Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугунги йиғилишида кўпдан буён муҳокама қилинаётган муҳим қонунлардан бири «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди. Энди мазкур қонун Сенатга юборилади.
Қонун билан Ўзбекистон давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият идораларида меҳнат қилаётган 120 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти, уларнинг мақоми ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, давлат фуқаролик хизматига кириш ҳамда ушбу тизимда коррупция ва манфаатлар тўқнашувини олдини олишга оид муносабатлар тартибга солинган.
Реестрга киритилган давлат фуқаролик лавозимлари гуруҳ ва тоифаларга ажратилиб, давлат хизматчисига унинг лавозим гуруҳи ва тоифасидан келиб чиқиб, малака даражалари (чин) берилади.Қонунга мувофиқ, эндиликда махсус ваколатли орган (Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги — АРГОС) томонидан давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилади ҳамда реестрга киритилган лавозимларга давлат хизматчилари очиқ танлов асосида тайинланади.
Давлат хизматчисини муносиб рағбатлантирилиши ва хизмат поғонасида кўтарилиши масаласи ҳам қонун билан тартибга солинган.
Шунингдек, қонун билан давлат хизматчисига ўзининг даромади ва мол-мулки тўғрисида декларация топшириш мажбурияти юкланмоқда.
Коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди.
Бундан ташқари, қабул қилинган қонунда давлат фуқаролик хизматчисига қуйидагилар тақиқланмоқда:
- ўзаро яқин қариндошлик ёки қуда-андачиликда бўлган шахслар бевосита бўйсунув ва назорати остидаги давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш;
- педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланиш;
- тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ёки тадбиркорлик фаолияти ташкил этиб, унинг муассиси бўлиш;
- ўз мавқеидан фойдаланиб ёки ўз хизмат вазифасини бажариш эвазига жисмоний ва юридик шахслардан ҳар қандай турдаги мукофот ёки совға олиш;
- чет эл фуқаролигига эга бўлиш;
- республика ҳудудидан ташқарида банк ҳисобварақлари очиш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эгалик қилиш.
Изоҳ қолдириш