Бизнес муҳити индекси сўнгги икки йил ичида энг юқори кўрсаткичга етди – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сўрови

Бизнес муҳити индекси сўнгги икки йил ичида энг юқори кўрсаткичга етди – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сўрови

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази жорий йил июнь ойи учун республика бўйлаб тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровлар асосида бизнес муҳити таҳлили натижаларини эълон қилди. Таҳлил натижалари асосида бизнес муҳити индекси шакллантирилди, у бизнеснинг ҳозирги ҳолати ва яқин келажакдаги ривожланиши бўйича баҳоларни акс эттиради.

Бизнес муҳити индекси

Июнь ойида бизнес муҳити индекси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 бандга ошиб, 63 бандни ташкил этди. Бу эса узоқ муддатли истиқболда бизнес ишончининг мустаҳкамланаётганини кўрсатади. Шунингдек, ўтган ойга нисбатан ҳам 2 бандга ўсиш қайд этилди, бу эса жорий йил бошидан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Июнь ойида бизнес муҳити индексининг жорий ҳолати 47 бандни ташкил этди, бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 бандга ошганлигини кўрсатади.

Бизнеснинг жорий ҳолати индекси тадбиркорларнинг мамлакатдаги реал вазият ва бизнес юритиш шароитлари ҳақидаги тасаввурини акс эттиради. Унда савдо ҳажми, бандлик, талаб, ресурсларга етишимлилик ҳамда операцион муҳит барқарорлиги каби омиллар инобатга олинади.

Шу билан бирга, бизнеснинг истиқболдаги кутилмалар индекси 6 бандга ошиб, 80 бандни ташкил этди. Бу эса тадбиркорларнинг барқарорликка бўлган ишончини намоён этмоқда.

Натижаларга кўра, тадбиркорларнинг 38% сўнгги уч ойда ўз бизнеси ҳолатининг яхшиланганини маълум қилган, 38% талаб ўсганлигини қайд этган, 24% эса ишчилар сонининг кўпайганини билдирган. Шу билан бирга, сўровда иштирок этганлар тадбиркорларнинг 71% келгусида талаб ўсишини, 59% ишчилар сони кўпайишини, 21% эса нархлар ўсишини кутмоқда.

Сектор таҳлили

2025 йил июнь ойида саноатда бизнес муҳити индекси ижобий динамикани намоён этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 бандга яхшиланди ва 59 бандни ташкил этди. Шу билан бирга, истиқболдаги кутилмалар индекси 73 банддан 83 бандгача ўсди. Жорий ҳолат индекси 37 банд даражасида ўзгаришсиз қолди.

Сўров натижаларига кўра, саноатдаги тадбиркорларнинг 38% сўнгги уч ойда бизнеси яхшиланганини маълум қилган (2024 йил июнь ойида бу кўрсаткич 32%ни ташкил этган эди). Шунингдек, корхоналарнинг 79% келгусида бизнес ҳолати янада яхшиланишини кутмоқда, бу ўтган йилги 71%га нисбатан юқори кўрсаткичдир.

Қишлоқ хўжалигида бизнес муҳити ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 бандга яхшиланди ва 59 бандни ташкил этди. Шу билан бирга, жорий ҳолат индекси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 бандга (35 банддан 41 бандга) ошди, истиқболдаги кутилмалар индекси эса 3 бандга (80 банддан 83 бандга) ўсди.

Натижаларга кўра, қишлоқ хўжалигидаги тадбиркорларнинг 49% ўз фаолиятининг жорий ҳолатини “қониқарли” деб баҳолаган. Шу билан бирга, 22% сўнгги уч ойда ишчилар сони ўсганлигини, 79% эса келгусида бизнес ҳолати янада яхшиланишини қайд этди.

Хизматлар соҳасида бизнес муҳити индекси ўтган йилга нисбатан 17 бандга яхшиланди ва 68 бандни ташкил этди. Истиқболдаги кутилмалар индекси 11 бандга (68 банддан 79 бандгача) ошди, жорий ҳолат индекси эса 22 бандга (34 банддан 57 бандгача) ўсди.

Хизматлар соҳасидаги тадбиркорларнинг 47 % жорий ҳолатни «яхши» деб баҳолаган, 39 % сўнгги уч ойда бизнес шароитларининг яхшиланганини қайд этган, 71 % эса келгусида талаб ўсишини кутмоқда.

Қурилиш тармоғида бизнес муҳити индекси ўтган йилга нисбатан 4 бандга ўсиб, 61 бандни ташкил этди. Жорий ҳолат индекси 15 бандга ўсиб, 49 бандга етди. Шу билан бирга, истиқболдаги кутилмалар индекси 9 бандга камайиб, 73 бандни ташкил этди

Шу билан бирга, қурилишда сўнгги уч ойда бизнес ҳолати “яхшиланди” дея 36% респондент қайд этган, келгусида бизнес ҳолати ўзгармаслигини кутаётганлар 21% ташкил этган. Қурилиш тармоғи амалдаги ўзгаришларга мослашиб, барқарорликни намоён этмоқда.

***

Умуман олганда Ўзбекистонда бизнес муҳити ижобий динамикани намоён этмоқда, соҳаларнинг кўпчилигида бизнес фаоллиги барқарор ўсмоқда. Шу билан бирга, энг катта оптимизм саноат ва қишлоқ хўжалигида кузатилмоқда, хизматлар соҳаси эса ўртача ўсиш суръатини сақлаб турибди.

Ўзбекистон бизнес муҳити индекси Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан саноатнинг турли тармоқларидаги 1000 дан ортиқ корхоналарда ўтказилган сўровлар асосида ҳисоблаб чиқилади. Бизнес муҳитининг ўзгариши индекатори IFO институти (Германия) методологиясига асосланган. Сўровлар давомида корхона раҳбарлари ишлаб чиқариш динамикаси, талаб, нархлар ва бошқа кўрсаткичлар асосида тадбиркорлик фаолиятидаги жорий ва кутилаётган ўзгаришларни баҳолайдилар

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Банк-молия ва капитал бозорлари фаолиятини ўрганиш шўъбаси

тел.: (78) 150 02 02 (411)


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар