъмол секторида фаолликнинг бироз сусайиши кузатилди. Чакана савдо ўсиш суръатининг ўтган йилги 11,2%дан 15,4%гача тезлашишига қарамай, улгуржи савдо ҳажми 4%га қисқарди, савдо соҳасининг умумий ўсиш суръати эса 16,6%дан 4,2%гача секинлашди. Бу иқтисодий ўсиш асосан инвестиция ва ишлаб чиқариш соҳаларида мужассамлашаётганидан далолат беради.
Иқтисодиётнинг ҳаддан ташқари қизиб кетиши шароитида истеъмол инфляцияси тезлашишда давом этмоқда. Йил бошидан буён нархлар 8,1%га ошди, 2025 йилнинг сентябрь ойида эса ушбу кўрсаткич 5,5%ни ташкил этган. Инвестициялар, кредитлаш ва чакана савдонинг жадал ўсиши билан бир қаторда нархлар ўсишининг тезлашиши ички талабнинг номутаносиб кенгайиши хавфи ортаётганидан далолат беради.
Ташқи савдо айланмаси ҳам йилнинг 8 ойида тикланиш тенденциясини намоён этиб, 13,3%га ошди ва $12 млрдни ташкил этди. 2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида эса ушбу кўрсаткич 2,1%га қисқарган эди. Жорий йилнинг 9 ойида импорт 11,9%га, экспорт эса 19,5%га ошди. Шу билан бирга, ташқи савдонинг манфий сальдоси сезиларли даражада сақланиб, $7,5 млрдни ташкил этди.
Тожикистон иқтисодиёти 8,3%га ўсиб, 2025 йилнинг 9 ойидаги натижани деярли такрорлади (8,2%).
Шу билан бирга, иқтисодиёт тармоқларида ўтган йилги кўрсаткичларга нисбатан ўсиш суръатларининг секинлашиши кузатилмоқда. Хусусан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръати ўтган йилги 24%дан 13,7%гача секинлашди (тоғ-кон саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 4%га қисқарган бўлса, қайта ишлаш саноатида 21,5%га ўсди). Хизматлар соҳасининг ўсиш суръати ўтган йилги 16,6%га нисбатан 13,9%ни ташкил этди. Айни пайтда, қишлоқ хўжалигида ўсиш суръати ўтган йилги 8,1%дан 8,5%гача бироз тезлашди.
Инвестицияларга бўлган талаб ортиб бормоқда – инвестициялар ҳажми ўтган йилги 20,4%га нисбатан 44,9%га ошди. Кредитлашнинг ўсиш суръатлари ҳам тезлашиб, сентябрь ойида йиллик ҳисобда 26,1%ни ташкил этди (2025 йилнинг сентябрь ойида 18,7% бўлган). Истеъмол соҳасида чакана савдо ҳажми 28,2%га, савдо соҳасининг умумий ҳажми эса 22%га ошди.
Ички талабнинг ортиши фонида инфляция тезлашди – сентябрь ойи якунларига кўра, ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан 2,8%ни ташкил этди (2025 йилнинг сентябрь ойида 2,2% бўлган). Шунга қарамай, инфляция даражаси минтақа мамлакатлари орасида энг паст кўрсаткич бўлиб қолмоқда.
Ташқи савдо соҳасида юқори ўсиш суръатлари кузатилмоқда – 9 ой давомида ташқи савдо айланмаси 35,6%га ошиб, $10,7 млрдга етди. Бунда асосий ўсиш омили импорт бўлиб, унинг ҳажми 40,8%га ошиб, $8,5 млрдни ташкил этди. Экспорт эса 18,4%га ошиб, $2,2 млрдга етди.
Туркманистон иқтисодиёти 6,3%га ўсиб, ўтган йилги ўсиш суръатини сақлаб қолди. Капитал қўйилмаларнинг ўсиш суръати ўтган йилги 8,7%дан 3,5%гача секинлашди. Шунингдек, чакана савдо ҳажми 10,5%га ошди. Ташқи савдо айланмаси 2025 йилнинг 9 ойидаги 8,5%га нисбатан 8,3%га ўсди.
Ўзбекистонда ЯИМнинг ўсиш суръатлари сезиларли даражада тезлашиб, 2025 йилнинг январь-сентябрь ойларидаги 7,6%дан жорий йилнинг 9 ойида 8,3%га етди. Иқтисодий ўсиш барча тармоқларда кузатилган бўлса-да, хизматлар, ички савдо ва инвестициялар унинг асосий омиллари бўлди.
Хизматлар ҳажми 2025 йилнинг 9 ойидаги 14%га нисбатан 16,7%га ошди.
Хусусан, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги хизматларнинг 21,4%га, транспорт хизматларининг эса 16,4%га ўсиб, юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолганини таъкидлаш лозим. Чакана савдо ҳажми ўтган йилги 11%дан юқори бўлиб, 19,7%га ошди. Улгуржи савдонинг ўсиш суръати эса 12,6%дан 19,2%гача тезлашди.
Капитал қўйилмаларнинг ўсиш суръатлари кескин тезлашгани кўриб чиқилаётган даврнинг асосий ўзига хос жиҳатларидан бири бўлди – асосий капиталга инвестициялар ҳажми 2025 йилнинг январь-сентябрь ойларидаги 12,7%га нисбатан 20,1%га ошди.
Ишлаб чиқариш тармоқлари орасида саноат маҳсулотлари ҳажми ўтган йилги 6,8%га нисбатан 8,1%га ўсди. Қайта ишлаш саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 8,6%га, тоғ-кон саноатида эса 3,1%га ошди. Бу ҳам қайта ишлаш саноатининг етакчи ўрин тутаётганидан далолат беради. Қишлоқ хўжалигида ҳам ўсиш суръати 4,1%дан 4,6%гача тезлашди, қурилиш ишлари ҳажмининг ўсиш суръати эса 14,7%дан 12,3%гача бироз секинлашди.
Иқтисодий ўсиш, инвестиция ва истеъмол талабининг тезлашишига қарамай, инфляция суръатининг йил бошидан буён 4,2%гача пасайиши ижобий ҳолат ҳисобланади (2025 йилнинг сентябрь ойида 5,1% бўлган).
9 ой давомида ташқи савдо айланмаси 6,3%га ошиб, $65 млрдга етди. Бунда экспорт ҳажми 5,5%га қисқариб, $25,8 млрдни ташкил этган бўлса, импорт ҳажми 15,7%га ошиб, $39,5 млрдга етди. Экспорт ҳажмининг қисқариши хорижга олтин етказиб бериш ҳажмининг камайиши билан боғлиқ. Олтинни ҳисобга олмаганда, экспорт 31,6%га ўсди.
Умуман олганда, йирик ташқи ҳамкор мамлакатлар иқтисодиётидаги ўсиш суръатларининг секинлашиши, геосиёсий кескинликнинг кучайиши ва жаҳон товар бозорларидаги беқарорликка қарамай, Марказий Осиё мамлакатларида иқтисодий ўсиш юқори даражада сақланиб қолмоқда. Бироқ мамлакатлар ўртасида иқтисодий ўсиш суръатларидаги тафовут ортиб бормоқда. Минтақадаги умумий иқтисодий ўсиш динамикаси Қирғизистондаги икки хонали ўсиш кўрсаткичлари ва Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг тезлашиши билан шаклланаётган бўлса, Қозоғистонда иқтисодий ўсиш суръатлари сезиларли даражада секинлашди.
Инвестициялар, қурилиш, қайта ишлаш саноати, савдо ва хизматлар иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари бўлди. Бироқ айрим мамлакатларда импортнинг жадал ўсиши, инфляция босими ва хомашё бозорларидаги ҳолатга боғлиқлик макроиқтисодий барқарорлик учун хавфларни юзага келтиришда давом этмоқда.
Минтақанинг барча мамлакатларида қайта ишлаш саноатининг жадал ўсиши ижобий тенденция ҳисобланади. Бу экспортни диверсификация қилиш, ишлаб чиқариш занжирларини ривожлантириш ва хомашё бозорларидаги ҳолатга боғлиқликни камайтириш учун замин яратади.
Минтақада инфляция динамикаси турлича бўлиб қолмоқда. Шу муносабат билан ички талабнинг жадал ўсиши эҳтиёткор пул-кредит сиёсатини давом эттиришни тақозо этади.
Йил якунига қадар минтақа учун устувор вазифа юқори иқтисодий ўсиш суръатларини янада самарали ва мувозанатли ўсишга айлантиришдан иборат. Бунга хомашёни чуқур қайта ишлаш, ўзаро савдони ривожлантириш, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш ва трансчегаравий ишлаб чиқариш занжирларини кенгайтириш орқали эришиш мумкин.
Руслан Абатуров,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш